Марказий банк асосий ставкани 13,5% га туширди

© Sputnik / Наталья СеливерстоваЗнак процента в витрине.
Знак процента в витрине. - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 25.07.2024
Oбуна бўлиш
Марказий банк асосий ставкани 0,5 фоиз бандга пасайтирди.
TOШКЕНТ, 25 июл — Sputnik. Ўзбекистон Марказий банки асосий ставкани йиллик 13,5 фоизга туширди, дея хабар берди банк матбуот хизмати.
Қайд этилишича, Марказий банк бошқаруви асосий ставкани 0,5 фоиз бандга пасайтириб, йиллик 13,5 фоиз даражасида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди. Бунда инфляциянинг кутилаётган динамикаси ва инфляцияни оширувчи хатарларнинг камайганлигини инобатга олинган.
“Жорий йилдаги базавий инфляция тенденцияси ва инфляцион омиллар таъсирининг кутилганидан пастроқ бўлиши ҳисобига инфляция прогнози пасайиш томонга қайта кўриб чиқилди. Йил якунида умумий инфляциянинг 9 фоиз атрофида шаклланиши ва 2025 йил охирида 5 фоизлик таргет даражасига яқинлашиши кутилмоқда”, — дейилади хабарда.
Айтилишича, июнь ойида умумий инфляция йиллик 10,6 фоиз даражасида шаклланиб, инфляциянинг барқарор компонентлари ва мева-сабзавотлар нархларида сезиларли пасайиш кузатилди. Ташқи бозорлардаги нархлар динамикаси ҳам импорт инфляциясига пасайтирувчи таъсир кўрсатишда давом этмоқда.
Шунингдек, озиқ-овқат товарлари инфляциясининг пасайиши ҳамда алмашув курси барқарорлиги аҳолининг инфляцион кутилмаларига ижобий таъсир кўрсатиб, июнь ойида сезиларли пасайишига олиб келди. Бу эса, кутилмалар томонидан инфляцияга босимларни пасайиб боришига шароит яратади.
Базавий инфляциянинг пасаювчи динамикаси давом этиб, июнда 5,9 фоизга тенг бўлди ва йил бошидан 2,6 фоиз бандга пасайди. Таъкидланишича, бу энергия тарифлари ўзгаришининг иккиламчи таъсири кутилганидан паст бўлганлиги билан изоҳланиб, инфляциянинг келгусида ҳам пасаювчи трендининг давом этишига ишора бермоқда.
2024 йилнинг II чорагида иқтисодий ўсиш тезлашишда давом этиб, I ярим йилликда иқтисодиёт реал ҳисобда 6,4 фоизга ўсди. Саноат, қурилиш ва хизматлар соҳаларидаги юқори фаоллик иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватламоқда.
Юқори инвестицион фаоллик, хусусан, тўғридан-тўғри хорижий ва хусусий капитал қўйилмалари ялпи инвестицион талабни ошишида муҳим омиллардан бўлмоқда.
Тадбиркорларнинг иқтисодий фаоллиги ва ишбилармонлик кайфияти бўйича индексларда сўнгги икки ойда нисбатан пасайиш кузатилган бўлсада, ижобий натижалар сақланиб қолмоқда.
Йилнинг II ярмида ҳам юқори инвестицион ва ишлаб чиқариш фаоллигининг сақланиб қолиши фонида йил якуни бўйича реал ЯИМ ўсиши прогнози 5,7-6,2 фоизгача оширилди.
Аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари харажатларидаги таркибий ўзгаришлар таъсирида ялпи истеъмол талабининг маълум маънода мақбуллашиши прогноз қилинмоқда.
Иқтисодиётда нисбатан қатъий пул-кредит шароитларининг сақланиб қолаётганлиги ялпи талаб ва таклиф ўртасидаги мувозанатни таъминлашга хизмат қилади. Натижада, бугунги кунда шаклланган 0,5-0,6 фоизлик ЯИМ ижобий тафовутининг йил якунига қадар ёпилиши ва инфляцияга оширувчи таъсири пасайиши кутилмоқда.
Асосий савдо ҳамкорлардаги юқори иқтисодий ўсиш суръатлари ҳамда жаҳон нархларининг қулай конъюнктураси шароитида экспорт тушумлари ва пул ўтказмалари ҳажмларининг дастлабки прогнозларга нисбатан юқори суръатларда ўсиши тахмин қилинмоқда.
Жорий йилнинг II чорагида иқтисодиётга турли каналлар орқали валюта оқимининг сезиларли ошиши кузатилиб, сўм алмашув курсининг барқарорлашишига ижобий таъсир кўрсатди.
Банк тизими умумий ликвидлиги, жамғармалар ва кредитлар ҳажми динамикаси нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари сақланиб қолаётганлигини кўрсатмоқда. Бу, ўз навбатида, сўмда жамғариш жозибадорлигини ошириб, аҳоли омонатларида юқори ўсиш суръатларини таъминлаб боради.
“Шу билан бирга, йил якунига қадар инфляцион кутилмаларнинг жорий динамикаси давом этиши бўйича айрим ноаниқликлар ҳамда хизматлар базавий инфляцияси юқорилиги билан боғлиқ инфляцияни оширувчи хатарлар ҳам сақланиб қолмоқда”, — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Марказий банк инфляциянинг 5 фоизлик таргетига эришишга қаратилган нисбатан қатъий пул-кредит сиёсатини амалга оширишда давом этади.
“Бунда, асосий ставка бўйича келгуси қарорлар инфляция динамикаси ва прогнози, инфляцион кутилмалар ҳамда макроиқтисодий кўрсаткичлар бўйича келгуси давр маълумотлари асосида қабул қилинади”, — дея қўшимча қилинган хабарда.
Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2024 йил 12 сентябрга белгиланган.
Янгиликлар лентаси
0