Ўзбекистон давлат спорт академияси ташкил этилади — тафсилотлар
© ИА "Жахон"/ Анвар ИльясовОлимпийские кольца на спортивном празднике в Ташкенте
Oбуна бўлиш
Академияда ўқув жараёни 2025/2026 ўқув йилидан бошланади.
ТОШКЕНТ, 29 май — Sputnik. Ўзбекистон давлат спорт академияси ташкил этилади, битирувчилар давлат намунасида диплом олади. Бу ҳақда президентнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга кўра, Олий спорт маҳорати институти негизида Ўзбекистон давлат спорт академияси ташкил этилади.
Қуйидагилар 2025/2026 ўқув йилидан академия ҳузурига ўтказилади:
Жисмоний тарбия ва спорт илмий тадқиқотлар институти;
Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ҳамда унинг тегишли филиаллари.
“Спорт соҳасида натижалари юқори бўлган давлатларнинг етакчи олий спорт-таълим ташкилотлари тажрибаси асосида замонавий кадрларни тайёрлаш академиянинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди”, — дейилган ҳужжат матнида.
Академия тизимида давлат муассасаси шаклидаги Давлат спорт тиббиёти илмий-амалий маркази ташкил этилади.
Давлат спорт тиббиёти илмий-амалий маркази спорт тиббиёти соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи, спорт турлари бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоалари аъзоларини тиббий жиҳатдан мусобақаларга тайёрлашни ташкил қилувчи давлат тиббиёт муассасаси ҳисобланади.
Спортчиларга хорижий тиллар ва Ўзбекистон тарихини чуқурлаштирилган ҳолда ўргатиш мақсадида Академия тузилмасида Ахборот-кутубхона марказини ўз ичига олувчи юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ўзбекистон тарихи ва хорижий тилларни ўқитиш маркази ташкил этилади.
“Академияда ўқув жараёни 2025/2026 ўқув йилидан бошланади. Академия битирувчиларига давлат намунасидаги диплом берилади”, — дейилган ҳужжатда.
Академияга талабаларни қабул қилиш параметрлари Республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси доирасида белгиланади.
Академия талабаларининг контингенти қуйидагиларга қараб шакллантирилади:
олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларида ривожлантирилаётган спорт турлари бўйича сўнгги бир йилда Жаҳон, Осиё ва Ўзбекистон чемпионатларида ғолиб ва совриндор бўлган олимпия ва паралимпия коллежлари, шунингдек, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларининг битирувчилари орасидан уларнинг спорт натижаларига қараб, саралаш (селекция) асосида.
"Бунда, Олимпия ва паралимпия коллежларидан саралаб олинган битирувчилар академияга тўғридан-тўғри иккинчи босқичга қабул қилинади", — дея келтирилган ҳужжатда.
Академия талабалари спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасига мувофиқ ўтказиладиган республика мусобақаларида тўғридан-тўғри иштирок этади.
Академия битирувчиларига тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун малака сертификати, истисно тариқасида, тўғридан-тўғри 6 йилга берилади.