Президент БМТ Бош Ассамблеясининг сессиясида нутқ сўзлади

© Пресс-служба президента УзбекистанаВыступление Президента Республики Узбекистан Шавката Мирзиёева на 80-й сессии Генеральной Ассамблеи ООН
Выступление Президента Республики Узбекистан Шавката Мирзиёева на 80-й сессии Генеральной Ассамблеи ООН
 - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 24.09.2025
Oбуна бўлиш
Нью-Йоркда Шавкат Мирзиёев БМТ минбаридан барқарор ривожланиш, минтақавий ҳамкорлик ва глобал хавфсизлик масалаларида янги ташаббуслар билан чиқди.
ТОШКЕНТ, 24 сен — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 23 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳридаги БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессияси умумсиёсий мунозараларида нутқ сўзлади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Сессия раиси Анналена Бербок бошчилигида ўтказилаётган мунозараларнинг биринчи кунида БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ва кўп аъзо давлатлар раҳбарлари қатнашмоқда.
Президент ўз нутқида мазкур йиғилиш шиддат билан ўзгараётган мураккаб глобал вазиятда ўтаётгани, бу эса Ташкилот фаолияти ва унинг келажагига янгича ёндашувлар билан қарашга чорлаётганини қайд этди.
Шавкат Мирзиёев бош котиб энг оғир ва ўткир глобал масалаларни муроса билан ҳал этиш учун БМТни асосий платформа сифатида сақлаб қолишга қаратилган саъй-ҳаракатларини юксак баҳолади. “БМТ – 80” ташаббусларини тўлиқ қўллаб-қувватлади, Ўзбекистон Келажак учун пактга қатъий содиқлигини тасдиқлади.
Ўзбекистон етакчиси БМТ Хавфсизлик Кенгашини трансформация қилиш ва унинг таркибини кенгайтиришга чақирди.
Давлат раҳбари Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёнига батафсил тўхталди. Таъкидланганидек, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий Янги Ўзбекистонни барпо этиш сиёсати олиб борилмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда камбағаллик даражасини 35 фоиздан 6,6 фоизгача қисқартиришга эришилгани таъкидланди.
Мамлакатда мактабгача таълим қамрови 27 фоиздан 78 фоизга ошди, олий таълим билан қамров эса 9 фоиздан 42 фоизга етди.
Педагогларнинг ўзаро тажриба ва билим алмашиши учун ягона халқаро платформани яратиш мақсадида Ўзбекистонда Бутунжаҳон профессионал таълим саммитини ўтказиш таклиф этилди.
Мамлакат етакчиси БМТ бош қароргоҳида Ўзбекистон ташаббуси билан болалар саратони ва бошқа оғир касалликларга қарши курашга бағишланган юқори даражадаги тадбир ўтказилишини айтди.
Гендер сиёсатига тўхталиб, давлат раҳбари мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаёти ва тадбиркорлик соҳасида хотин-қизларнинг роли бундан буён ҳам мустаҳкамланишини таъкидлади. Шу маънода, минтақа миқёсида Осиё хотин-қизлар форумини доимий платформага айлантириб, мунтазам ўтказиб бориш муҳимлиги қайд этилди.
Мамлакатни барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга қатъий интилишини тасдиқлаб, президент Ўзбекистон 2030 йилга бориб “даромади ўртадан юқори” бўлган мамлакатлар қаторига киришни ўз олдига мақсад қилиб қўйганини таъкидлади.
Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатидаги устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди. Сўнгги йилларда Марказий Осиёда ўзаро савдо, инвестициялар ва транспорт ташувлари ҳажми беш баробаргача кўпайгани таъкидланди.
МО давлат раҳбарлари Маслаҳат учрашувлари минтақавий интеграцияни чуқурлаштириш йўлида самарали механизмга айланди.
Давлат раҳбари БМТ тузилмалари билан минтақада қатор янги лойиҳа ва дастурларни амалга оширишни, жумладан, ЭКОСОС ва ЮНКТАД шафелигида МО давлатларининг иқтисодий тараққиёти масалаларига бағишланган халқаро форум ўтказиш, ЮНИДО билан саноатда “яшил” технологиялар минтақавий хабини ташкил этиш, минтақада сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, “яшил” макон барпо этиш ҳамда демографик барқарорликка эришиш бўйича дастурларни қабул қилишни таклиф қилди.
Бундан ташқари, Бош Ассамблеянинг МО мамлакатларининг минтақавий шериклик ва иқтисодий интеграцияни чуқурлаштиришга қаратилган ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга доир резолюциясини қабул қилиш ташаббуси илгари сурилди.
Президент Афғонистондаги вазиятга тўхталди. Афғон халқининг тинч ва осуда ҳаётга бўлган интилишини қўллаб-қувватлаш учун халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга чақирди.
Ўзбекистон ушбу мамлакатда катта иқтисодий ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширмоқчи экани қайд этилди.
Президент Афғонистон орқали халқаро транспорт ва энергетика коридорларини ривожлантириш бўйича БМТнинг алоҳида резолюциясини қабул қилишни таклиф этди.
Ғазо сектори ҳақида гапирар экан, Мирзиёев ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва сиёсий музокараларни давом эттиришга чақирди.

