Тошкентда уй-жой савдоси ўтган йилга нисбатан 24% га камайди

© Sputnik / Актан ТемиркановЗдания на территории комплекса Ташкент-Сити.
Здания на территории комплекса Ташкент-Сити. - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 18.12.2023
Oбуна бўлиш
Ноябрь ойида кўчмас мулк савдоси 4 фоизга ошди, бу аввалги ойга нисбатан 800 та уй-жойга кўпроқ.
ТОШКЕНТ, 18 дек — Sputnik. Тошкентда уй-жой савдоси ўтган йилга нисбатан 24% га камайди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази хабар берди.
Қайд этилишича, ноябрь ойида Ўзбекистон кўчмас мулк бозори харидорларни жалб қилди.
Икки ойлик пасайишдан сўнг кўчмас мулк бозорида фаоллик ўсишни бошлади. Мутахассислар ҳозирги бозор ҳолатини ўртача барқарор деб ҳисоблашади. Савдоларнинг пасайиши тўхтади, аммо кескин ўсиш кузатилмади.
Ноябрь ойида кўчмас мулк савдоси 4 фоизга ошди, бу аввалги ойга нисбатан 800 та уй-жойга кўпроқ.
Ой давомида фаолликнинг энг кўп ўсиши Хоразм – 23 фоиз, Наманган – 16 фоиз ва Жиззах вилоятларида – 12 фоиз қайд этилди.

“Йил давомида уй-жой савдоси 10% га камайди. Фаолликнинг энг кўп пасайишини кўрсатган ҳудудлар Навоий ва Жиззах вилоятлари бўлиб, мос равишда 23% ва 18% га пасайган. Пойтахтда сотувлар ўтган йилга нисбатан 24% га камайди”, — дейилади хабарда.

Тошкентда уй-жой ижараси бозоридаги вазият

Ноябрь ойида Тошкент шаҳрида ижаранинг ўртача нархи октябрь ойидаги 9,5 долларга нисбатан 2,1% га бироз пасайди ва 1 кв.м. учун 9,3 долларни ташкил этди. Пойтахтнинг 11 та туманидан 10 тасида ижара нархининг пасайиши қайд этилди.
Ижара учун энг қиммат ҳудудлар Шайхонтоҳур (кв.м. $11,6), Яккасарой ($10,9) ва Миробод ($11,5) туманлари бўлди. Пойтахтдаги уй-жой ижараси Учтепа ($8,1), Сергели ($7,1) ва Бектемир ($6.2) туманларида энг мақбул нархларда қолмоқда.
Шу билан бирга, пойтахтда ўртача ижара нархи ўтган йилга нисбатан 6,1 фоизга камайди. Йил бошидан буён ижаранинг ўртача нархи 9,2%га камайди.
Пойтахтда ижара нархи бир ой ичида фақат Бектемир туманида 3,7%га ошди.

Иккиламчи кўчмас мулк бозори

Ноябрь ойида иккиламчи бозорда уй-жой нархининг ўртача ўсиши бир кв.м. учун 0,7% ни ташкил этди, ўтган йилнинг ноябрь ойидан буён иккиламчи уй-жой нархи деярли 18,2% га ошди.
Йил давомида Хоразм – 32,9%, Тошкент – 31,0% ва Бухоро – 26,9% вилоятларида иккиламчи бозорда уй-жой нархининг сезиларли ўсиши қайд этилди.
Тошкент шаҳрида ноябрь ойи давомида иккиламчи уй-жой нархи 0,4%га ошди. Пойтахтда нархларнинг энг юқори ўсиш суръатлари Шайхонтоҳур – 1,7%, Юнусобод – 1,6% ва Сергели – 1,5% туманларида кузатилди.
Йил давомида пойтахтда иккиламчи уй-жойларнинг ўртача нархи 22,8% га ошди.
Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойида кўчмас мулк савдоси 17 фоизга камайди, олди-сотди битимлари сони бир ой олдинги 28 мингтага нисбатан 23 мингтани ташкил этди.
Янгиликлар лентаси
0