Мирзиёев Ўзбекистон халқини Янги йил билан табриклади
© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев
© Пресс-служба президента Узбекистана
Oбуна бўлиш
Мирзиёев: Қуролли Кучлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш ишлари янги босқичга кўтарилади.
ТОШКЕНТ, 1 янв — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Янги йил билан табриклади.
"Жаҳондаги мураккаб вазиятга қарамасдан, ўтаётган йил мамлакатимиз учун қутли ва баракали бўлди. Бунинг учун ҳар қанча шукрона айтсак, арзийди. Меҳнаткаш халқимизнинг фидокорона меҳнати, сиёсий-ижтимоий фаоллиги билан Янги Ўзбекистон ғояси реал воқеликка айланмоқда", —деди президент байрам табригида.
Унинг сўзларига кўра, 2025 йилга мамлакатда Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили деб ном берилди. Асосий мақсад – инсон ва табиат мувозанатига асосланган тизим яратишдир.
"Янги йилда бизнес учун янада кенг имкониятлар яратилади. Хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш ишларини қатъий давом эттирамиз. Ижтимоий соҳалар, иш ҳақи, пенсия ва стипендиялар, нафақалар миқдорини ошириш эътиборимиз марказида бўлади. Фарзандларимизнинг замонавий билим ва касб-ҳунар эгалари, баркамол бўлиб тарбия топишлари учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз. Илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат, спорт соҳаларига эътибор янада кучайтирилади", — деди Ўзбекистон етакчиси ўз сўзида.
Қайд этилишича, фахрийлар, хотин-қизлар ва ёшларга ғамхўрлик қилиш, ижтимоий ҳимоя самарасини ошириш устувор вазифа бўлиб қолади.
Қуролли Кучлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш ишлари янги босқичга кўтарилади.
"Мухтасар айтганда, “Инсон қадри учун, инсон бахти учун!” деган олижаноб мақсадни барчамиз биргаликда амалга оширамиз. Барчангизни, чет эллардаги ватандошларимиз, хорижий ҳамкор ва дўстларимизни бугунги қутлуғ байрам билан яна бир бор чин дилдан табриклайман. Янги йил ҳар бир инсон, ҳар бир оилага, жонажон юртимизга катта-катта ютуқ ва омадлар олиб келсин! Ҳамма эзгу ниятларимиз рўёбга чиқсин! Янги йил барчамизга муборак бўлсин!", — дея қайд этди Мирзиёев.