Миллий "Лазги" балетининг Москва премьераси қандай ўтди — видео

Oбуна бўлиш
Эксклюзив
“Лазги. Қалб ва муҳаббат рақси" балети Москва Катта театрнинг тарихий саҳнасида намойиш этилди. Миллий балетнинг Москва премьераси қандай ўтди - бизнинг материалимизда.
ТОШКЕНТ, 11 сен — Sputnik. Москвадаги Болшой театрининг тарихий саҳнасида Алишер Навоий номидаги давлат академик Катта театри санъаткорлари ижросидаги.“Лазги. Қалб ва муҳаббат рақси” миллий балети намойиш этилди.
Ўзбек балет раққосалари учун бу спектакль айниқса муҳим эди: барча санъаткорлар Москвадаги Катта театр саҳнасига чиқишни орзу қилади.
“Бу биз учун жуда муҳим, ўта масъулиятли, биз ҳаммамиз ҳаяжондамиз, бу Москвадаги томошабинларига ёқади ва биз уларинг қалбини мафтун этамиз деб умид қиламан”, - деди спектакль олдидан бош роллардан бири ижрочиси Радион Исянов.
Спектакль анча мураккаб: хореография мумтоз ва замонавий балет ҳамда фольклор элементлари – машҳур Хоразм лазги рақсини ўзида мужассам этган. Ҳар бир асосий ролнинг ўзига хос хусусияти бор эди.

“Балетдаги "Қалб" роли – тасаввур қилиб бўлмайдиган нарса, сиз вазнсиз, жисмонан мавжуд бўлмаслигингиз керак, лекин шу билан бирга, сизнинг илиқлигингизни ҳамма ҳис қилиши керак, – дейди ушбу рол ижрочиси, балерина Нодира Ҳамраева.

Балетнинг Москва премьераси катта шов-шув билан ўтди. Катта театрнинг улкан зали томошабинларга лиқ тўла эди. Классик балет ва фольклор рақс элементлари, миллий чолғу асбоблар, Хоразм лазги рақси жозибаси ва ақл бовар қилмас ёруғлик партитураларини ўзида мужассам этган мураккаб спектакль талабчан Москва томошабинларида ҳам катта таассурот қолдирди. Санъаткорларни олқишлар ва "Браво!" деган ҳайқириқлар билан саҳнадан кузатиб қўйишди.

“Мен, дарҳақиқат, жуда катта таассурот остидаман. Ўзбекистон миллий балетининг ажойиб труппаси, мутлақо бетакрор сценография, ёруғлик, мусиқа. Бу қалб ва муҳаббат рақси жуда ёрқин, чуқур ва айни пайтда унга миллий ўзига хослик ҳам сингиб кетган", - деди Россия Федерация Кенгши спикери Валентина Матвиенко спектаклдан кейин журналистларга.

Эслатиб ўтамиз, "Лазги" балети ғояси муаллифи Ўзбекистон президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева эди. У ҳам Москвага келди. Саида Мирзиёева спектаклдан олдин Валентина Матвиенко билан учрашди.
Федерация Кенгаши раиси А.Навоий номидаги Давлат академик катта театрини ушбу спектакл билан Россияга яна келишга ва "Лазги"ни нафақат Москвада, балки бошқа вилоятларда ҳам намойиш этишни таклиф қилди.

"Биз "Лазги" балети Россияга, албатта, яна қайтишига келишиб олдик. Балки нафақат Москвага, мен уни Санкт-Петербургга Мариинский театрига ва бошқа вилоятларга ҳам келишини жуда хоҳлайман. Бу ҳақда Саида Шавкатовна билан гаплашдик ва умид қиламанки, бу ишни давом эттирамиз", - деди у.

2019 йилда ЮНEСКО томонидан Инсониятнинг номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритилган анъанавий "Хоразм Лазги" рақси бугун янгича талқинга эга бўлди.
Муаллифлар илғор саҳна технологияларини Хоразм рақсининг ўзига хослиги билан уйғунлаштирган ҳолда яхлит композиция яратишга қарор қилишди.
Мазкур асар Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташаббуси билан ташкил этилган. Театр дурдонасини яратиш устида ишлаш учун халқаро профессионаллар жамоаси таклиф қилинди. Либослари устида таниқли рус дизайнери Фрол Буримский ишлаган.
Спектакль премьераси ўтган йилнинг сентябрь ойида Навоий давлат катта театри саҳнасида бўлиб ўтган эди. Спектаклнинг Россия премьераси 7 июнь куни Санкт-Петербургдаги Александринский театрида бўлиб ўтди.
"Лазги" балетининг премьералари Дубай ва Истанбулда ҳам бўлиб ўтган.
Янгиликлар лентаси
0