Фавқулодда вазиятларга тайёргарлик бўйича янги тизим яратилади

© Пресс-служба президента Узбекистана
Oбуна бўлиш
Профилактик ишлар маҳаллаларда бўлади, соҳада рақамли инфратузилма яратилади.
ТОШКЕНТ, 9 окт – Sputnik. Ўзбекистонда фавқулодда вазиятларга тайёргарлик бўйича янги тизим яратилади. Президент Шавкат Мирзиёев фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш тизимини такомиллаштиришга оид тақдимотда тегишли топшириқ берди.

Президент Шавкат Мирзиёев ознакомился с презентацией по совершенствованию системы предупреждения и устранения чрезвычайных ситуаций.
© Пресс-служба президента Узбекистана
Маълум қилинишича, соҳада 30 тадан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилингани билан ҳалигача фавқулодда вазиятлар муҳофазаси бўйича комплекс дастур йўқ. Бундан 16 йил олдин қабул қилинган "Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида"ги қонун ҳам эскирган.
Шу боис фавқулодда вазиятларни олдиндан баҳолаб, тезкор ва проактив ишлайдиган тизим яратиш вазифаси қўйилган. Тақдимотда мутасаддилар шу борадаги таҳлил натижалари, мавжуд муаммолар ва таклифларини баён қилди.

Президент Шавкат Мирзиёев ознакомился с презентацией по совершенствованию системы предупреждения и устранения чрезвычайных ситуаций.
© Пресс-служба президента Узбекистана
Ҳозир фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича профилактика ишлари асосан давлат идораларида амалга оширилади. Лекин бундай ҳолатларнинг 70 фоиздан ортиғи аҳоли хонадонларида носоз, муддати ўтган газ ва электр жиҳозларидан фойдаланиш, хавфсизлик маданиятига риоя қилмаслик оқибатида юзага келмоқда.
Шунинг учун тизим ишини маҳаллаларда ташкил этиб, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, хавфсизлик маданиятини ошириш бўйича чора-тадбирлар билан ҳар бир маҳалла, ҳар бир кўча ва хонадонни қамраб олиши зарурлиги таъкидланди.
Йиғилишда соҳада рақамли технологиялар ва замонавий техник воситалардан фойдаланиш даражаси анча пастлиги, бу борадаги ишлар ханузгача замон талабларига мослаштирилмагани ҳам қайд этилди.
"Шу боис соҳада рақамли инфратузилма яратиш, фавқулодда вазият ҳақида хабар беришдан бошлаб, уни тўлиқ бартараф этишгача бўлган ҳамма жараёнларни рақамлаштириш, шунингдек, янги ишлаш механизмларини жорий этиш бўйича топшириқ берилди", — дейилади хабарда.
Фавқулодда вазиятларни тезкор бартараф қилиш учун замонавий техника ва жиҳозларни кўпайтириш, уларни Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Президент Шавкат Мирзиёев ознакомился с презентацией по совершенствованию системы предупреждения и устранения чрезвычайных ситуаций.
© Пресс-служба президента Узбекистана
Бундан ташқари, "яшил" технологиялар орқали юзага келиши мумкин бўлган янги турдаги техноген хавфларни баҳолаб, олдини олиш учун замонавий кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг узлуксиз тизимини яратиш долзарблиги қайд этилди.
Шу муносабат билан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида дуал таълимни йўлга қўйиш ва малака ошириш марказини ташкил этиш, профессионал қутқарувчиларни тайёрлаш, ўқитиш ва илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтириш топширилди.
