Энди Ўзбекистондаги шифокорлар янги тизим асосида маош олади
© Пресс-служба президента УзбекистанаСемейная поликлиника №22 Учтепинского района

Oбуна бўлиш
Энди аҳоли ўзининг оилавий шифокорини ўзи танлайди.
TOШКЕНТ, 22 май — Sputnik. Ўзбекистонда шу йилдан тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг янги тизими йўлга қўйилади. Бу ҳақда президент имзолаган тегишли фармонда назарда тутилган.
Ўзбекистон президенти “Республикада соғлиқни сақлаш тизимини ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тамойилларини такомиллаштириш орқали соҳани ислоҳ қилишни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Ҳужжатга кўра, тажриба-синов лойиҳаси доирасида бир қатор ишлар амалга оширилади. Ҳусусан, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари тиббиёт ходимлари базавий тариф ставкаларига қўшимча устамалар тўланади.
Қуйидаги миқдорда:
сайёр тиббий хизмат кўрсатувчи тиббиёт ходимларига ойлик лавозим маоши ёки базавий тариф ставкасининг 50 фоизи миқдорида;
тиббиёт бригадасига белгиланган меъёрлардан 10 фоиз ортиқча қўшимча бириктирилган аҳолининг ҳар бири учун меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 0,3 фоизи миқдорида – шаҳарларда, 0,5 фоизи миқдорида – туманларда;
оила саломатлиги бўйича махсус ўқув дастури асосида ташкил этиладиган курсларнинг барча босқичларини муваффақиятли тугатган тиббиёт ходимлари учун сертификатга мувофиқ базавий тариф ставкасининг 100 фоизи миқдорида.
“Туман (шаҳар) марказий шифохоналарида шифокорларнинг ойлик лавозим маошлари – 20 фоиз, ўрта тиббиёт ходимларининг ойлик лавозим маошлари – 10 фоиз миқдорида оширилади”, — дейилган ҳужжат матнида.
Оилавий поликлиникалар ва туман (шаҳар) марказий шифохоналарининг тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун фаолият самарадорлиги кўрсаткичлари (KPI) асосида ойлик лавозим маошининг 100 фоизигача миқдорда устама жорий этилади.
Фармонга кўра, бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизимида қуйидагилар йўлга қўйилади:
оилавий поликлиникалар, оилавий шифокор пунктлари, шу жумладан, уларга филиал сифатида бириктирилган муассасалар ҳамда маҳалла тиббиёт пунктлари бириктирилган аҳоли сонидан келиб чиқиб, юридик мақомга эга оилавий поликлиникаларга ҳамда уларнинг филиалларига айлантирилади;
оилавий поликлиникаларда аҳолига тиббий ёрдам кўрсатувчи оилавий шифокор, педиатр, акушер-гинеколог ва ташхислаш хизматларини кўрсатувчи мутахассислар, шунингдек, аутсорсинг асосида стоматология хизмати йўлга қўйилади;
аҳолига оилавий шифокорни эркин танлаш ҳуқуқи берилади.
Шунингдек, тиббиёт бригадасига 3 минг нафар, зарур ҳолларда, белгиланган меъёрларга қўшимча аҳоли бириктирилиши мумкин. Бунда 2030 йилга қадар 1 тиббиёт бригадасига кўпи билан 1,7 минг нафар аҳоли бириктирилиши стратегик мақсад этиб белгиланади.
“Оилавий поликлиникаларда тиббиёт ходимлари фақат тўлиқ ставкада фаолият юритади”, — дейилади ҳужжат матнида.
Оилавий поликлиникадан 10 километрдан узоқ масофада жойлашган маҳаллада яшовчи аҳоли учун тиббиёт ходимларининг сайёр тиббий хизмати йўлга қўйилади.
Шунингдек, ҳужжатга кўра, соғлиқни сақлаш бўлимлари ва тиббиёт муассасаларида раҳбарлар учун тиббиётни бошқариш (менежерлик) бўйича ўқув дастури йўлга қўйилади.
Ўқув дастури якуни бўйича сертификатга эга бўлган раҳбарларга ойлик лавозим маошининг 100 фоизи, раҳбар ўринбосарига – 80 фоизи ҳамда бош ҳамширага – 50 фоизи миқдорида устама тўланади.
раҳбар ходимлар учун фаолият самарадорлиги кўрсаткичлари (KPI) белгиланади ҳамда ойлик лавозим маошининг 100 фоизигача миқдорда устама жорий этилади;
1 йил давомида фаолият самарадорлиги кўрсаткичларида (KPI) ижобий (56 фоиздан юқори) натижаларга эришмаган раҳбар ходимлар лавозимидан озод қилинади.
Ҳудудий даражадаги тиббиёт муассасалари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган рўйхатга мувофиқ ташкилий, бошқарув ва молиявий жиҳатдан бирлаштирилиб кўп тармоқли шифохоналарга айлантирилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев иштирокидаги йиғилишда оилавий шифокорлар 1,5 минг доллар, ҳамширалар эса 600-800 доллар эквивалентида ойлик оладиган тизим қилиниши маълум қилинган эди. Шунингдек, “Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар” дастури бошланиши эълон қилинган.