Ҳиндистон ва Покистон ўт очишни тўхтатишга келишиб олди — Трамп

© AP Photo / Ben CurtisПрезидент Дональд Трамп
Президент Дональд Трамп  - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 10.05.2025
Oбуна бўлиш
Ҳиндистон ва Покистон ўт очишни тўхтатишга рози бўлганини эълон қилаётганимдан мамнунман, деб ёзди Америка раҳбари.
TOШКЕНТ, 10 май — Sputnik. Ҳиндистон ва Покистон расмийлари Вашингтон билан музокаралардан сўнг ўт очишни тўхтатишга келишиб олди, деди Оқ уй раҳбари Дональд Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида.
“АҚШ воситачи бўлган узоқ тунги музокаралардан сўнг Ҳиндистон ва Покистон тўлиқ ва зудлик билан ўт очишни тўхтатишга рози бўлганини эълон қилаётганимдан мамнунман”, — деб ёзади Америка раҳбари.
Покистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Исҳоқ Дар томонлар зудлик билан ўт очишни тўхтатишга келишиб олганини тасдиқлади. Ҳиндистон ташқи ишлар вазирлигининг аниқлик киритишича, у шанба куни соат 17:00 да (Тошкент вақти билан 16:30) бошланган.
Ўз навбатида, АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Исломобод ва Нью-Деҳли бетараф ҳудудда кенг кўламли масалалар бўйича музокараларни бошлашга келишиб олганини айтди.

Можаронинг кучайиши

22 апрель куни Ҳиндистоннинг Жамму ва Кашмир ҳудудидаги Паҳалгам шаҳри яқинида содир этилган террорчилар ҳужумидан сўнг икки давлат ўртасидаги зиддият кучайди. Теракт оқибатида 25 ҳиндистонлик ва бир Непал фуқароси ҳалок бўлди. Нью-Деҳли ҳужумга Покистоннинг идоралараро разведкаси алоқадорлиги ҳақида далиллар борлигини айтди.
7 майга ўтар кечаси Ҳиндистон Мудофаа вазирлиги Паҳалгамдаги терактга жавобан Покистон ҳудудидаги “террорчилик инфратузилмаси”га зарба бериб, “Синдур” операциясини ўтказганини маълум қилди. Идоранинг аниқлик киритишича, операция давомида қўшни давлатнинг бирорта ҳам ҳарбий объектига ҳужум қилинмаган.
Покистон расмийлари, ўз навбатида, Ҳиндистон бешта аҳоли пунктига ҳужум қилгани, натижада камида 31 киши ҳалок бўлгани ва 57 киши яраланганини даъво қилди.
Шанба куни Geo телеканали Исломобод Нью-Деҳлига қарши кенг кўламли ҳарбий операция бошлагани ҳақида хабар берди. Кўп ўтмай, Ҳиндистон Қуролли кучлари дронлар, узоқ масофага учувчи қуроллар, ўқ-дорилар ва қирувчилар ёрдамида ҳужумни қайтарганликлари, шунингдек, Покистондаги террорчиларни тайёрлаш жойларига зарбалар берганликлари ҳақида хабар беришди.
Флаг Узбекистана - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 08.05.2025
Ўзбекистон Ҳиндистон ва Покистонни дипломатик мулоқотга аҳамият беришга чақирди
Янгиликлар лентаси
0