Ўзбекистон ва Россия Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги мажлиси қандай ўтди?
09:32 10.09.2024 (янгиланди: 11:19 10.09.2024)
© Пресс-служба Правительства РоссииВ Ташкенте прошло заседание Совместной комиссии на уровне глав правительств РФ и РУз
Oбуна бўлиш
Абдулла Арипов ва Михаил Мишустин раислигида ўтган йиғилишда стратегик шериклик ҳамда ўзаро ҳамкорлик муносабатларининг бугунги ҳолати, истиқболлари муҳокама этилди.
ТОШКЕНТ, 10 сен — Sputnik. Тошкентда Ўзбекистон ва Россия Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги мажлисида қўшма коммюнике қабул қилинди ҳамда бир қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланди, дея хабар берди Ўзбекистон бош вазири матбуот хизмати.
Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Россия Федерацияси ҳукумати раиси Михаил Мишустин раислигида ўтган йиғилишда икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ҳамда ўзаро ҳамкорлик муносабатларининг бугунги ҳолати, истиқболлари муҳокама этилди.
© Пресс-служба Правительства РоссииВ Ташкенте прошло заседание Совместной комиссии на уровне глав правительств РФ и РУз
В Ташкенте прошло заседание Совместной комиссии на уровне глав правительств РФ и РУз
Имзоланган ҳужжатлар:
“Агроэкспресс” тезлаштирилган темир йўл ташишларини ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битим;
Тиббий мақсадларда фойдаланиш учун дори воситаларининг ёрлиқ кодлари тўғрисидаги маълумотларни узатиш мақсадида ахборот ўзаро таъсири тўғрисида битим;
Тиббиёт ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш соҳасидаги баённома.
"Кейинги етти йилда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2,5 баравар кўпайди. Жорий йилнинг етти ойида эса товар айирбошлаш ҳажми яна 30 фоизга ошган. Мажлисда давлатларимиз раҳбарлари томонидан ҳукуматлар зиммасига ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини яқин йилларда 30 миллард долларгача етказиш вазифаси қўйилгани, бунга эришиш учун ҳамкорлик лойиҳаларини изчил амалга ошириш ҳамда импорт ўрнини босиш бўйича аниқ қўшма чора-тадбирларни амалга ошириш лозимлиги алоҳида қайд этилди", — дейилади хабарда.
Бугунги кунда Ўзбекистонда Россия билан ҳамкорликда уч мингдан зиёд қўшма корхона фаолият юритмоқда. Ўз навбатида Россияда ҳам ўзбек капитали иштирокида кўплаб тадбиркорлик субъектлари ишламоқда. Металлургия, энергетика, кимё, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, рақамлаштириш, сунъий интеллект ва бошқа йўналишларда кооперация лойиҳалари йўлга қўйилган.
© Пресс-служба Правительства РоссииВ Ташкенте прошло заседание Совместной комиссии на уровне глав правительств РФ и РУз
В Ташкенте прошло заседание Совместной комиссии на уровне глав правительств РФ и РУз
"Бошқа соҳаларни ҳам ривожлантиришни таклиф қиламиз. Юқори технологияли полимер ишлаб чиқаришни ташкил этиш, фуқаролик учувчисиз самолётлар тизимлари ва уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш имкониятларини ўрганмоқдамиз", — деди Россия ҳукумати раиси.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда темир йўл машинасозлиги соҳасида ишлаб чиқариш қувватларини яратиш бўйича фундаментал қарор қабул қилинди.
"Ўзбекистоннинг Евроосиё интеграциясидаги иштироки янги бозорларни очиш ва адолатли рақобат учун шароит яратиш орқали бизнес учун қўшимча имтиёзлар бериши мумкин", — дея қайд этди Мишустин.
Транспорт-транзит йўналиши ўзаро ҳамкорликнинг яна бир муҳим тармоқларидан биридир. Мамлакатлар ўртасидаги тўғридан-тўғри парвозлар сони ҳафтасига қарийб 300 тага етди. Темир йўлда йўловчи ташиш эса тўлалигича тикланди.
"Бу борадаги мувофиқлаштирилган чора-тадбирлар, Россияда Ўзбекистон Туризм йилининг ўтказилиши, ишончим комилки, бу кўрсаткичларни янада оширишга хизмат қилади. Бундан ташқари, 24 сентябрдан бошлаб Москва ва Тошкент ўртасида йўловчи поездлари қатнови тикланади", — деди Михаил Мишустин.
Шунингдек, маданий-гуманитар ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Маданият, санъат, туризм, фан, спорт йўналишларида алоқа жадаллашди. Етакчи олий ўқув юртлари ва тиббиёт муассасалари ўртасида доимий ва самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Россия етакчи олий ўқув юртларининг 14 та филиали Ўзбекистонда муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Мажлисда истиқболли сармоявий лойиҳалар ва савдо шартномаларининг амалга оширилишини таъминлаш ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорликни чуқурлаштириш режалари кўрилди. Шунингдек, эришилган келишувларни изчил амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар муҳокама қилиниб, ўзаро ҳамкорликнинг истиқболдаги йўналишлари келишиб олинди.