Ўзбекистон сувдан фойдаланиш сиёсатини ўзгартирмоқда — тафсилотлар
15:05 17.03.2025 (янгиланди: 10:20 18.03.2025)
© Sputnik / Бахром ХатамовЧарвакское водохранилище

© Sputnik / Бахром Хатамов
Oбуна бўлиш
Сенатор: 2030 йилга бориб Ўзбекистон сув танқис бўлган давлатлар қаторига тушиб қолиш эҳтимоли бор.
TOШКЕНТ, 17 мар — Sputnik. Сенаторлар навбатдаги ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг Сув кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонунни маъқуллашди, дея хабар берди юқори палата матбуот хизмати.
Сенатор Анвар Туйчиевнинг қайд этишича, тасдиқланаётган Сув кодексида сув муносабатлари соҳасидаги асосий ҳуқуқий ҳужжатлар тизимлаштирилган. Сенатор ўз сўзида сув соҳасида мавжуд муамолларга ҳам тўхталиб ўтди.
© Сенат Олий МажлисаАнвар Туйчиев Председатель Комитета Сената по аграрным, водохозяйственным вопросам и экологии

Анвар Туйчиев Председатель Комитета Сената по аграрным, водохозяйственным вопросам и экологии
© Сенат Олий Мажлиса
“Мамлакатда олинадиган чучук сувнинг қарийб 90 фоизи қишлоқ хўжалигида фойдаланилиб, ҳар гектарига сув сарфи технологик илғор давлатларга нисбатан 2-2,5 баробар кўп. Дунёда ушбу кўрсатгич ўртача 65 фоизни ташкил қилади. Ер ости сувларининг сифати ҳам ҳажми ҳам тобора пасайиб бормоқда”, — деди сенатор.
Сенаторнинг сўзларига кўра, сувдан фойдаланиш маданияти, сувни асраш ва ундан оқилона фойдаланиш борасида тарғибот ишлари етарли эмаслиги натижасида аҳоли жон бошига сув сарфи миқдори аввалги йилларга нисбатан юқорилигича сақланиб турибди.
Мутахассисларнинг таҳлилларига кўра, 2030 йилга бориб Ўзбекистонда 7 млрд куб метр сув тақчиллиги кузатилиши, ҳамда Ўзбекистон сув танқис бўлган давлатлар қаторига тушиб қолиш эҳтимоли бор.
“Бу йил қиш фасли асосан қуруқ келди. Ёғингарчилик тақчиллиги кузатилди. Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида қиш даврида ёғингарчилик меъёридан 40 фоиздан 70 фоизгача ташкил этди. Бу ўз навбатида тоғли ҳудудларда қор тўпланишига салбий таъсир кўрсатди. Бугунги кунда тоғлардаги қор қоплами баландлиги меъёридан анча паст бўлиб, 40-60 фоизни ташкил этмоқда”, — дея аниқлик киритди Турчиев.
Унинг қўшимча қилишича, Ўзбекистонда фойдаланилаётган сувнинг бор йўғи 15-18 фоизи мамлакат ҳудудида шакилланиши ҳисобга олинса, сув ресурсларини бошқариш, сув сиёсатини юритиш масалаларини тубдан қайта кўриб чиқиш лозим.
Тасдиқланаётган кодексда сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасида Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари, вазифа ва функцияларига аниқлик киритилмоқда.
Шунингдек, сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий қилиш шартлари, сув олиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик масалалари, сувга доир муносабатларда халқаро ҳамкорликнинг асосий йўналишлари белгилаб берилмоқда.
“Сув кодексининг қабул қилиниши сувдан оқилона фойдаланиш, сув ресурсларини самарали бошқариш ва муҳофаза қилишни таъминлайди. Соҳа бўйича давлат органларининг бир-бирини такрорловчи ваколатлари билан боғлиқ масалалар ҳал қилинади. Сув етказиб берувчилар ва истеъмолчиларининг масъулияти ортади”, — дейилади хабарда.
Шунингдек, ҳужжатда сув тақчиллиги кучайиб бораётган даврда барча иқтисодиёт тармоқлари ва атроф муҳитнинг сувга бўлган эҳтиёжини қондириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув инфратузилмаси ва суғориладиган ерлар ҳолатини яхшилаш каби масалалар қамраб олинган.
“Сув хўжалигини узоқ муддатли ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари яратилиб, сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, соҳага инвестицияларни жалб қилиш ва технологик модернизация қилиш рағбатлантирилади. Қонун халқаро сув ҳуқуқи нормаларини миллий сув қонунчилигига сингдириш ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имижини яхшилашга хизмат қилади”, — дейилади хабарда.
Маълумот учун, соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида ўтган асрнинг 90-йилларига нисбатан сув сарфи йилига 64 млрд метр кубдан ҳозирги кунда ўртача 51 млрд метр кубгача камайган.