Тест синовлари учун ажратилган бинолар сони маълум бўлди

© SputnikТест синовлари жараёни
Тест синовлари жараёни - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 29.07.2023
Oбуна бўлиш
2023-2024 ўқув йили учун ОТМларга кириш тест синовлари республика бўйича 72 та бинода бўлиб ўтади.
ТОШКЕНТ, 29 июл — Sputnik. Тест синовлари 72 та бинода ўтказилади. Бу ҳақда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, 2023-2024 ўқув йили учун ОТМларга кириш тест синовлари республика бўйича 72 та бинода бўлиб ўтади.
Бунда:
бир сменада 1 274 та гуруҳда 38 220 нафар;
бир кунда (икки сменада) 2 548 та гуруҳда 76 440 нафар абитуриент тест синовида иштирок этади.
Тест синовлари барча ҳудудларда 1 август куни бошланиб, ҳудудлардаги абитуриентлар сони ва бинолар сиғимидан келиб чиққан ҳолда 11 кундан 13 кунгача давом этади.
Абитуриентлар тест синовига паспорт (ID-карта) ва абитуриент рухсатномаси билан белгиланган вақтдан кечикмаган ҳолда келишлари лозим. Абитуриентлар тест синовларида иштирок этиш учун “Абитуриент рухсатномаси”ни my.uzbmb.uz сайтига шахсий идентификация рақами ҳамда паспорт серияси ва рақамини киритган ҳолда олишлари мумкин.
Эслатиб ўтамиз, кириш тест синовларини очиқ ва шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида кенг жамоатчилик орасидан 3 500 нафарга яқин номзод гуруҳ назоратчиси сифатида жалб этилади. Шунингдек, эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган абитуриентларни сурдотаржимон хизматлари билан таъминлаш мақсадида 127 нафар сурдотаржимон билан шартнома тузилди.
Ўзбекистонда ўтказиладиган тест синовида иштирок этувчи абитуриентлар сони 948 486 нафарни ташкил этмоқда.
Янгиликлар лентаси
0