Эронда бўлиб ўтадиган президентлик сайлови куни белгиланди

© AP Photo / Vahid SalemiЭрон байроғи
Эрон байроғи - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 21.05.2024
Oбуна бўлиш
Mehr: Эрон Конституция муҳофизлари кенгаши 28 июнь куни бўлиб ўтадиган президентлик сайловларини тасдиқлади.
ТОШКЕНТ, 21 май — Sputnik. Эрон Конституция муҳофизлари кенгаши 28 июнь куни президентлик сайлови ўтказилишини маъқуллади. Бу ҳақда РИА Новости "Mehr" агентлигига таяниб маълум қилди.

"Кенгаш 28 июнда президентлик сайловларини ўтказишга рози бўлди", — деди Кенгаш вакили.

Бир кун аввал бу сана Эрон сайлов комиссияси томонидан таклиф қилинган эди. Ўз навбатида, номзодларни рўйхатга олиш 28 майга белгиланган.
Эрон Конституциясининг 131-моддасига кўра, янги сайловлар давлат раҳбари вафот этгани ёки муомалага лаёқатсизлиги эълон қилинган ва унинг вазифалари биринчи вице-президентга ўтганидан кейин 50 кун ичида ташкил этилиши керак. Ҳозирда бу лавозимни Муҳаммад Мохбер эгаллаб турибди.
Иброҳим Раисий билан видолашув ва дафн маросими 23 май куни Машҳадда бўлиб ўтади. Бу ҳақда мамлакат вице-президенти Моҳсин Мансурий маълум қилди. Мансурийга кўра, тадбир Имом Ризо мақбарасида ўтказилади. Машҳад марҳум Эрон президентининг она шаҳри ҳисобланади.
Иброҳим Раисий вафоти муносабати билан дунёнинг 8 та давлатида мотам эълон қилинди. Булар Эрон, Ҳиндистон, Ироқ, Ливан, Покистон, Сурия, Тожикистон ва Туркия. Аксарият мамлакатларда бир кунлик мотам эълон қилинган, фақат Сурия ва Ливанда уч кун, Тожикистонда эса икки кун давом этади. Эрон Ислом Республикасида мотам тадбирлари беш кун давом этади.
Маълумот учун, 19 май куни Эрон президенти бўлган вертолёт ҳалокатга учради. Дастлабки маълумотларга кўра, у Эроннинг Шарқий Озарбайжон вилоятидаги Верзеган вилоятига қаттиқ қўнган. Фавқулодда ҳолат ўрмонлар ичида жойлашган Узи қишлоғи ҳудудида содир бўлган. Қидирув операциясига 40 та тезкор гуруҳ жалб этилган, қидирув ишлари қалин туман туфайли мураккаблашган. 20 май куни қутқарувчилар узоқ уринишлардан сўнг вертолёт қулаган жойга етиб борди.
Қайд этилишича, президент вертолёти бутунлай ёниб кетган ҳолда топилди. Эрон Қизил ярим ой жамияти раҳбарига кўра, президент вертолётидаги барча йўловчилар ҳалок бўлди. "Tasnim" агентлиги хабар беришича, президент кортежида учта вертолёт бўлган. Ҳалокат бортида республика ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён ва Шарқий Озарбайжон губернатори Малик Раҳмати ҳам бўлган.
Ўзбекистон президенти Эроннинг Тошкентдаги элчихонасига ташриф буюрди - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 21.05.2024
Мирзиёев Эрон элчихонасига бориб, ҳамдардлик китобига таскин сўзларини ёзди
Янгиликлар лентаси
0