https://sputniknews.uz/20230725/hayot-mamot-bola-chaqa-yarim-yorti-juft-sozlarning-manolarini-bilasizmi-36966174.html
Мамот, заққум, бақра, чақа, анда, ёрти, сиқтаб сўзларининг маъносини биласизми?
Мамот, заққум, бақра, чақа, анда, ёрти, сиқтаб сўзларининг маъносини биласизми?
Sputnik Ўзбекистон
Мамот, заққум, бақра, чақа, анда, ёрти, сиқтаб сўзларининг маъносини биласизми?
2023-07-25T09:47+0500
2023-07-25T09:47+0500
2023-07-25T09:47+0500
ўзбек тили
жамият
ўзбекистон
ўзбекнинг ўз сўзлари
https://cdn1.img.sputniknews.uz/img/491/76/4917686_1:0:1420:798_1920x0_80_0_0_ae1875e19a4a60331ca5d0ac2bffc539.png
Тилда иккита сўзнинг жуфтлашишидан жуфт сўзлар ҳосил бўлади: ота-она, ўғил-қиз, тоғ-тош, баланд-паст, яхши-ёмон, секин-аста, келди-кетди, кирди-чиқди, сўраб-суриштирди кабилар. Ушбу жуфт сўзларнинг таркибидаги ҳар бир сўзнинг маъносини яхши биламиз. Ўзбек тилида ҳаёт-мамот, заҳар-заққум, бола-бақра, бола-чақа, қуда-анда, ярим-ёрти, йиғлаб-сиқтаб сингари жуфт сўзлар ҳам бор, лекин уларнинг иккинчи қисми, масалан, мамот, заққум, бақра, чақа, анда, ёрти, сиқтаб каби сўзларнинг маъноларини ё билмаймиз, ё ёддан чиқарганмиз. Чунки бу сўзлар бугун тилимизда алоҳида ҳолатда қўлланмайди. Шунинг учун уларнинг маъноларини илғаш қийинлашган. Бу галги мақоламизда ана шундай сўзларнинг маънолари ҳақида сўз боради.Ҳаёт-мамотЎзбек тилида арабча сўзлар катта миқдорни ташкил этади. Уларнинг бир гуруҳи алоҳида сўзлар ҳисобланса‚ бир қисми турли фразеологизмлар таркибида қўлланади. Ана шундай сўзлардан бири – ҳаёт-мамотдир. Бу сўз таркибидаги мамот сўзинииг маъноси кўпчиликка нотаниш бўлиб‚ у “ўлим ёки охират” маъносини англатади. Масалан‚ Қуръони каримда мамот сўзи қатнашган қуйидаги оят бор ׃Эй Муҳаммад алайҳиссалом... Агар Биз Сизни (ҳақ йўлда) собитқадам қилмаганимизда, шак-шубҳасиз‚ Сиз ҳам уларга – мушрикларга бироз ён беришга яқин бўлар эдингиз. У ҳолда‚ албатта‚ Биз Сизга ҳаёт (азоби)ни ҳам‚ мамот – охират (азоби)ни ҳам икки ҳисса қилиб торттирган бўлур эдик‚ сўнгра ўзимиз учун Бизга қарши бирорта мададкор топа олмаган бўлур эдингиз. (Қуръони азим мухтасар тафсири. Муфассир: Шайх Алоуддин Мансур. 457-бет)Бундан кўринадики‚ ҳаёт-мамот сўзи “ё ўлим‚ ё қолиш” маъносини билдиради.Заҳар-заққум“Оғу каби аччиқ, киши ҳаётини заҳарлайдиган” маъносини билдиради. Масалан: Унинг бир оғиз сўзи шундай заҳар-заққум аралаш эдики, ҳушим учиб, калаванинг учини йўқотиб ҳам қўйдим. (Мурод Мансур, Жудолик диёри) Заҳар-заққум жуфт сўзидаги заққум сўзи Қуръони каримда лаънатланган дарахт номидан олинган. Бу дарахт номи бир неча сурада тилга олинган. Масалан, “Саффот” сурасида: “62. Мана шу яхшироқ зиёфатми ёки заққум дарахтими? 63. Ҳақиқатан, Биз уни (Заққум дарахтини) золим кимсалар учун фитна-алдов қилиб қўйдик. 64. Дарҳақиқат, у дўзах қаърида ўсадиган бир дарахтдир. 65. Унинг бутоқлари(даги мевалари хунукликда) худди шайтонларнинг бошларига ўхшар. 66. Бас, улар (дўзахилар), албатта, ундан еб, қоринларини тўйдиргувчилардир. 67. Сўнгра, албатта, улар учун унинг (Заққум меваларининг) устига қайноқ сувдан аралаштирилур (яъни уларга мажбуран қайнаётган сув ичирилур), дейилган. (Қуръони азим мухтасар тафсири. Муфассир: Шайх Алоуддин Мансур. 