Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Рамазон ойи билан табриклади
© Пресс-служба президента УзбекистанаПраздничное мероприятие по случаю Международного женского дня.
Oбуна бўлиш
Президент Ўзбекистон халқи, дўст ва ҳамкорларни муқаддас Рамазон ойи билан самимий қутлади.
ТОШКЕНТ, 12 мар — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев муборак Рамазон ойи кириб келиши муносабати билан Ўзбекистон халқини табриклади, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
“Дунё мусулмонлари учун энг азиз ва қадрли бўлган, барча эзгу ниятлар ижобат бўладиган Рамазони шарифнинг кириб келиши билан сиз, азизларни, бутун халқимизни чин юракдан муборакбод этиб, барчангизга ўзимнинг юксак эҳтиромим ва самимий тилакларимни изҳор этаман”, — дейилади табрик матнида.
Қайд этилишича, Рамазонни миллий анъана ва қадриятларимизга мос, юксак даражада ўтказиш, мамлакат мусулмонларининг ибодат амалларини эмин-эркин адо этишлари учун барча шароитлар яратилди.
“Инсон қадри – улуғ деган олижаноб тамойилимиздан келиб чиққан ҳолда, мазкур фазилатли ойда халқимиз манфаатларини таъминлаш, ёш авлодимизни билим-маърифат, яхши хулқ-одоб соҳиблари этиб тарбиялаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятимиз, эл-юртимиз ўртасида меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар, қабристонларни ободонлаштиришга қаратилган савобли ишларимиз янада зиёда бўлади, деб ишонамиз. Зеро, ҳадиси шарифларда зикр этилганидек, бу ойда қилинган биргина яхшилик ўн карра мукофот бўлиб қайтади”, — дея қайд этилган табрикда.
Таъкидланишича, бугун дунёнинг бир қанча минтақаларида нотинчлик, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар содир бўлмоқда, бегуноҳ инсонларнинг қони тўкилмоқда.
“Биз бутун халқимиз билан бирга яратган Эгамдан дунёда тинчлик ва осойишталик қарор топишини, гўзал диёримиздаги тинч-осуда ҳаёт бардавом бўлишини чин дилдан сўраб, Қадр кечаларида ихлос билан дуолар қиламиз”, — дея таъкидлади президент.
Президент шунингдек, ушбу шукуҳли лаҳзаларда дунё мўмин-мусулмонлари, дўст ва ҳамкорларни муқаддас Рамазон ойи билан самимий қутлаб, уларнинг давлатлари ва халқларига тинчлик-омонлик, равнақ ва фаровонлик тилади.