БМТ Ўзбекистон ташаббуси билан яна бир резолюцияни қабул қилди
© Правительство республики УзбекистанБМТ ва Ўзбекистон байроқлари
© Правительство республики Узбекистан
Oбуна бўлиш
Резолюцияга 100 дан ортиқ аъзо давлатлар ҳаммуаллифлик қилди. Резолюцияда БМТга аъзо мамлакатларга дарахт экиш соҳасида аниқ тавсиялар берилади.
TOШКЕНТ, 14 авг — Sputnik. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош Ассамблеяси Ўзбекистон ташаббуси билан яна бир резолюцияни қабул қилди, дея хабар берди ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.
БМТ Бош Ассамблеяси бир овоздан “Деградацияга учраган ва қурғоқ ҳудудларда барқарор ўрмонзорларни барпо этиш, дарахт экиш ва уларни тарғиб қилиш – экологик муаммоларга қарши курашнинг самарали ечими” резолюциясини қабул қилди.
“Резолюцияга 100 дан ортиқ аъзо давлатлар, жумладан, Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари, Озарбайжон, Австрия, Белгия, Баҳрайн, Венгрия, Германия, Италия, Иордания, Индонезия, Қатар, Хитой, Саудия Арабистони, Латвия, Мўғилистон, Марокаш, Ўмон, БАА, Покистон, Португалия, Россия, Корея Республикаси, Туркия, Франция ва дунёнинг турли минтақаларини ифодаловчи бошқа давлатлар ҳаммуаллифлик қилди”, — дея қайд этилган хабарда.
Резолюцияда ўрмонларни барқарор бошқариш ва дарахт ўтқазишнинг иқтисодий, ижтимоий ва экологик афзалликлари ҳар томонлама кўрсатилган. Уларнинг биологик хилма-хилликни ошириш, иқлим ўзгариши ва ҳаво ифлосланиши оқибатларини юмшатиш ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга қўшган ҳиссаси, жумладан камбағалликка барҳам бериш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдаги ҳиссаси алоҳида таъкидланади.
Резолюциянинг ўзига хос хусусияти унинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги сўнгги илмий йўналишларга мувофиқлигидир.
"Экологик тоза ва экотизимга асосланган усуллардан фойдаланган ҳолда биологик хилма-хилликни сақлаш ва кўпайтириш мақсадида БМТга аъзо мамлакатларга дарахт экиш соҳасида аниқ тавсиялар берилади", — дейилади хабарда.
Маълумот учун, мазкур резолюция Ўзбекистон президенти ташаббуси билан мамлакатда ҳаётга татбиқ этилаётган, шаҳар ва қишлоқ ҳудудларини кўкаламзорлаштириш орқали биохилма-хилликни сақлаш ва тиклашга қаратилган “Яшил макон” миллий дастури концепцияси асосида ишлаб чиқилган.
Ҳужжатда давлат раҳбарининг Бош Ассамблеянинг 78-сессияси ва БМТ Иқлим бўйича 28-конференциясида иқлим ўзгаришига ва ерларнинг деградациясига қарши самарали курашиш бўйича билдирган асосий таклифлари ўз ифодасини топган.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг февраль ойида БМТ Ўзбекистон томонидан илгари сурилган резолюцияни қабул қилган эди. Резолюцияда 2027 йилни Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили деб эълон қилиш назарда тутилган. Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ушбу резолюцияга 80 дан ортиқ аъзо мамлакат ҳаммуаллифлик қилди.