"Яшил энергетика" улуши илдам ортиб бормоқда
16:46 28.03.2025 (янгиланди: 16:57 28.03.2025)
© Telegram/MinenergyСолнечные и ветряные электростанции в Узбекистане

© Telegram/Minenergy
Oбуна бўлиш
Ўзбекистонда 2024 йилда 2,8 гВт яшил энерегетика манбаи ишга туширилди, 2025 йилда ушбу кўрсатгич 4,5 гВт бўлиши кутилмоқда.
ТОШКЕНТ, 28 мар — Sputnik. 2025 йилда қуввати 4,5 ГВтли қуёш ва шамол электр станциялари ишга туширилади, деди энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Маматкаримов.
"2025 йилда жами қуввати 4,5 гигаваттга тенг бўлган йирик қувватли қуёш ва шамол электр станцияларини ишга тушириш, қуввати 785 мегаватт бўлган қуёш панелларини ўрнатиш, қуввати 225 мегаватт бўлган гидроэлектр станцияларини барпо этиш ва 1,8 минг мВт⋅соат электр энергиясини сақлаш тизимларини ишга тушириш режалаштирилган", - деди у.
Вазирликнинг маълум қилишига кўра, 2024 йилда умумий қуввати 2,8 гВт тенг бўлган электр станциялар ишга туширилган. Шундан:
Қуёш фотоэлектр станциялари қуввати 1000 мегаваттни, шамол электр станциялари қуввати 800 мегаваттни, иссиқлик электр станциялари қуввати 965 мегаваттни ҳамда гидроэлектр станциялар қуввати 22,7 мегаваттни ташкил этган.
2024 йилда қуёш ва шамол электр станциялари томонидан жами 4,8 млрд кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилган.
Ушбу энергия 2 миллион хонадоннинг бир йиллик ижтимоий нормасини ташкил қилади.
"Яшил энергия"дан фойдаланиш натижасида 1,4 млрд куб метр табиий газ тежалган, атмосферага 2 млн т. зарарли газлар чиқишининг олди олинган.
Ундан ташқари, “Қуёшли хонадон” дастури орқали хонадонига қуёш панели ўрнатган 10 826 нафар фуқарога давлатга сотган 12,1 млн кВт⋅соат электр энергия учун 12 млрд 182 млн сўм тўлаб берилди.