Жазони ўтаб чиққанларни ишга олганларга субсидия бериш йўлга қўйилиши мумкин

© Sputnik / Зафар ХалиловСўм
Сўм - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 21.07.2023
Oбуна бўлиш
Жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган шахсларнинг бандлик ҳолатини доимий мониторинг қилиб бориш тизими жорий қилинади.
ТОШКЕНТ, 21 июл — Sputnik. Ўзбекистонда жазони ўтаб чиққан шахсларни ишга олганларга субсидия бериш йўлга қўйилиши кутилмоқда. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тегишли қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйган.
Ҳужжатга кўра, 2023 йил 1 ноябрдан 2025 йил 1 январга қадар тадбиркорлик субъектларига ишга қабул қилган жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган ҳар бир шахс учун БҲМнинг 3 баравари (990 минг сўм) миқдорида бир марталик субсидия ажратилиши тартиби жорий этилади. Субсидия Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан берилади.
Субсидия, ишга жойлаштирилган шахс иш жойида камида 3 ойдан ортиқ муддатда меҳнат фаолиятини давом эттиргандан сўнг тўланади.
Ички ишлар органлари фуқаро жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилгани тўғрисидаги маълумотни меҳнат органларига тақдим этиб боради.
Бундан ташқари, жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган шахсларнинг бандлик ҳолатини доимий мониторинг қилиб бориш тизими жорий қилинади. Уларнинг бандлик ҳолатини реал вақт режимида аниқлаш имконияти яратилади.
Лойиҳа 4 августгача муҳокамада бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда қамоқдан чиққан фуқароларга бир марта 9,2 млн сўм ёрдам пули берилади. Ёрдам пуллари ушбу масаласини кўриб чиқувчи идоралараро доимий комиссияларнинг қарорлари асосида берилади.
Янгиликлар лентаси
0