Ўзбекистон ва Туркия ўртасида туризм соҳасида ҳамкорлик кенгайтирилади
12:42 28.02.2025 (янгиланди: 12:59 28.02.2025)
© Sputnik / Бахром ХатамовМемориальный комплекс Бахауддина Накшбанди

© Sputnik / Бахром Хатамов
Oбуна бўлиш
Меҳмет Нури Эрсой Ўзбекистон томонидан билдирилган барча ташаббуслар қўллаб-қувватланишини билдирди.
ТОШКЕНТ, 28 фев — Sputnik. Анқарада Ўзбекистон ва Туркия ўртасида туризм соҳасида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган Келишув ва Ҳаракатлар режаси имзоланди. Бу ҳақда Экология вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ҳужжатларга Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ҳамда Туркия Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой имзо чекишди.
© Министерство экологии Между Узбекистаном и Турцией подписаны Соглашение и План действий в сфере туризма

Между Узбекистаном и Турцией подписаны Соглашение и План действий в сфере туризма
© Министерство экологии
Учрашувда Абдуҳакимов охирги йилларда икки давлат раҳбарлари ташаббуси билан туризм соҳасида катта ютуқларга эришилаётганлигини, сайёҳлар оқими йилдан-йилга ортиб бораётганлигини таъкидлади. Икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳим эканлиги таъкидланди.
“Биз бугунги мавжуд йўналишларни кенгайтирган ҳолда Ўзбекистоннинг туризм масканларини Туркиянинг йирик туризм марказлари — Измир, Мугла, Фетҳие, Алания, Адана, Бурса кабилар билан лоукостерларни жалб қилган ҳолда ўзаро боғламоқчимиз. Имкониятларни тўлиқ ишга солиш учун авиарейсларни 3 баравар ошириш зарур. Шунингдек, ҳар бир томонга камида бир миллион нафардан туристларни олиб келишни кўзда тутадиган “Миллион+миллион” дастурини ишга туширишни таклиф қиламиз”, - деди Абдуҳакимов.
Учрашувда қуйидаги таклифлар илгари сурилди:
туризм масканларини боғлайдиган авиақатновларни кўпайтириш;
Ўзбекистонда Туркиянинг ва Туркияда Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини янада кенгроқ тарғиб қилиш;
Мотуридий, Нақшбандий ва Бухорий тариқатлари издошларининг Туркия марказий ва шарқий провинцияларида истиқомат қиладиган йирик жамоаларини (умумий 3 млн атрофида) Ўзбекистонга кенгроқ жалб этиш, музейлар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш, маданий тадбирларни кўпайтириш;
“Турк қардошлар” дастурини амалга ошириш, давлатлар тарихини ўзаро чуқурроқ ўрганиш, ҳамкорликда кино асарлари яратиш;
Ўзбекистонда жадал ривожланиб бораётган туризм йўналишлари – экотуризм, экстремал туризм, зиёрат туризмига бағишланган тематик кўргазмалар, фото-кўргазмалар ташкил қилиш;
туркиялик сайёҳларнинг Бухородаги 7 та Пир зиёратгоҳларига саёҳатларини йўлга қўйиш;
Туркия музейларида Ўзбекистон музей экспонатлари бурчакларини яратиш;
Туркиянинг йирик санъат даргоҳлари, парк ва боғларида Ўзбекистон томонидан ЮНEСКО номоддий маданий мерос рўйхатига киритилган бахшичилик, мақом санъати ва лазги рақси намойишлари, маданий фестиваллар ва “open-air” тадбирларини ўтказиш;
туркияликлар учун уларнинг талаб ва истакларига мос туристик маҳсулотлар яратиш мақсадида туроператорлар, рестораторлар, туризм инфраструктурасига сармоя киритадиган компанияларни Ўзбекистонга жалб қилиш;
аэропортларда, меҳмонхона, кафе ва ресторанларда турк тилида кўрсаткич белгиларини ўрнатиш, менюлар яратиш, турк туристларига мослаштирилган маршрут, экскурсия ва турлар ҳамда давлатлар кулинариясини бирлаштирган ресторанлар ташкил қилиш;
туризмнинг турли соҳалари бўйича ўзаро тажриба алмашиш.
Меҳмет Нури Эрсой Ўзбекистон томонидан билдирилган барча ташаббусларни қўллаб-қувватланишини билдирди.
© Министерство экологии Между Узбекистаном и Турцией подписаны Соглашение и План действий в сфере туризма

Между Узбекистаном и Турцией подписаны Соглашение и План действий в сфере туризма
© Министерство экологии
“Ўзбекистон тарихий ва маданий бойликлари билан дунёдаги энг муҳим сайёҳлик йўналишларидан бири ҳисобланади. Самарқанд, Бухоро ва Хива каби бетакрор шаҳарлар нафақат Марказий Осиё, балки бутун дунё маданий меросида муҳим ўрин тутади. Бундан ташқари, ўзбек таомлари, анъанавий ҳунармандчилик ва меҳмондўстлик каби ноёб тажрибалар Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги жозибадорлигини янада оширмоқда”, - деди Меҳмет Нури Эрсой.
Маълумот учун, Ўзбекистонда Туркия билан ҳамкорликда 12 та меҳмонхона ва туристик объектлар мавжуд. Шунингдек, Ўзбекистонда туркиялик ҳамкорлар билан биргаликда 100 тадан ортиқ ресторан ташкил қилинган.
2025-2026 йилларда эса турк сармояси кўмагида Бухоро, Самарқанд, Жиззах, Фарғона ва Тошкент вилоятларида умумий 167,9 млн долларлик 11 та меҳмонхона лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган.