Тошкент аэропортидаги ягона такси хизмати қонунни бузмоқда — Рақобат қўмитаси
09:40 27.07.2023 (янгиланди: 11:31 27.07.2023)
© Uzbekistan Airports Uzbekistan Airports ягона такси хизмати
© Uzbekistan Airports
Oбуна бўлиш
Рақобат қўмитаси "Uzbekistan Airports" томонидан ягона такси хизматининг йўлга қўйилишини ноқонуний ҳаракат деб атади.
ТОШКЕНТ, 27 июл — Sputnik. “Uzbekistan Airports”га ягона такси хизматини йўлга қўйиб рақобатни чеклашга олиб келадиган ҳаракатларига чек қўйиш юзасидан тегишли кўрсатма берилган. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.
Айтилишича, “Uzbekistan Airports”га тегишли Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти ҳудудидаги автотураргоҳлар учун тўловлар миқдори оширилганлиги, шунингдек, аэропорт ҳудудида фақат ягона такси хизмати йўлга қўйилиши натижасида бошқа тадбиркорлик субъектлари киришига сунъий тўсиқлар қўйилганлигидан норозиликлар билдирилиб, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган.
Қўмита томонидан ўрганишлар давомида қуйидаги ҳолатлар ўрганилган:
йўловчилар келиш терминали ёнидаги махсус йўлнинг биринчи қаторига фақат битта тадбиркорлик субъектига тегишли автомобилларнинг киришига шарт-шароит яратиб берилган;
ушбу субъектдан тўловлар ундирилмаган;
унга ташиш учун қатъий белгиланган тариф қўлланилиши ва ҳар қандай нархлар ўзгаришлари келишилиши белгиланган;
техник топшириқ шартлари талабига мос келувчи лицензияга эга бўлган такси хизматини кўрсатувчи бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг автомобилларини киритмаган;
аэропорт ҳудудига яқин жойлардаги автотураргоҳлар учун тўлов миқдорининг оширилган.
“Ушбу ҳолатлар “Табиий монополиялар тўғрисида”ги қонун 16-моддаси ва “Рақобат тўғрисида”ги қонун 11-моддасида назарда тутилган қоидаларга нисбатан ноқонуний ҳаракат ҳисобланади”, - дейилади хабарда.
Рақобат қўмитаси 2022 йил 23 декабрда “Uzbekistan Airports” томонидан қонунчилик талаблари бузилган деб қарор қилган ва мажбурий кўрсатмалар берилган.
“Uzbekistan Airports”га қуйидаги мазмундаги мажбурий кўрсатмалар берилган:
тегишли талабларга мос келувчи ва белгиланган тартибда лицензияга эга бўлган такси хизматини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи хўжалик юритувчи субъектлар автомобилларининг киритилишига тенг шарт-шароит яратиб берилишини таъминлаш;
йўловчилар ва багаж ташувчи такси хизматини ташкил этиш учун “техник топшириқ”дан, унга тегишли жойни ижарага бериш шартномасидан йўловчиларни ташиш учун қатъий белгиланган тарифлар қўлланилиши ҳамда тарифлардаги ҳар қандай ўзгаришлар “Uzbekistan Airports” АЖ билан келишилган ҳолда амалга оширилиши бандларини чиқариб ташлаш;
йўловчилар келиш терминали ёнидаги махсус йўлнинг биринчи қаторида такси хизматини кўрсатувчи бошқа хўжалик юритувчи субъектлар мавжудлиги тўғрисида истеъмолчиларни хабардор қилинишини таъминлаш;
аэропорт ҳудудига яқин жойлардаги автотураргоҳлар учун тўлов миқдорини қайта кўриб чиқиш.
Шу ўринда, “Uzbekistan Airports” қўмитанинг қарор ва кўрсатмасидан норози бўлиб Тошкент туманлараро маъмурий судига мурожаат қилган. Тошкент туманлараро маъмурий судининг 2023 йил 28 мартдаги ҳал қилув қарори билан шикоят рад этилиб, қўмитанинг қарор ва кўрсатмаси ўз кучида қолдирилган.
Шунингдек, мазкур иш Тошкент шаҳар маъмурий суди апелляция инстанцияси томонидан ҳам кўриб чиқилиб, 2023 йил 12 июнда апелляция шикоятини қаноатлантириш рад этилди.