Тропик мевалар концентратларини божхона божидан озод қилиш таклиф этилди
09:15 11.12.2024 (янгиланди: 10:19 11.12.2024)
© Sputnik / Дилислом ОтабековФрукты на рынке в Ташкенте
© Sputnik / Дилислом Отабеков
Oбуна бўлиш
Мирзиёев озиқ-овқат саноатида амалга оширилаётган ишлар ҳамда 2025 йилги режалар билан танишди.
ТОШКЕНТ, 11 дек — Sputnik. Тропик мевалар концентратларини божхона божидан озод қилиш таклиф этилди. Бу ҳақда давлат раҳбари иштирокидаги йиғилишда маълум қилинди, дея хабар берди президент матбуот хизмати.
Давлат раҳбарига озиқ-овқат саноатида амалга оширилаётган ишлар ҳамда 2025 йилги режалар бўйича ахборот берилди.
Қайд этилишича, бу йил Ўзбекистонда 9 миллион тонна дон, 3 миллион тоннадан ортиқ пахта, 16 миллион тоннадан зиёд сабзавот ва полиз, 5 миллион тонна мева ва узум, 4 миллион тонна картошка, 15 миллион тоннадан кўп гўшт ва сут етиштирилди. Озиқ-овқат саноати бўйича 343 та лойиҳа ишга туширилди.
“Сўнгги йилларда қандолат маҳсулотлари экспорти 4 карра ошиб, 13 миллион долларга етган. Хомашё, қадоқлаш ва этикеткалаш маҳсулотлари тўғридан-тўғри олиб келиниб, таннарх 20 фоизга камайгани туфайли рақобатдошлик анча ошган.Бу имтиёзлар муддати 2025 йил 1 январда тугайди. Ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш мақсадида мазкур муддатни яна 2 йилга узайтириш таклифи кўриб чиқилмоқда”, — дейилади хабарда.
Ёғ-мой саноатида 408 та корхона очилган. Лекин республикада хомашё камлиги учун улар ҳар доим ҳам тўла қувватда ишламаяпти. Ёғ-мой экспортига рухсат берилса, ишлаб чиқариш 120 минг тоннага ошиб, 240 минг тонна озуқа ем тайёрланиши ҳисоб-китоб қилинган.
Бош вазир ўринбосарига бозор талабларидан келиб чиқиб, бу борада таклиф киритиш топширилди.
Айтилишича, Ўзбекистонда “ҳалол” сертификатига эга миллий бренд корхоналари кўпайиб, минтақа ва араб давлатларига гўшт маҳсулотлари экспорт қилаяпти.
“Лекин бизда колбаса маҳсулотларини сақлашнинг стандарт муддати 3 ой этиб белгиланган. Хориждаги истеъмолчига етиб боргунча 2 ой кетаяпти. Гўшт маҳсулотини сақлаш муддати Европа стандарти каби 4-12 ойга оширилса, ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини 2 карра кўпайтириш имконияти очилади. Шунинг учун бу борадаги стандартларни халқаро стандартларга мослаштириш вазифаси қўйилди”, — дея қайд этилган хабарда.
Сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, Наманган, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида уларни таҳлил қиладиган лабораториялар ташкил этиш зарурлиги айтилди. Шундан келиб чиқиб, ушбу маҳсулотларнинг табиий ёки қуруқ сутдан тайёрлангани тўғрисида белги қўйилади.
Мамлакатда салқин ва алкоголсиз ичимликлар, мева-сабзавотдан табиий шарбат ишлаб чиқариш ҳам яхши йўлга қўйилган.
“Сўнгги 5 йилда уларнинг экспорти 9 баробар ошиб, 35 миллион долларга етди. Лекин ўзимизда йўқ тропик мевалар концентратига бож қўйилгани учун бошқа давлатлар маҳсулотлари билан рақобатда ютқазаяпти. Шу боис тропик мевалар концентратларини божхона божидан озод қилиш таклифи билдирилди”, — дейилади хабарда.
Йиғилишда мутасаддилар "Камбағалликдан фаровонлик сари" дастури асосида соҳадаги тадбиркорлар билан олиб борилаётган ўзаро манфаатли ҳамкорлик ҳақида ахборот берди.