Мирзиёев: Фаластин-Исроил уруши минтақа бўйлаб ёйилиб кетиш хавфи тобора реал тус олмоқда

© Пресс-служба президента УзбекистанаСаммит Организации экономического сотрудничества в Ташкенте.
Саммит Организации экономического сотрудничества в Ташкенте. - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 09.11.2023
Oбуна бўлиш
Ўзбекистон раҳбари Фаластин халқи ўзининг мустақил давлатини барпо этиш ҳуқуқига эга, деган қатъий позицияни яна бир бор билдиришини қайд этди.
ТОШКЕНТ, 9 ноя — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) саммитида нутқ сўзлаётиб, глобал тинчлик ва хавфсизликка жиддий таҳдид солаётган Яқин Шарқдаги Фаластин-Исроил урушига яна бир бор алоҳида тўхталди.
“Минг афсуски, бу қонли низо оқибатида аввало, тинч аҳоли вакиллари, айниқса, аёллар, болалар ва кексалар кўплаб қурбон бўлмоқда. Урушнинг минтақа бўйлаб ёйилиб кетиш хавфи тобора реал тус олмоқда. Қарама-қаршиликнинг кенг кўламли низога айланиб кетишига асло йўл қўйиб бўлмайди. Биз томонларни зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга, тинч музокараларни бошлаш, оқилона муросага келишга чақирамиз”, - деди Мирзиёев.
Ўзбекистон раҳбари Фаластин халқи Бирлашган Миллатлар Ташкилоти резолюциялари билан тасдиқланган ҳуқуққа, яъни, ўзининг мустақил давлатини барпо этиш ҳуқуқига эга, деган қатъий позицияни яна бир бор билдиришини қайд этди.
Шунингдек, Мирзиёев асрлар давомида ён қўшни бўлган кўпмиллатли Афғонистон халқини бугунги мураккаб муаммолари қаршисида ёлғиз қолдириб бўлмаслиги, ушбу мамлакатни минтақавий интеграция жараёнларига фаол жалб этиш барқарор тараққиётимизнинг ажралмас ва зарурий шарти экани таъкидлади.
Давлат раҳбари йиғилганларни афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишни кўпайтиришга, ушбу мамлакатдаги ўткир ижтимоий-иқтисодий муаммоларни жамоавий масъулият ва мақбул механизмлар асосида ҳал этишга чақирди.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентда ИҲТнинг XVI саммити бўлиб ўтмоқда.
ИҲТ минтақавий кўп томонлама тузилма. Минтақа мамлакатлари ўртасидаги яқин савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида 1985 йилда ташкил этилган. Унинг доимий фаолият юритувчи котибияти Теҳрон шаҳрида жойлашган.
Бугунги кунда ташкилотга Ўзбекистон, Туркия, Эрон, Покистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистон аъзо. Ўзбекистон 1992 йилда ИҲТ аъзоси бўлган.
Янгиликлар лентаси
0