ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилганлар учун махсус ҳуқуқий режим жорий этилди – тафсилотлар
14:37 14.08.2025 (янгиланди: 15:07 14.08.2025)
© Getty Images / ismagilovДевушка работает за компьютером

© Getty Images / ismagilov
Oбуна бўлиш
Йиллик айланмаси 1 мрлд сўмгача бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланади.
ТОШКЕНТ, 14 авг – Sputnik. Ўзбекистонда 2030 йилнинг 31 декабрига қадар якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахсларга тўлов ташкилотларининг рақамли платформалари орқали давлат ва молиявий хизматларни онлайн тарзда кўрсатиш бўйича махсус ҳуқуқий режим жорий этилади. Бу президент 12 августкуни имзолаган қарорда назарда тутилган.
2026 йил 1 январдан бошлаб қуйидагилар бекор қилинади:
якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган миқдорда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаш тартиби;
солиқ даврида товарларни (хизматларни) реализация қилишдан даромади юз миллион сўмдан ошмаган ўзини ўзи банд қилган шахсларни айланмадан олинадиган солиқ тўлашдан озод қилиш тартиби.
Йиллик айланмаси 1 миллиард сўмгача бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланади.
Қуйидагилар ушбу қарорнинг асосий мақсад ва устувор вазифалари этиб белгиланди, жумладан:
якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг ихтиёрий равишда расмий секторда ишлашини рағбатлантирувчи рақобатбардош ва шаффоф тадбиркорлик муҳитини шакллантириш;
маъмурий тартиб-таомилларнинг такрорланувчи ва ортиқча талабларини бекор қилиш;
давлат рўйхатидан ўтказишдан тортиб ҳисоботни топширишгача бўлган барча асосий хизматларни бирлаштирувчи интеграциялашган рақамли платформалар яратиш;
нақдсиз тўловларни қабул қилиш учун қулай ва самарали механизмларни жорий этиш.
Солиқ қўмитаси ва Иқтисодиёт вазирлиги уч ой муддатда айланма солиғи бўйича ҳисоботнинг соддалаштирилган шаклини тасдиқлаши ва маълумотларни рақамли платформалар орқали солиқ органларига автоматик тарзда ўтказиш ахборот тизимлари интеграциясини таъминлаши керак.
2025 йил 31 декабрга қадар Адлия вазирлиги ва Солиқ қўмитаси якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар реестрларини рақамли платформалар билан бирлаштириши ва уларни масофадан туриб рўйхатдан ўтказиш имкониятини яратиши лозим.