Биринчи сентябрдан нималар ўзгаради
© СС0 / Unsplash / Waldemar BrandtКалендарь на апрель

Oбуна бўлиш
Мактаб ва боғча директорларининг маоши ошади, қимматбахо тошларга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берганлар рағбатлантирилади – батафсил мақолада.
ТОШКЕНТ, 31 авг – Sputnik. Ўзбекистон қонунчилигида 2025 йил 1 сентябрдан қатор ўзгариш ва янгиликлар кучга киради.
Айрим тадбиркорлар ихтиёрий тугатилганида солиқ текшируви ўтказилмайди
Қуйидаги мезонларга бир вақтнинг ўзида жавоб берувчи кичик ва ўрта бизнес субъектлари фаолиятини ихтиёрий равишда тугатишда солиқ текшируви ўтказилмайди:
охирги 3 йилда товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган жами даромади 10 млрд сўмдан ошмаган;
бюджет ва кредиторлар олдида қарздорлиги мавжуд бўлмаган ҳамда мунтазам солиқ ҳисоботларини тақдим этаётган;
"Хавфни таҳлил қилиш" электрон тизимида ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи паст даражада таснифланган.
Қимматбахо тошларга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берганлар рағбатлантирилади
Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисидаги қонунчиликка оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида "Soliq" мобил иловаси орқали хабар берган шахсларга ундирилган жарима миқдорининг 50 фоизи миқдорида мукофот тўланади.
Давлат хизматчиси иловаси ишга туширилади
Давлат хизматчиларининг ўз кўникмаларини доимий ривожлантириб бориши ҳамда улар ўртасида ўзаро мулоқотни кучайтириш бўйича “Давлат хизматчиси” мобил иловаси ишга туширилади.
Илова орқали давлат хизматчилари томонидан давлат органи иш фаолиятини такомиллаштириш юзасидан ташаббуслар берилиши ҳамда раҳбар томонидан уларга муносабат билдирилиши йўлга қўйилади.
Фармацевтика фаолияти учун лицензия беришда қўшимча шартлар жорий этилади
Фармацевтика фаолияти ҳамда дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш фаолияти бўйича янгидан ташкил этилган субъектларга лицензия беришда қуйидаги қўшимча шартлар киритилади:
фаолиятини амалга ошириш учун кўчмас мулк бўйича ижара ёки текин фойдаланиш шартномаси солиқ органларида ҳисобга қўйилганлиги;
дори воситаларини реализация қилишда харидорлардан тўловларни қабул қилиш бўйича электрон тўлов воситаларидан фойдаланиш имконияти яратилганлиги.
Иш берувчилар учун белгиланган айрим талаблар бекор қилинади
Иш берувчилар учун белгиланган қуйидаги талаблар бекор қилинади:
бўш иш ўринларига бандлик органлари томонидан юбориладиган шахсларни ишга қабул қилмаганлик учун маъмурий жавобгарлик;
бўш иш ўринлари мавжудлиги тўғрисидаги ҳисоботларни мажбурий тақдим этиш.
Мактабларнинг узайтирилган кун гуруҳларига қатнайдиган айрим болалар тўловдан озод қилинади
Умумий ўрта таълим муассасасининг узайтирилган кун гуруҳларига қатнайдиган болалар умумий сонининг 15 фоизи миқдорида камбағал оилалар фарзандлари учун алоҳида квота ажратилади ва улар ота-оналар тўловидан озод этилади.
Соддалаштирилган тартибда иш юритишда даъво баҳоси оширилади
Даъво аризаси бўйича ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш учун даъвонинг максимал баҳоси қуйидаги миқдорларда оширилади:
юридик шахслар учун БҲМнинг 150 бараваригача;
ЯТТлар учун БҲМнинг 100 бараваригача,
жисмоний шахслар учун БҲМнинг 50 бараваригача.
Айрим ҳудудларда “Радар” белгиси мажбурий ўрнатилади
Ҳаракат тезлигини назорат қилишга мўлжалланган ҳар қандай турдаги стационар ва мобиль радарлар жойлашган ҳудудда ва унгача камида 250 метрдан кам ҳамда 500 метрдан кўп бўлмаган ҳудудда “Радар” йўл белгисининг ўрнатилиши мажбурий ҳисобланади.
Мактаб ва боғча директорларининг маоши ошади
Базавий тариф ставкалари қуйидагича оширилади:
мактаб директорлари – 20 фоизга;
директор ўринбосарлари – 15 фоизга;
I ва II гуруҳга кирувчи МТТ директорлари ставкалари III ва IV гуруҳдаги мактаб директори ўринбосарлари ставкаларига тенглаштирилади.
ППХ юридик шахсларга пулли хизмат кўрсатади
Юридик шахслар савдо марказлари, тўйхоналар ва бошқа йирик жойлар хавфсизлик учун патрул-пост хизмати ходимларини шартнома асосида жалб қилиши мумкин бўлади.
Мурожаатлар ЯИДХП ёки Давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилинади, аризалар 10 иш кунида кўриб чиқилади. Нархлар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.
Қурилиш объекларининг QR-кодли паспорти жорий этилади
Бу билан шаҳарсозлик субектлари, қурилиш муддатлари, шаҳарсозлик ҳужжатлари ва тасдиқланган экспертиза хулосалари ҳақидаги маълумотларни олиш имконияти яратилади.
Миллий туризм ягона платформаси ишга туширилмоқда
У қуйидагиларни амалга ошириш имконини беради:
меҳмонхоналар, экскурсиялар ва транспортни банд қилиш;
чипталарни харид қилиш (авиа, темир йўл, автобус);
миллий ва халқаро тўлов тизимлари орқали хизматлар учун тўловни амалга ошириш ва бошқалар