Трансчегаравий табиий парклар сонини кескин кўпайтириш ниятидамиз — Мирзиёев

© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев. Архивное фото
Шавкат Мирзиёев. Архивное фото - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 13.02.2024
Oбуна бўлиш
Ўзбекистон Осиё қоплони популяциясини қайта иқлимлаштириш бошлаш ниятида.
ТОШКЕНТ, 13 фев — Sputnik. Ҳозирги вақтда Ўзбекистон трансчегаравий табиий парклар яратиш бўйича минтақа мамлакатлари билан яқин ҳамкорлик қилмоқда ва улар сонини кескин кўпайтириш ниятида. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.
Мамлакат етакчиси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаб қолишга доир конвенцияси Томонлар конференциясининг 14-йиғилиши иштирокчиларига табрик йўллади.
Қайд этилишича, ҳозирги кунда ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турлари иқлим ўзгариши, яшаш жойларининг яроқсиз ҳолга келиши, ноқонуний ов ва савдо каби жиддий таҳдидлар билан тўқнаш келмоқда.
Натижада ҳайвонларнинг генетик ресурслари қисқармоқда, уларнинг нодир ва ноёб турлари, табиий уйғунлик ва экотизимлар йўқолиб бормоқда.
Тадқиқотларга кўра, Ер юзидан сўнгги 50 йилда уларнинг 100 дан ортиқ турлари, Марказий Осиёда эса 26 турдаги қушлар, 12 турдаги сут эмизувчилар, жумладан, Турон йўлбарси, Осиё қоплони ва бошқа эндемик турлар бутунлай йўқ бўлиб кетди.
"Ўзбекистон 2024-2027 йилларда Конвенцияга раислиги даврида кўчиб юрувчи ҳайвон турларини ҳимоя қилишга ўзининг бутун куч ва салоҳиятини тўлиқ сафарбар қилишга тайёрдир. Биз Самарқандда бу борада келгусидаги ишларимизнинг асосий йўналишларини белгилаб берадиган 2024-2032 йилларга мўлжалланган Янги стратегик режа тасдиқланаётганини олқишлаймиз", — дейилади хабарда.
Шунингдек, Ҳайвонларнинг кўчишига тўсиқлардан холи экологик йўлакларни яратиш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш қўллаб-қувватланди.

"Инфратузилма объектлари – автомобиль ва темир йўллар, газ қувурлари ва чегара иншоотларининг қурилиши ёввойи ҳайвонлар миграциясига салбий таъсир кўрсатишини камайтириш учун экологик баҳо берилиши бўйича талабни кучайтириш муҳим, деб ҳисоблаймиз. Ҳозирги вақтда Ўзбекистон трансчегаравий табиий парклар яратиш бўйича минтақа мамлакатлари билан яқин ҳамкорлик қилмоқда ва улар сонини кескин кўпайтириш ниятидамиз", —дея қайд этилган табрик матнида.

Шунингдек, Ўзбекистон Осиё қоплони популяциясини қайта иқлимлаштириш бошлаш ниятида. Президент олимлар ва экспертларни бу йўналишда ҳамкорлик қилишга чақирди.
Эслатиб ўтамиз, 12-17 февраль кунлари Самарқанд шаҳрида Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш бўйича Конвенция (CMS COP 14) иштирокчилари конференциясининг 14 йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Бу Марказий Осиёда ташкил этилаётган ёввойи табиатни асраш бўйича БМТнинг биринчи халқаро конференциясидир. Глобал анжуманда Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Тожикистон, БАА, Германия каби 130 та давлатдан – жами 1500 дан ортиқ иштирокчи қатнашмоқда.
Снежный барс. Иллюстративное фото - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 12.02.2024
Учинчи қутб ёки қор қоплонларининг яшаш жойини қандай сақлаш керак?
Янгиликлар лентаси
0