Путин Трамп билан телефон орқали мулоқот қилди — суҳбатда кўтарилган масалалар
© Sputnik / Сергей Гунеев / Медиабанкка ўтишВстреча президента России Владимира Путина и президента США Дональда Трампа

© Sputnik / Сергей Гунеев
/ Oбуна бўлиш
Юрий Ушаков: суҳбат тахминан бир соат, аниқроғи, 50 дақиқа давом этди.
ТОШКЕНТ, 15 июн — Sputnik. Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков Владимир Путиннинг АҚШ президенти Дональд Трамп билан телефон суҳбати якунлари бўйича изоҳ берди. Суҳбат матни Кремль сайтида элон қилинди.
Айтилишича, суҳбат тахминан бир соат, аниқроғи, 50 дақиқа давом этди. Мазмунли, самимий ва энг муҳими, жуда фойдали бўлди, дейди Ушаков.
“Фикр алмашув марказида, табиийки, Яқин Шарқдаги вазиятнинг хавфли кескинлашуви турарди. Владимир Путин Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий операциясини қоралаб, Яқин Шарқ минтақасидаги бутун вазият учун олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келадиган можаронинг эҳтимолий кучайишидан жиддий хавотир билдирди”, — дейилади хабарда.
Президент АҚШ етакчисига кеча Исроил бош вазири ва Эрон президенти билан телефон орқали мулоқотлар бўлиб ўтгани ҳақида маълумот берди. Можаронинг авж олишига йўл қўймаслик муҳимлиги ва Россия томони эҳтимолий воситачилик ҳаракатларини амалга оширишга тайёрлиги таъкидланди.
Россия президенти АҚШ ва Эрон вакиллари ўртасида Эрон ядровий дастури бўйича ўтказилган музокаралар чоғида ўзаро мақбул келишувларга эришишга қаратилган аниқ қадамлар илгари сурилгани, Исроил эса 15 июнга белгиланган навбатдаги музокаралар раунди арафасида зарбалар берганини эслатди.
“Россиянинг принципиал ёндашуви ва келишувдан манфаатдорлиги ўзгаришсиз қолмоқда. В.Путин таъкидлаганидек, биз бундан буён ҳам шундан келиб чиқиб иш тутамиз”, — дея қайд этди Ушаков.
Дональд Трамп ҳам, ўз навбатида, Исроилнинг Эрон ҳудудидаги объектларга берган зарбалари самарадорлигини тан олган ҳолда, вазиятни жуда хавотирли деб баҳолади.
“Аммо шуниси характерлики, Россия ва Америка президентлари, бундай мураккаб вазиятга қарамай, Эрон ядро дастури бўйича музокаралар йўлига қайтишни истисно қилишгани йўқ. Дарвоқе, Д.Трамп таъкидлаганидек, америкалик музокарачилар жамоаси Эрон вакиллари билан ҳамкорликни қайта тиклашга тайёр”, — дея аниқлик киритди у.
Маълумки, бундай билвосита музокараларнинг беш раунди Уммон воситачилигида бўлиб ўтди. Бундан ташқари, суҳбат чоғида Владимир Путин Дональд Трампга Россия ва Украина делегацияларининг 2 июнь куни Истанбулда бўлиб ўтган учрашувида эришилган келишувларнинг амалга оширилиши тўғрисида маълумот берди.
Президент айни кунларда ҳарбий асирлар, жумладан, оғир ярадорлар ва 25 ёшгача бўлган ҳарбий асирлар алмашинуви амалга оширилаётганини таъкидлади. Украина ҳалок бўлганларнинг икки партиясини ҳам қабул қилди. Россия томони украиналиклар билан музокараларни келишилганидек 22 июндан кейин давом эттиришга тайёрлигини билдирди.
Трамп ушбу маълумотни инобатга олди ва Россия-Украина можаросининг тезроқ тугашидан манфаатдорлигини яна бир бор таъкидлади.
Икки томонлама ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан, улар қанчалик мураккаб бўлмасин, очиқ ва амалий мулоқот қилиш, уларга ечим излаш имконини берадиган шахсий муносабатлар қарор топгани мамнуният билан қайд этилди.
“Дарвоқе, В.Путин бугун Қўшма Штатларда Америка байроғи куни ва қуруқликдаги қўшинларнинг 250 йиллиги нишонланаётганига эътибор қаратди. Аввалги суҳбатда бўлгани каби, иккала президент ҳам Иккинчи жаҳон уруши давридаги қурол биродарлигини таъкидлади”, — дея қўшимча қилди Ушаков.
Шунингдек, Владимир Путин Дональд Трампни туғилган куни билан табриклади - АҚШ президенти бугун 79 ёшга тўлди.