Энди Халқ қабулхоналаридаги мурожаатлар бошқа идорага юборилмасдан ҳал этилади

© iStock / ridvan_celikМужчина просматривает документы. Архивное фото
Мужчина просматривает документы. Архивное фото - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 16.06.2025
Oбуна бўлиш
Халқ қабулхоналарига вилоят ва туман ҳокимининг ўзи раҳбарлик қилиши белгиланди.
TOШКЕНТ, 16 июн — Sputnik. “Халқ назорати” электрон портали бутун республикада ишга туширилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган йиғилишда маълум қилинди, деб ёзмоқда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов ўзининг Telegram-каналида.
Айтилишича, Ҳисоб палатасига бир ой ичида Тошкентда ўзини оқлаган “Халқ назорати” электрон порталини бутун республикада ишга тушириш топширилди. Ушбу портал орқали аҳоли қурилиш, ободонлаштириш ва инфратузилма муаммоларини суратга олиб ва аниқ манзилини кўрсатган ҳолда мобил илова орқали юборади.
Масаланинг ечими ҳам фотосурат билан тасдиқланади. Уларнинг қанчалик тез ва сифатли ҳал этилишига қараб, ҳокимлар фаолияти кунлик баҳолаб борилади. Бу тизим мурожаатларнинг ягона платформаси бўлади ва унга барча вазирлик, идора, ҳокимликлар уланади.
“Халқ қабулхоналари тизими ҳам аҳоли дардини эшитиб, масалаларни ҳал қилиш ўрнига мурожаатларни давлат ташкилотларига тақсимловчи “диспетчер”га айланиб қолди”, — деди давлат раҳбари.
Қайд этилишича, ўтган йили виртуал қабулхона ва халқ қабулхоналарига юборилган мурожаатларнинг 55 фоизи ижобий ҳал этилмаган.
Мурожаатлар ҳал бўлмагани учун, ижтимоий тармоқлар орқали чиқишлар кўпайган. Ижтимоий тармоқлардаги энг кўп мурожаатлар ҳуқуқ-тартибот идоралари ва суд, ҳокимликлар, таълим, экология соҳаларига тўғри келади. Мингтага яқин мурожаатларда президентнинг шахсий қабули сўралган.
“Айниқса, Тошкент шаҳри ва Бухорода мансабдор шахслар устидан шикоятлар кўпайганини ҳокимлар қачон таҳлил қилган? Вазирлар ва ҳокимлар мурожаатларга ечим бермаса, одамлар додини кимга айтсин? Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, унинг дарди ва умиди турганини унутмаслигимиз керак!” — деди президент.
Тизимдаги камчиликлар ҳисобга олиниб, Халқ қабулхоналарининг барча ходимлари бугундан бошлаб ишдан бўшатилиши ва масалани ҳал қила оладиган фидойи кадрлар билан тўлдирилиши қайд этилди.
Эндиликда Халқ қабулхоналарига вилоят ва туман ҳокимининг ўзи раҳбарлик қилиши белгиланди. Ҳокимлар ҳар куни ишини шу ерда аҳоли дарди ва ташвишини эшитишдан бошлайди.
“Ҳокимлар бир нарсани тушуниб олсин, бугун туғилган муаммони кейинги кунга ўтказишга йўл қўйилмайди. Мурожаатни бошқа идорага юбормасдан шу ернинг ўзида ҳал қилади”, — деди президент.
Бунинг учун туман ҳокимининг ваколатлари кенгайтирилади. Масалаларни ҳал қилиш учун қўшимча ресурс ҳам берилади.
Шавкат Мирзиёев  - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 16.06.2025
Мирзиёев: яна бир можаролар ўчоғи авж олгани минтақамизга ҳам таъсир кўрсатмай қолмайди
Янгиликлар лентаси
0