Ўзбекистон ва Беларусь товар айирбошлаш ҳажмини 1 млрд долларга етказишни режалаштирмоқда

© Пресс-служба Сената Олий МажлисаСенат раиси Танзила Нарбаева ва Беларусь бош вазири Роман Головченко
Сенат раиси Танзила Нарбаева ва Беларусь бош вазири Роман Головченко  - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 06.09.2023
Oбуна бўлиш
Сенат раиси Танзила Нарбаева ва Беларусь бош вазири Роман Головченко ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.
ТОШКЕНТ, 6 сен — Sputnik. Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева Минскда Беларусь бош вазири Роман Головченко билан учрашди. Бу ҳақда юқори палата матубот хизмати хабар берди.
Учрашувда сўнгги йилларда олий даражада ўзаро ишончга асосланган мулоқот йўлга қўйилгани туфайли Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатлари янги даражага кўтарилгани таъкидланди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми бир неча баравар ортиб, 2022 йилда 500 млн доллардан ошди. Жорий йил бошидан бери бу кўрсаткич яна 37 фоизга (346 млн доллар) ўсди.
“Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 млрд долларга етказиш учун қонунчилик даражасида биргаликда амалга ошириладиган ишларни йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди”, - дейилган хабарда.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳукуматлараро комиссиянинг 10-мажлисини ўтказишга ҳозирлик кўрмоқда. Учрашувда икки мамлакат ўртасида эришилган келишувларни амалга оширишнинг ҳуқуқий жиҳатларига кўмак бериш юзасидан фикр алмашилди.
Учрашувда ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш ва иқтисодиётнинг турли тармоқларида истиқболли лойиҳаларни илгари суришдан, шунингдек, ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувни мустаҳкамлашдан икки томон ҳам манфаатдор экани алоҳида қайд этилди.
Таъкидланганидек, маданий-гуманитар алоқалар ҳам муваффақиятли ривожланмоқда, икки мамлакат вакиллари ҳар икки давлатда ташкил этилаётган маданият кунларида, жумладан турли фестиваль ва танловлар, спорт тадбирларида фаол иштирок этмоқда. Икки давлат илмий ташкилотларида ёш олимларнинг қисқа муддатли амалиётини ўтказишни давом эттириш лозимлиги айтиб ўтилди.
Мулоқот якунида аёлларни тадбиркорлик ва инновацион фаолиятга, IT соҳага, биотехнологияга фаол жалб этиш, уларни замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш бўйича амалий чора-тадбирларнинг қўшма режасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масаласини кўриб чиқишга келишиб олинди.
Эслатиб ўтамиз, Сенат раиси бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси расмий ташриф билан Беларусда бўлиб турибди. Ташриф доирасида Нарбаева Беларусь етакчиси Александр Лукашенко, Беларусь Миллий мажлиси Республика Кенгаши раиси Наталья Кочанова билан учрашди. Шунингдек, Сенат раиси Ўзбекистон – Беларус бизнес доиралари ва тадбиркор аёллар биринчи бизнес-форумида иштирок этади.
Янгиликлар лентаси
0