Тошкентда Россия таълими кўргазмаси қандай ўтди - видео
Oбуна бўлиш
Эксклюзив
Бу йил ярмаркада Россиянинг 22 та шаҳридан 40 та таълим муассасаси иштирок этди.
Пойтахтда "Россия таълими. Тошкент – 2025" халқаро кўргазма-ярмаркаси бўлиб ўтди. Уни Россия Федерацияси элчихонаси кўмагида Россотрудничествонинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ташкил этди. Ҳамкорлар қаторига Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Тошкентдаги МГИМО филиали, "Рособразование" нодавлат таълим муассасаси, “GENERAL LESSON” МЧЖ ва бошқалар кирди.
Кўргазма-ярмарка аллақачон анъанага айланган: уни мактаб ўқувчилари, уларнинг ўқитувчилари ва ота-оналари интизорлик билан кутмоқда. Бундан ташқари, бу тадбир икки мамлакат орасидаги муносабатларни мустаҳкамловчи кўприк вазифасини бажармоқда.
“Россия ва Ўзбекистон стратегик ҳамкорлардир, бу эса сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий алоқалар ва гуманитар соҳадаги ҳамкорликларни фаол ривожлантиришимизга ундайди. Бундай тадбирлар бир-биримизни яхшироқ тушунишимизга ва яқинлашишимизга ёрдам беради”, — деди Россотрудничество раҳбари ўринбосари Павел Шевцов.
Кўргазма-ярмаркада Россиянинг 22 та шаҳридан — Барнаул ва Великий Новгороддан тортиб Москва ва Санкт-Петербурггача бўлган 40 та таълим муассасаси ўз стендларини тақдим этди. Иштирокчилар сафида тўққизта миллий ва иккита федерал тадқиқот университети мавжуд. Шунингдек, ярмаркага биринчи марта учта олий ўқув юрти — академик М.Д. Миллионшчиков номидаги Грозний давлат нефть техника университети, Красноярск давлат аграр университети ҳамда Пермь миллий тадқиқот политехника университети ташриф буюрди.
Анзор Успанов, Грозний давлат нефть-техника университетининг хорижий талабаларни жалб этиш ва уларга ҳамроҳлик қилиш бўлими бошлиғи университетнинг Ўзбекистон билан кўп йиллик ва мустаҳкам алоқалари борлигини таъкидлади.
"Улуғ Ватан уруши пайтида Грозний давлат нефть техника университети Ўзбекистонга эвакуация қилинган ва бир йил давомида шу ерда фаолият юритган. Бундан ташқари, университетимизда хорижий талабаларнинг энг кўп қисми айнан Ўзбекистондан," — деди у.
Кўргазмага келган ёшлар орасида ўзининг таълим йўналишини аниқ белгилаб олган ва Россия ҳукумати квоталари асосида олий ўқув юртига киришни режалаштирганлар.
“Ярмаркага мени қизиқтирган олий таълим юртини танлаш учун келдим, чунки квотада биз айнан олтита олий ўқув юртини кўрсатишимиз керак “, — деди Тошкентдаги 210-умумтаълим мактаби ўқувчиси Егор Шибаев.
Кўргазма-ярмарка доирасида хорижий талабалар билан ишлайдиган GENERAL LESSON ва Farid Ziyo рекрутинг агентликлари иштирокида "Янги форматдаги ота-оналар йиғилиши" ўтказилди.
Бундан ташқари, Ziyo Forum майдонида Россия олий таълим юртлари ва Ўзбекистон миллий университети вакиллари томонидан маҳорат дарслари ўтказилди. Ўқувчилар кимёвий тажрибаларда қатнашдилар, транспортда учувчисиз аппаратлар ва сунъий интеллектни ўрганишди, стартапларни ишга туширишди ҳамда "Илмий казино"да ўйнашди.
“Бугун биз ўқувчиларга учувчисиз транспорт воситалари нима эканлиги, улар қандай ишлаши ва бизнинг кичик ўлчамли ғилдиракли автоном робот ишланмамиз ёрдамида улар учувчисиз аппаратларни яратишни қандай ўрганишлари мумкинлиги ҳақида маҳорат дарсларини ўтказдик. Бугун ўқувчилар билан танишдик, суҳбатлашдик. Улар саволларга тўғри жавоб бергани ва тўғри йўналишда фикр юритаётгани жуда ажойиб”, — деди Буюк Пётр номидаги Санкт-Петербург политехника университетининг катта ўқитувчиси Георгий Василянов.
Кўргазма-ярмарка мактаб ўқувчилари ва абитуриентлар учун байрамга айланди, Россия илм-фанининг оммалаштиришга ҳамда ёшларда илмий дунёқарашни шакллантиришга ўз ҳиссасини қўшди.