Энди энг яхши волонтёрлик лойиҳаси учун 68 миллионгача пул берилиши мумкин

© UnsplashВолонтер, иллюстративное фото
Волонтер, иллюстративное фото - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 28.01.2024
Oбуна бўлиш
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги волонтёрлик фаолиятини янада ривожлантириш учун ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқди.
ТОШКЕНТ, 28 янв — Sputnik. Ўзбекистонда шу йилдан бошлаб энг яхши 5 та волонтёрлик лойиҳаси учун ҳар бирига 68 млнгача маблағ ажратиш амалиёти жорий этилади. Бу ҳақда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги тегишли ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқди.
Ҳужжат лойиҳаси қуйидаги мақсадлар учун ишлаб чиқилди:
мамлакатда волонтёрлик фаолиятини янада ривожлантириш;
фуқароларнинг ижтимоий ташаббусларини қўллаб-қувватлаш;
волонтёрлик фаолиятини амалга оширувчи субъектлар билан давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ҳамкорлигини кучайтириш;
ижтимоий вазифаларни ҳал қилишда волонтёрларга кўмаклашиш;
уларнинг хизматлари эътироф этилишини ҳамда уларнинг фаолиятини рағбатлантириш механизмлари такомиллаштириш;
ёшларни волонтёрлик соҳасига кенг жалб қилиш, уларга қўшимча қулайлик ва шароитларни яратиш.
Демак, 2024 йил 1 январдан бошлаб ҳар йили Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича ҳар бир ҳудуддаги 5 та энг яхши волонтёрлик лойиҳасини амалга ошириш учун волонтёрлик гуруҳлари ва волонтёрлик ташкилотларининг волонтёрлик лойиҳаларини амалга оширишга базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваригача (68 млнгача) миқдорда маблағ ажратиш амалиёти жорий этилади.
Мазкур баблағ ҳар бир лойиҳа учун алоҳида, республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан берилади.

“Бунда, ҳар йили волонтёрлар иштирокида ўтказиладиган йирик тадбирлар тўғрисидаги маълумотлар volontyor.uz электрон платформасига жойлаштириб борилади ва тадбирларда иштирок этадиган волонтёрларни платформа орқали электрон рўйхатга олиш тизими йўлга қўйилади”, — дейилган ҳужжат матнида.

Ушбу лойиҳанинг қабул қилиниши натижасида қуйидагиларга эришилади:
мамлакатда волонтёрликни янада ривожлантириш соҳасидаги қонунчилик янада такомиллаштирилади, мавжуд ҳуқуқий бўшлиқ ва зиддиятлар бартараф этилади, миллий хусусиятлар ва шароитлар эътиборга олинган ҳолда халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажриба татбиқ этилади;
волонтёрликка қизиқиши бўлган кўнгилли фуқароларни волонтёрлик фаолиятининг тегишли йўналишлари бўйича ўқитиш тизими йўлга қўйилади;
волонтёрлик фаолиятини янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар натижасида ушбу фаолият билан шуғулланувчи фуқаролар сони ошади ва бу волонтёрлик фаолияти амалга ошириладиган соҳаларда иш унумдорлиги ошишига олиб келади;
давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига волонтёрларни жалб этиш орқали иш тажрибасига эга малакали кадрлар захираси шакллантирилади.
Ҳужжатга кўра, қарор лойиҳаси ишлаб чиқишда Россия Федерацияси, АҚШ, Туркия, Ҳиндистон, Буюк Британия, Корея каби давлатлар тажрибаси ўрганилди. Мазкур давлатларнинг илғор амалий тажрибалари инобатга олинган тарзда ушбу лойиҳа тайёрланди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Ёшлар ишлари агентлиги волонтёрлик фаолияти соҳасида махсус ваколатли орган этиб белгиланди.
Янгиликлар лентаси
0