Россияда 2026–2030 йилларга мўлжалланган янги миграция сиёсати тасдиқланди
© Sputnik / Павел ЛисицынРабочие мигранты

© Sputnik / Павел Лисицын
Oбуна бўлиш
Фармон концепцияси нафақат сифатли кадрларни жалб этиш, балки хавфсизлик масалаларини ҳам ўз ичига олган.
ТОШКЕНТ, 16 окт — Sputnik. Россия президенти Владимир Путин 2026–2030 йилларга мўлжалланган Давлат миграция сиёсати концепциясини тасдиқлади.
Янги ҳужжат Россияга келаётган хорижий фуқаролар оқимини тартибга солиш, миллий хавфсизликни мустаҳкамлаш ва меҳнат бозоридаги эҳтиёжларни мувозанатлаштиришни мақсад қилган.
Асосий йўналишлар қуйидагилар:
Ишчи кучи оқимини бошқариш: Россия иқтисодиёти эҳтиёжларига мос малакали ишчиларни жалб қилиш механизмлари кучайтирилади;
Фуқаролик олишни соддалаштириш: айрим тоифалар учун фуқароликка қабул қилиш соддалаштирилади (жумладан, ҳарбий хизматда бўлганлар, Россияга хизмат кўрсатган шахслар ва уларнинг оила аъзолари);
Биометрик назорат кучайтирилади: Россияга кираётган хорижликлардан бармоқ излари, сурат ва тиббий маълумотлар олинади;
Россия маданияти ва қадриятларига ҳурмат: доимий яшашга келувчилардан рус тилини, тарихини ва қонунларни билиш талаб қилинади;
Ноқонуний миграцияга қарши кураш: ноқонуний меҳнат фаолияти, ҳужжатсиз яшаш ва бошқа қонунбузарликлар учун жазолар кучайтирилади;
Ахборот сиёсати: миграция жараёнлари ҳақида жамоатчиликка доимий ахборот бериш йўлга қўйилади.
Ҳужжат 2030 йилга қадар миграцияни тартибга солувчи асосий стратегик йўналиш бўлиб хизмат қилади ва ҳар йили президентга унинг ижроси юзасидан ҳисобот тақдим этилади.