БРИКС давлатлари орасида янги рақамли ҳисоб-китоб платформаси яратилади
14:05 12.07.2024 (янгиланди: 17:30 12.07.2024)
© Sputnik / Пресс-служба Совета Федерации РФ
/ Oбуна бўлиш
BRICS Bridge — ҳеч бир мамлакатга тобе бўлмаган рақамли тўлов платформаси бўлади. Рақамли валюта курси миллий валюта қийматига боғлиқ бўлади.
ТОШКЕНТ, 12 июл – Sputnik. БРИКС давлатларида кўп томонлама рақамли ҳисоб-китоб ва тўлов платформаси яратилиши мумкин. Ушбу тизим айни дамда Россия Молия вазирлиги ва Марказий банки томонидан тайёрланмоқда, деди Федерация кенгаши раиси Валентина Матвиенко Санкт-Петербургда бўлиб ўтаётган БРИКС парламентарийлари форумида.
“Россия Молия вазирлиги ва Россия Марказий банки ҳамкорлар билан биргаликда БРИКС мамлакатлари раҳбарларига халқаро валюта-молия тизимини такомиллаштириш бўйича ҳисобот тайёрламоқда. Унда ташаббус ва тавсиялар рўйхати келтирилган. Ушбу ташаббуслар натижасида БРИКСга давлатлари молиявий бозорларини бирлаштиришга ва ўзаро савдо айланмасини оширишга ёрдам берадиган кўп томонлама рақамли ҳисоб-китоб ва тўлов платформаси BRICS Bridge пайдо бўлиши мумкин”, — деди у ўз нутқи давомида.
Бунда БРИКС давлатлари марказий банклари рақамли валюталаридан фойдаланиш мумкин. Уларнинг курслари миллий валюталар қийматига боғлиқ бўлади, дея қўшимча қилди Матвиенко.
“Бундан ташқари, ушбу рақамли ҳисоб-китоб ва тўлов платформаси ҳеч бир давлатга тобе бўлмайди ёки иштирокчиларнинг ҳеч бири бошқаларнинг ҳаракатларини чеклай олмайди. Агар Россия ташаббуси маъқулланса, БРИКС давлатлари миллий рақамли валютани муомалага киритиш ва уни трансчегаравий тўловларда қўллаш учун ўз қонунчилигини мувофиқлаштириши керак бўлади”, — дея хулоса қилди Матвиенко.
Эслатиб ўтамиз, Россия 2024 йилда БРИКСга раисликни қабул қилди. Айни дамда ташкилотга аъзо давлатлар сони 10 тага етди — Россия, Бразилия, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Африка, Миср, Эфиопия, Эрон, БАА ва Саудия Арабистони. Россиянинг БРИКСга раислиги адолатли глобал ривожланиш ва хавфсизлик учун кўп томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш шиори остида ўтказилмоқда. Россия Федерацияси ўз раислиги доирасида 200 тадан ортиқ сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий тадбирларни ташкил қилади. БРИКС давлатлари рақмли ҳисоб-китоб платформасини яратиш ана шундай ташаббуслардан биридир.