Энди омонатчиларнинг банклардаги пуллари тўлиқ кафолатланади — қонун лойиҳаси

© Sputnik / Зафар ХалиловУзбекские сумы
Узбекские сумы - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 14.08.2024
Oбуна бўлиш
Қонун лойиҳасига кўра, кафолатланган омонат миқдорининг юқори чегараси 200 млн сўм миқдорида белгиланмоқда.
TOШКЕНТ, 14 авг — Sputnik. Депутатлар омонатчиларнинг банклардаги маблағларини тўлиқ кафолатлайдиган қонун лойиҳасини қабул қилишди, дея хабар берди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати.
Қуйи палата мажлисида депутатлар “Банклардаги омонатларни ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилишди.
Қайд этилишича, бугунги кунда мамлакатда омонатларни кафолатлаш тизими билан барча тижорат банклари қамраб олинмаган.
“Жисмоний шахслар бўлган кўплаб мижозларга хизмат кўрсатувчи Халқ банки омонатларни кафолатлаш тизимида иштирок этмаган ҳолда, унга жойлаштирилган омонатлар давлат томонидан кафолатланади. Бу эса молия хизматлари бозорида рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бундан ташқари, банклардаги омонатлар Фуқароларнинг омонатларини кафолатлаш фонди томонидан тўлиқ ҳажмда кафолатлангани омонатчилар томонидан банкнинг молиявий ҳолати ва фаолият таваккалчилиги билан қизиқмасдан ўз маблағларини юқори фоизли омонатларга жойлаштирилишига сабаб бўлмоқда”, — дейилади хабарда.
Айтилишича, Жаҳон банки экспертлари республикадаги банкларнинг “Омонатларни кафолатлашнинг самарали тизими асосий тамойиллари”га мувофиқлигини ўрганган. Унга кўра, 16 та асосий тамойилдан 8 таси бўйича қўйилган мақсадларга эришиш мумкин эмаслиги ёки бундай мақсадларга зид қоидалар мавжудлиги аниқланган.
Қонун лойиҳасида омонатларни кафолатлаш тизимини ислоҳ қилиш, шу жумладан банк тизимининг узоқ муддатли барқарорлигини таъминлаш, уни илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларга мувофиқлаштириш кўзда тутилмоқда.
“Қонун лойиҳасига кўра, кафолатланган омонат миқдорининг юқори чегараси 200 млн сўм миқдорида белгиланмоқда. Мазкур юқори чегарани белгилашда омонатларнинг амалдаги ҳолати тўлиқ таҳлил қилинган бўлиб, ушбу миқдор бугунги кунда мамлакатимизда 99,7 фоиз омонатчиларнинг банклардаги маблағлари тўлиқ кафолатланишини таъминлайди”, — дейди депутат Жаҳонгир Абдурасулов.
Кафолатланган омонат миқдорининг чеклангани билан банклар фуқаровий жавобгарликдан озод этилмайди ва улар омонатчилари олдида ўзининг мол-мулки билан жавобгар бўлишади. Бунда омонатчилар пул маблағларининг кафолатланган ҳажмдан ошган қисмини ҳам банкдан талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
“Кафолатланган омонат миқдорининг юқори чегараси муайян шахснинг фақат битта банкдаги омонатига татбиқ этилади, яъни ушбу шахс бир вақтнинг ўзида бир нечта банкларда ўз омонатларига эга бўла туриб, мазкур банкларнинг барчаси тугатилган тақдирда ҳам қонун лойиҳаси билан яратилаётган тизим барча омонатларни бир хилда кафолатлайди”, — дея қайд этилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий банк асосий ставкани 13,5% га туширди. Қайд этилишича, банк тизими умумий ликвидлиги, жамғармалар ва кредитлар ҳажми динамикаси нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари сақланиб қолаётганлигини кўрсатмоқда. Бу, ўз навбатида, сўмда жамғариш жозибадорлигини ошириб, аҳоли омонатларида юқори ўсиш суръатларини таъминлаб боради.
Янгиликлар лентаси
0