Тошкентда биринчи ўзбек мюзикли намойиш этилди

Oбуна бўлиш
Эксклюзив
Спектакль ХХ асрнинг икки буюк санъаткори – Ботир Зокиров ва Фрэнк Синатрани бир саҳнада “учраштирди” ҳамда мусиқа ва ижод абадийлигини кўрсатди.
TOШКЕНТ, 7 фев — Sputnik. "Туркистон" санъат саройида “Бўлиши мумкин бўлган учрашув. Ботир Зокиров and Франк Синатра” биринчи ўзбек мюзиклининг премьераси бўлиб ўтди.
Мюзикл ғояси Ўзбекистоннинг машҳур журналисти Борис Бабаевга тегишли. У шахсан Ботир Зокировни таниган, ундан интервью олган ва ҳанузгача мусиқачининг пластинкаларини сақлаб келади. Шу билан бирга, у доимо Синатра ижодига мафтун бўлган.
Икки ижодкорни бирлаштирган спектакль яратиш ғояси Бабаевга уч йил олдин келган.
“Бир куни Америкага, Нью-Йоркка борганимда, Фрэнк Синатра спектаклини кўрдим ва у мени руҳлантирган эди. Тошкентга қайтиб, биз ҳам шундай бир нарса қилишимиз керак деб ўйладим. Мен битта лойиҳада Осиёнинг буюк хонандасини Европа ва Американинг буюк хонандаси билан бирлаштира олдим”, - дейди Бабаев.
Бу ғояни ҳаётга татбиқ этишда Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театри директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Андрей Слоним ёрдам берди.
Кеча давомида қаҳрамонларга Игорь Азаренко раҳбарлигидаги Ўзбекистон давлат филармонияси джаз-оркестри ҳамроҳлик қилди. Шунингдек, мюзикл ҳужжатли лавҳалар ҳамда ХХ асрнинг икки буюк санъаткори ҳақидаги биографик маълумотлар билан билан бирга намойиш этилди.
Зокиров ролини ёш хонанда Расул Абдуллаев ижро этди, у томошабинлар севган “Рано”, “Умид”, “Мафтун булдим”, “Юртим қизлари” ва бошқа қўшиқларни ижро этди.
Синатра ролини эса Ўзбекистон халқ артисти Мансур Тошматов жуда маҳорат билан ижро этди. У мухлислар севган “New York, New York”, “My Way”, “Strangers in the Night” ва бошқа қўшиқлари билан томошабинларни хурсанд қилди.

“Бир-бирига мос келмайдиганни бирлаштириб, бугунги кунда одамларни ҳайратга соладиган ажойиб спектакль яратишга муваффақ бўлинди. Мен бу спектакль муаллифларини юртимиздаги ажойиб маданий воқеа билан табриклайман”, – деб ўлкашунос-тарихчи Борис Голендер спектаклдан сўнг ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.

Сюжетга кўра, Зокиров ва Синатра ижоди, уларнинг абадий мусиқаси XXI аср ёшларига – Тошкент БДКУ талаба-актёрлари Ботир Ҳусанов ва Каролина Новикова ижро этган қаҳрамонларга муҳаббатни асраб қолишга ёрдам беради.
“Ўйлайманки, бу спектаклнинг умри узоқ бўлади, нафақат Тошкентда, балки бошқа шаҳарларда ҳам, нафақат Ўзбекистонда, балки бошқа мамлакатларда ҳам олқишланади”, – деди Бабаев.
Мюзиклда, шунингдек, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Олег Галахов, Ёшлар театри актрисаси Шаҳзода Валиева ва “Ёш балет” ижодий жамоаси иштирок этди.
Янгиликлар лентаси
0