Энди тадбиркорлар 5 йил фойдаланган давлат мулкини сотиб олиши мумкин бўлади
© iStock / ktasimarrДеловые люди. Архивное фото

© iStock / ktasimarr
Oбуна бўлиш
Шавкат Мирзиёев давлат мулкини хусусийлаштириш бўйича йиғилиш ўтказди.
ТОШКЕНТ, 27 мар — Sputnik. Ўзбекистонда энди тадбиркорлар камида беш йил ижарада фойдаланган давлат мулкини тўғридан-тўғри ўзи сотиб олиши мумкин бўлади, дея хабар берди президент матбуот хизмати.
Президент Шавкат Мирзиёев давлат мулкини хусусийлаштириш бўйича жорий йилги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан кенгайтирилган йиғилиш ўтказди.
Маълум қилинишича, 2021-2024 йилларда 47 триллион сўмлик давлат активлари сотилган. Бу – олдинги ўн йилликдаги кўрсаткичдан 30 карра кўп.
“Булар ҳисобига давлат иштирокидаги корхоналар сони 2 карра қисқарди, иқтисодиётда давлат улуши 13 фоизга камайди. Хусусийлашган мулк самарадорлиги ҳам бир неча баробар ошди. Олдинлари, асосан, кичик корхона ва объектлар сотилган бўлса, эндиликда йирик давлат активлари ҳам сотувга чиқарилмоқда. Жумладан, Қўнғирот сода заводи, “Фотон”, “Темирйўлконтейнер” каби йирик корхоналар, “International” ва “Lotte” меҳмонхоналари хусусийлаштирилди. Ўтган йили ноябрда илк бор “халқ IPO”си бўйича Товар-хомашё биржасининг 3 миллиондан ортиқ акцияси аҳолига сотилди, 11 минг одам акциядорга айланди”, — дейилган хабарда.
Тизимдаги камчиликлар:
ҳудуднинг ихтисослашуви, коммуникация ўтказиш имконияти ўрганилмасдан аукционга чиқарилган 1,5 минг гектар ер 1 йилдан ортиқ сотилмаган;
4 мингта ер участкасини аукционга чиқаришда келишиш жараёнлари кечиккан;
вазирлар ва ҳокимлар ўтган йили сотилиши керак бўлган 243 та мулкни Давлат активлари агентлигига ўтказиб бермаган;
“Автосаноат”, “Кимёсаноат”, “Металлургия комбинати”, “Ўзбекнефтгаз” каби 22 та корхона ҳалигача халқаро молиявий ҳисобот юритишга ўтмаган;
“Ўзбекистон почтаси”, “Uzbekistan Airports”, “Ўзбекистон темир йўллари” ҳалигача кредит рейтинги олмаган.
Хусусийлаштириш соҳасидаги 2025 йилги мақсадлар белгилаб олинди.
30 триллион сўмлик давлат мулкини сотиб, бюджетга камида 10 триллион сўм тушумни таъминлаш;
116 та корхонадаги давлат улушини ва 581 та кўчмас мулк объектини сотувга чиқариш;
6,1 минг гектар ерни аукционга қўйиб, сотиш ҳажмини 6 триллион сўмга етказиш;
камида 300 та кон ва майдонни ташаббускорларга таклиф этиб, 500 миллиард сўм тушум тушириш.
“Буларнинг натижасида иқтисодиётга қўшимча инвестициялар кириб келиб, тадбиркорликка имконият кенгаяди, минглаб иш ўринлари пайдо бўлади”, — дейилган хабарда.
Қуйидаги енгилликлар берилади:
энди тадбиркорлар камида беш йил ижарада фойдаланган давлат мулкини тўғридан-тўғри ўзи сотиб олиши мумкин бўлади;
бугунги кунда 632 та шундай объект бор. Ушбу мулкларни ижарачиларнинг ўзига сотиш орқали камида 2 триллион сўм тушум қилиш мумкин;
Пахтасаноатнинг сотилмай қолган 131 та активларини бошланғич баҳоси 50 фоизгача пасайтирилиб, аукционга чиқарилади. Бунда, тадбиркорларга тўловларни уч йилгача бўлиб тўлаш имконияти берилади;
республикадаги 537 та бозор ва савдо мажмуаларининг камида 51 фоиз улуши маҳаллий ҳокимликларга тегишли. Энди бу тартиб ҳам ўзгаради. Бозорларда маҳаллий ҳокимликнинг мажбурий иштирок этиши тўғрисидаги талаб бекор қилинади;
аукционда узоқ вақтдан буён сотилмай турган, майдони кичик бўлган ёнма-ён жойлашган ер участкалари бирлаштирилиб, қайта аукционга чиқарилади.
Айтилишича, Тошкентда муниципал тоифадаги жойлар хатлов қилиниб, электрон базаси яратилди. 102 та самарасиз бино ҳамда 97 гектар бўш ер аниқланиб, аукционга чиқариш бошланди.
"Ўтган йили бино-иншоотлар остидаги 118 гектар ер участкаларини хусусийлаштиришдан 60 миллиард сўм тушум бўлди. Бу – 2022 йилга нисбатан 5 карра кўп дегани. Энди ушбу тажриба барча вилоят марказларида, кейинги йил туманларда жорий қилинади", — дея қайд этилган хабарда.
Мутасаддиларга экспертларни жалб қилган ҳолда давлат иштирокидаги корхоналарни халқаро бозорга олиб чиқиш жараёнларини давом эттириш вазифаси қўйилди.
Бу йил халқаро бозорларда яна 28 та, кейинги йил 10 та йирик корхона акциялари оммавий савдога чиқарилиши белгиланди.