Бу йил муддатидан илгари парламент сайлови бўлиб ўтиши ҳақиқатга тўғри келмайди — депутат
15:14 26.09.2023 (янгиланди: 15:56 26.09.2023)
© Sputnik / Владимир АлексеевУрна для голосования, архивное фото
© Sputnik / Владимир Алексеев
Oбуна бўлиш
Эртага депутатлар Олий Мажлис палаталари фаолиятига тааллуқли қонун лойиҳасини кўриб чиқишади.
ТОШКЕНТ, 26 сен — Sputnik. Жорий йилда муддатидан илгари парламент сайлови бўлиб ўтиши мумкинлиги ҳақидаги "башорат"лар ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Одилжон Тожиев маълум қилди.
Қайд этилишича, шу кунларда парламентда кўриб чиқилаётган Олий Мажлис палаталари фаолиятига тааллуқли қонун лойиҳаси кенг жамоатчилик ўртасида қизиқиш уйғотмоқда.
“Қонун лойиҳаси билан 14 та қонун (жумладан Сайлов кодекси)га ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши кутилмоқда”, — деб ёзмоқда Тожиев ўзининг Telegram-каналида.
Унинг сўзларига кўра, Конституцияга парламент палаталарининг ваколатлари ва ҳуқуқларига оид янги нормалар киритилган. Лекин бу нормалар тегишли қонун ва қонуности ҳужжатларда мавжуд эмас. Бу борадаги бўшлиқни тўлдириш мақсадида бир гуруҳ депутатлар ўзлари ташаббус кўрсатиб, мазкур қонун лойиҳасини ишлаб чиқишди ва палатага киритишди.
“Иккинчи энг кўп учраган савол — парламент палаталарининг ўзини ўзи тарқатиб юбориши ҳақидаги норма парламент сайлови муддатидан илгари ўтказилишини англатадими? Йўқ. Қонун лойиҳасида ушбу ваколатнинг белгиланаётгани жорий йилда муддатидан илгари парламент сайлови бўлиб ўтишини англатмайди”, — деди у.
Қонун лойиҳаси эндигина масъул қўмита ва фракциялар йиғилишларида концептуал жиҳатдан кўриб чиқилди.
Айтилишича, ҳужжат эртага бўлиб ўтадиган қуйи палата ялпи мажлисда биринчи ўқишда кўриб чиқилади. У депутатлар томонидан қабул қилинган тақдирда, қонун лойиҳаси матни жамоатчиликнинг таклиф ва мулоҳазаларини олиш учун Қонунчилик палатасининг сайтига жойлаштирилиши режалаштирилган.
Жамоатчилик муҳокамасидаги таклифлар, фикрлар асосида қонун лойиҳаси такомиллаштирилади.
Бундан ташқари, қонун лойиҳалари масъул қўмита, фракциялар, умуман ялпи мажлисда камида яна икки босқичли муҳокамалардан ўтади ва Сенатга маъқуллаш учун юборилади. Сенат маъқуллагач эса, президент имзолайди ва кучга киради.
“Қонун ижодкорлигининг ўзига хос жиҳатларига бирма-бир тўхталганимнинг сабаби шундаки, токи бу қонун лойиҳаси парламент палаталари ва Президент томонидан қабул қилиниб, кучга киргунига қадар бўлган оралиқ вақт қисқа эмас, бу эса жорий йилда муддатидан илгари парламент сайлови бўлиб ўтиши мумкинлиги ҳақидаги "башорат"лар ҳақиқатга тўғри келмаслигини яна бир исботлайди”, — дея қўшимча қилди у.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг май ойида Ўзбекистон сайлов тизими мажоритар-пропорционал шаклга ўтказилиши маълум қилинганди. Президент томонидан имзоланган ҳужжатга кўра, Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партияларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари корпусини шакллантиришнинг мажоритар-пропорционал шаклига асосланган сайлов тизими жорий этилади.