“Тошкент – Андижон” йўлини қуришга 30 тадан ортиқ хорижий компания қизиқиш билдирди
10:11 27.03.2025 (янгиланди: 10:25 27.03.2025)
© Sputnik / Бахром ХатамовВесна в Ташкентской области

© Sputnik / Бахром Хатамов
Oбуна бўлиш
Янги йўлларда ҳайдовчи ва йўловчилар учун турли пулли хизматлар йўлга қўйилади.
ТОШКЕНТ, 27 мар — Sputnik. “Тошкент – Андижон” йўлини қуришга 30 тадан ортиқ нуфузли хорижий компаниялар қизиқиш билдирди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилинди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Давлат раҳбарига автомобиль йўллари қуриш лойиҳаларининг бориши тўғрисида ахборот берилди. Айтилишича, мамлакатда жами 184 минг километрдан зиёд автомобиль йўли бор. Таҳлилларга кўра, халқаро аҳамиятга эга йўлларнинг 25 фоизи катта юкламада ишламоқда.
“Масалан, кунига 32 минг автомобилга мўлжалланган “Тошкент – Самарқанд” йўлида 45 мингта транспорт қатнаяпти. Тирбандлик сабабли баъзан бунга 6 соатгача вақт кетаяпти. 2030 йилга бориб ҳаракат жадаллиги 80 мингдан ошиши мумкин”, — дейилган хабарда.
Тошкентдан Самарқандга ва Андижонга элтувчи муқобил йўллар қуриш устида қуйидаги ишлар олиб борилмоқда:
Жаҳон банки иштирокида “Тошкент – Андижон” йўли лойиҳалаштирилди.
Январда уни қуриш бўйича халқаро тендер эълон қилинди.
Қисқа вақтда унга 30 дан ортиқ нуфузли хорижий компаниялар қизиқиш билдирди.
Умумий узунлиги 314 километр бўлган бу тезюрар магистрал фойдаланишга топширилиши натижасида Тошкент билан Андижон орасидаги қатнов вақти 5 соатдан 3 соатгача қисқаради.
Бу ялпи ички маҳсулотни 2,6 фоизга ошириб, автоҳалокатларни 40 фоизга камайтириш имконини беради.
“Яна бир лойиҳа Тошкент билан Самарқандни боғловчи қўшимча йўл қуришга қаратилган. Хорижий мутахассислар иштирокида унинг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилган. Бу янги йўлнинг узунлиги 300 километр атрофида бўлади. Унинг натижасида Тошкент билан Самарқанд ўртасида қатнов вақти 4,5 соатдан 2,5 соатгача қисқаради. Ҳозирги мавжуд йўлда тирбандлик анча камаяди”, — дея аниқлик киритилган хабарда.
Бу янги йўлларда ҳайдовчи ва йўловчилар учун турли пуллик хизматлар йўлга қўйилади. Бунёдкорлик жараёнида маҳаллий қурилиш корхоналари ҳам қатнашиши мумкинлиги айтилди.