Ички бозорда рақобат муҳити ривожлантирилади: тадбиркорларни қандай енгилликлар кутмоқда?
© iStock / champpixsМужчина работает за ноутбуком с использованием искусственного интеллекта

© iStock / champpixs
Oбуна бўлиш
Айрим тадбиркорларга солиқ маъмурчилигида енгилликлар берилади.
ТОШКЕНТ, 21 апр — Sputnik. Ички бозорда рақобат муҳити ривожлантирилади. Бу ҳақда президент томонидан имзоланган тегишли фармонда назарда тутилган.
Президент “Ишлаб чиқариш, экспорт ва тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш, савдо ва саноат сиёсати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Ҳужжатга кўра, ички бозорда рақобат муҳитини ривожлантириш соҳасида қуйидагилар белгиланди:
олиб кирилаётган товарларнинг божхона қийматини аниқлаш тартиби 1994 йилдаги Тарифлар ва савдо бўйича Генерал келишув (GATT) ва 1994 йилдаги мазкур келишувнинг VII-моддасини қўллаш тўғрисидаги Келишувда белгиланган умумий тамойил ва қоидаларга тўлиқ мувофиқ келтирилади;
товарларнинг божхона қийматини аниқлашда имтиёзлар ёки махсус божхона расмийлаштируви тартиблари, жумладан, муайян аниқлаш усулларини қўллашга йўл қўйилмайди.
Шунингдек, хавф даражаси юқори бўлган маҳсулотларни мажбурий давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби бекор қилиниб, уларга мувофиқлик тўғрисидаги декларация расмийлаштириш тартиби жорий этилади.
Шу йилнинг 1 майдан бошлаб мувофиқлик декларациясини сертификатлаштириш органларида рўйхатдан ўтказиш тартиби бекор қилинади ҳамда уларни шакллантириш ва ҳисобга олиш Техник тартибга солиш ахборот тизими (ТРИС) орқали амалга оширилади.
Айрим тартиб-таомилларга мажбурий амал қилиш 2025 йил якунигача талаб қилинмайди
Фармонга кўра, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги назорати бўйича ваколатли орган вазифалари Cанитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан амалга оширилади.
Бунда 1 августдан озиқ-овқат маҳсулотлари учун техник регламентлар ва стандартлар мажбурийлиги бекор қилинади ҳамда Қўмита томонидан ишлаб чиқилган санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари дахлдор вазирлик ва идоралар билан келишилгандан сўнг тўғридан-тўғри амал қилади.
Санитар, фитосанитар ва ветеринария назорати соҳасидаги қуйидаги тартиб-таомилларга мажбурий амал қилиш 2025 йил якунигача талаб қилинмайди, жумладан:
маҳаллий ва импорт озиқ-овқат маҳсулотлари учун санитария ва эпидемиология хизматларининг лабораториялари натижаларига асосан санитария-эпидемиологик хулоса олиш орқали сертификатлаш;
барча турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, шу жумладан, болалар овқатлари, терапевтик ва профилактик овқатланиш учун парҳез озиқ-овқат маҳсулотлари, озиқ-овқат қўшимчалари, биологик фаол озиқ-овқат қўшимчалари ва янги рецептлар ёки янги технология асосида яратилган озиқ-овқат маҳсулотлари учун барча техник ҳужжатларни Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишиш ва тасдиқлаш;
ўсимлик маҳсулотлари, мато, ипак, чарм, ўйинчоқлар, спорт инвентари ва бошқалар учун ветеринария сертификатини олиш.
Айрим тадбиркорларга солиқ маъмурчилигида енгилликлар берилади
Фармонга кўра, 2025 йил 1 октябрдан Ўзбекистон ҳудудига олиб кириладиган хушбўйлаштирувчи ёки ранг берувчи қўшимчаларсиз оқ шакарга нисбатан акциз солиғи бекор қилинади.
“20 ва ундан ортиқ ишчиси мавжуд бўлган юридик шахсларга мол-мулк ва ер солиқлари ҳамда ижара тўловлари бўйича ҳисобланган солиқ суммаларини 2025 йил 15 июлда ва 1 декабрда бўлиб-бўлиб тўланишига рухсат берилади”, — дейилган ҳужжат матнида.
Шунингдек, умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорларга тўланган ҚҚСнинг бир қисмини қайтаришда ушбу фаолиятдан олинган даромад товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган жами даромаднинг камида 80 фоизини ташкил этиши зарурлиги белгиланди.
Бундан ташқари, саноат корхоналарининг автоматик мониторинг станцияси, чанг-газ тозалаш ускунаси, локал сув тозалаш иншооти ва стационар кузатув пости билан жиҳозлаш мажбурияти муддати қуйидагича узайтирилди:
I тоифадаги корхоналар учун – 2026 йил 1 январгача;
II тоифадаги корхоналар учун – 2026 йил 1 июлгача.
2025 йил 1 июндан хорижий давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга 250 минг доллар ҳамда уларнинг ҳар бир оила аъзосига (турмуш ўртоғи, фарзанди ва ота-онаси) 150 минг доллар миқдоридаги тўловлар эвазига Ўзбекистонда яшаш гувоҳномаси 5 йил муддатга соддалаштирилган тартибда берилади.