Ўзбекистонда диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси ишлаб чиқилди

© Sputnik / Бахром ХатамовАнсамбль Хаст-Имам (Хазрет Имам) – духовный памятник Ташкента
Ансамбль Хаст-Имам (Хазрет Имам) – духовный памятник Ташкента  - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 03.02.2025
Oбуна бўлиш
Ҳужжат 9 февралгача умумхалқ муҳокамасига қўйилди, шундан сўнг у Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилади.
TOШКЕНТ, 3 фев — Sputnik. Ўзбекистонда фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва дин соҳасидаги давлат сиёсати концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ҳужжат айни пайтда парламент қуйи палатаси сайтида жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган.
Концепция 7 бобдан иборат. Унда виждон эркинлигини таъминлаш жараёнининг замонавий ҳолати тавсифи, диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади, асосий вазифалари ва принциплари, фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ва уларни амалга ошириш механизмлари, дунёвий давлатда умумжамият манфаатлари ва виждон эркинлиги уйғунлигини таъминлаш каби масалалар жой олган.
Ҳужжатга кўра, мамлакатда 16 та конфессияга мансуб 2 300 тадан ортиқ диний ташкилот эркин фаолият юритмоқда, 130 тадан зиёд миллатлар ва элатлар вакиллари истиқомат қилмоқда.
“Давлат томонидан 7 тилда таълим олиш имконияти яратилганлиги, 12 тилда телерадиодастурлар эфирга узатилаётганлиги, 14 тилда газета ва журналлар чоп этилаётганлиги, 155 та миллий маданий марказ эркин фаолият юритаётганлиги миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик муҳитининг амалдаги намунаси ҳисобланади”, — дейилган ҳужжат матнида.
Қуйидаги қонунга хилоф ғоя ва қарашлар тарқалиши ҳолатлари учрамоқда:
қонунлар билан тартибга солинган ижтимоий муносабатларга муайян бир динга хос қоидаларни жорий этишга бўлган уринишлар;
аёллар ва эркаклар ҳуқуқлари тенглигини шубҳа остига қўйиш;
фуқаролик мажбуриятларини бажаришдан бош тортиш;
ижтимоий ахлоқ нормаларини, миллий ва умуминсоний қадриятларни инкор этиш;
тиббий хизматдан, илм-фан ва маданият ютуқларидан, товар ва хизматлардан фойдаланишга бўлган ҳуқуқларни чеклаш;
айрим давлат хизматчиларининг дунёвий давлатчилик моҳиятини теран англамаслиги ҳамда жамият тараққиёти, бирдамлиги ва барқарорлигига путур етказувчи.
Қолаверса, ахборот маконининг глобаллашуви натижасида ижтимоий тармоқлардан эркин фойдаланилиши, ёшларнинг миграция жараёнларига кенг жалб қилиниши шароитида радикаллашувга сабаб бўлувчи омилларни тўлиқ назорат қилиш имконияти чекланган.
Бундай ҳолатлар ягона Ўзбекистон халқи, жамият ва давлат ҳамжиҳатлигига хатар бўлиб, қонун ҳужжатларига риоя этилмаслигига, бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари бузилишига, фуқароларнинг ҳуқуқий тартиботга муносабати салбий томонга ўзгаришига, ватанпарварлик туйғулари емирилишига, оилавий низоларга олиб келиши мумкин.
Диний соҳадаги давлат сиёсати принциплари аниқ белгиланмаганлиги унинг аҳоли ўртасида турлича тушунилишига, дунёвий давлат асосларининг бузиб талқин қилинишига, жамиятда зиддиятли вазиятларнинг кучайишига олиб келиши мумкин.
Шунингдек илм-фан ва технологик ютуқлар билан ҳисоблашмаслик, уларнинг давлат ва жамият тараққиётидаги аҳамиятига эътиборсизлик, замон билан ҳамқадам бўлмаслик мамлакатнинг глобал рақобат майдонида муносиб ўрин эгаллаш йўлидаги долзарб вазифаларни амалга оширишни мураккаблаштиради.
“Ҳозирда жамиятимизда барқарорлик таъминлаб келинмоқда, давлат томонидан фуқароларнинг виждон эркинлигига бўлган ҳуқуқлари қонун устуворлиги асосида ишончли ҳимоя қилинмоқда”, — дейилган ҳужжат матнида.
Ўзбекистоннинг диний соҳадаги давлат сиёсати қуйидаги асосий принципларга таянади:
қонунийлик;
виждон эркинлиги;
диннинг давлатдан ажратилганлиги;
тенглик;
эркин фикрлаш;
динлараро мулоқот ва ўзаро тушуниш.
Фуқаролар хоҳлаган динга эътиқод қилиш, эътиқодни ўзгартириш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқидан эркин фойдаланади. Диний қарашларни ёки динга эътиқод қилмасликни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди.
Фуқароларнинг ҳуқуқларини уларнинг муайян диний таълимотга муносабатига қараб чеклашга, тўғридан-тўғри ёки билвосита устунлик беришга, уларнинг диний эътиқоди мавжуд ёки мавжуд эмаслиги билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлашга йўл қўйилмайди.
Диннинг давлатдан ажратилганлиги принципи диний ташкилотлар ва давлат органлари ўзаро бир-бирининг фаолиятига аралашмаслиги, давлат диний ташкилотлар зиммасига давлатнинг бирор-бир вазифаларини юкламаслиги, диний ташкилотларнинг давлат функцияларини амалга оширишига йўл қўймаслигига оид қоидаларни назарда тутади.
Ҳужжат 9 февралгача умумхалқ муҳокамасига қўйилди, шундан сўнг у Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилади.
Главе государства доложено о принимаемых мерах по укреплению социальной среды и развитию религиозного просвещения. - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 29.11.2024
Мирзиёев ижтимоий ва диний соҳалардаги ишлар билан танишди
Янгиликлар лентаси
0