"Биз БМТ резолюцияларига мувофиқ, “икки халқ учун – икки давлат” тамойилини амалга оширишнинг қатъий тарафдоримиз", – деди у юксак минбардан туриб.

Президент Украина муаммосини дипломатик йўллар билан ҳал этиш бўйича юқори даражадаги мулоқотлар бошланганини олқишлади.
Хавфсизлик мавзуси давомида давлат раҳбари МО да Глобал аксилтеррор стратегиясини бажариш бўйича самарали ишларни қайд этди. БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси билан ҳамкорликда тузилган Реабилитация ва қайта интеграция масалалари бўйича Минтақавий Кенгашни Халқаро компетенциялар марказига айлантириш таклиф этилди.
Президент Терроризмга қарши кураш бошқармасининг минтақавий офисини Ўзбекистонда очиш учун зарур шароит яратишга тайёрлигини билдирди.
Мамлакат етакчиси халқаро транзит коридорларининг хавфсизлигини таъминлаш ва самарали логистика занжирларини яратиш мақсадида “Барқарор ривожланиш мақсадлари учун ўзаро транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш” глобал механизмини жорий этишга чақирди.
Президент қайд этганидек, Орол денгизи қуришининг салбий оқибатлари жаҳон ҳамжамиятининг доимий диққат марказида бўлиши лозим.

"Биз Оролбўйи экотизимини қайта тиклаш бўйича ишларни изчил давом эттиряпмиз. Сўнгги йилларда денгизнинг қуриган тубида 2 миллион гектар майдонда шўрга чидамли чўл ўсимликлари экилди. 2030 йилгача ушбу ҳудуднинг 80 фоиз қисмида яшил қопламалар ҳосил қилинади", – деди давлат раҳбари.

Сув ресурсларининг тақчиллиги муаммосига тўхталар экан, президент Ўзбекистонда Сувни тежаш бўйича бутунжаҳон форумини ўтказиш режалаштирилганини таъкидлади. Мазкур анжуман якунлари бўйича Сув инқирозини барқарор тараққиёт учун жиддий таҳдид сифатида белгилаш ва бу борада глобал даражада инновация технологияларини жорий этиш учун алоҳида “йўл харитаси”ни қабул қилиш мўлжалланмоқда.
Президент иқлим миграцияси йўналишида аниқ халқаро механизмлар ва ҳуқуқий база ҳанузгача яратилмаганини қайд этди. Шу муносабат билан бу жиддий масалада кенг халқаро шериклик ва мувофиқлаштирилган сиёсат юритиш бўйича Глобал пакт қабул қилишга чақирди.
Президент томонидан соғлиқни сақлаш, таълим ва маданият соҳаларида сунъий интеллектнинг амалий ечимлари ва моделларини беғараз алмашишга қаратилган Халқаро ҳамкорлик механизмини яратиш таклиф этилди.
Давлат раҳбари “Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати”ни таъсис этиш ва унинг қароргоҳини Ўзбекистонда жойлаштириш таклифи илгари сурилди.
Президент таъкидлаганидек, яқин ойларда минтақа учун ноёб бўлган Ислом цивилизацияси маркази очилади. Мутафаккир алломалар Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридийнинг бой маънавий ва илмий меросининг алоҳида тақдимоти БМТ да ўтказилади.
Шавкат Мирзиёев сўзининг якунида Янги Ўзбекистон барча давлатлар билан ўзаро ҳамжиҳатлик, очиқ мулоқот ва яқин шериклик тарафдори экани, халқлар, маданиятлар ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, умумбашарий мақсадларни рўёбга чиқариш йўлида ўз ҳиссасини қўшишга доим тайёрлигини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 15.09.2025
2026 йил ёшларни замонавий касб-ҳунарга ўргатиш йили бўлади - президент
Янгиликлар лентаси
0