695–696-бетлар)Энциклопедик маълумотга кўра ҳам, заққум (анчар (Antiaris) тутдошлар оиласига мансуб ўсимликлар туркуми. Гули майда, кўримсиз, чангчилари каллаксимон тўпгул, уруғчиси шохларда биттадан жойлашган. Осиё, Африка тропикларида ва Мадагаскар оролида 5–6 тури бор. Осиёнинг тропикларида ўсадиган Antiaris toxicaria деган йирик дарахт Заққумнинг бир тури бўлиб, заҳарли сут шираси таркибида антиарин ва антиозидин гликозиди бор. Заққумнинг шираси заҳарли бўлганидан маҳаллий халқ камалак ўқларини заҳарлашда қадимдан фойдаланиб келади.Демак, заҳар-заққум сўзидаги заққум сўзи дарахт номидан олинган экан.Бола-чақа“Катта-кичик ёшдаги болалар”, “оила аъзолари, хотин ва болалар” маъноларини билдиради. “Бола-чақалар яхши юрибдими?” деганда шу маъно назарда тутилади. Ёки: Кеча колхозда кетмон чопиб, бири икки бўлмаган деҳқон бугун ер олиб, бола-чақаси билан гуллатиб қўйса-ю, қаддини кериб юрса, қувонаман. (Ўткир Ҳошимов, Дафтар ҳошиясидаги битиклар) Мазкур жуфт сўз таркибидаги чақа сўзи асли аввал “гўдак” маъносини билдирган. Туркман тилида ёки айрим ўғуз шеваларида ҳозир ҳам чақа сўзи “гўдак, бола” маъносида ишлатилади. Чақа сўзининг бу маъноси чақалоқ сўзида сақланиб қолган. Маълумки, -лоқ қўшимчаси от туркумидаги сўзлардан янги сўзлар ясайди. Чақалоқ сўзи ҳам чақа сўзига -лоқ қўшимчасини қўшиб ясалган.Бола-бақра“Катта-кичик болалар” маъносини билдиради. Масалан: Нима қилай, уй тўла бола-бақра, ейман-ичаман деб турибди! (Эркин Аъзам, Жаннат ўзи қайдадир) Ш.Раҳматуллаевнинг фикрича, бақра сўзи бақир- феълига -а қўшимчасини қўшиб ясалган. Қадимги туркий тилда бақир феълининг бир неча маъноси бўлган, шу маъноларидан бири “йиғламоқ” эди. Бақир феълининг ана шу “йиғламоқ” маъноси асосида бақра сўзи ясалган: бақир+а = бақира > бақра. Кейинчалик и товуши талаффуз қилинмай қўйган ва бақра ҳолига келиб қолган. Демак, бола-бақра сўзида дастлаб “йиғлайдиган ёшдаги бола” маъноси очиқ ифодаланган, кейинчалик бу маъно хиралашиб, “катта-кичик болалар”, “ҳар хил ёшдаги болалар” маъноси устуворлашган.Қуда-андаҚариндошлик муносабатлари билан боғлиқ суҳбатларда қуда-анда сўзи кўп ишлатилади. Қуда сўзининг-ку маъносини биламиз. Хўш, анда дегани нима, шуниси қизиқ. Анда деганда биз “қуданинг қудаси”ни назарда тутган бўламиз. Бу сўз қудачилик “борди-келди”лари икки қудалар билангина эмас, қудаларнинг қудалари билан ҳам бўлганлиги сабабли юзага келган. Яъни кишилар бири қиз бериб, иккинчиси келин қилиб қариндош бўлар эканлар, уларнинг қудачилик “борди-келди”ларида бошқа фарзандларининг қайната-қайнаналари ҳам муҳим ўрин тутади. Айниқса, ҳозирги кунда тўй-тантаналарга қуданинг қудасини ҳам чақириш урфга кирган. Ўзбек тилидаги “Шерикчилик – бир йилчилик, Қудачилик – минг йилчилик” мақолида қудалашиш “борди-келди”лари аниқ ифода топган.Ярим-ёрти“Чала, чала-чулпа, охирига етказилмаган” маъносини билдиради. Одатда, бу маъноларни кучлироқ ифодалаш мақсад қилинганда ярим-ёрти жуфт сўзи қўлланади: Сатторнинг кўнглидаги умид ҳам мана шу дарахтларга ўхшаб гоҳ ярим-ёрти, гоҳ омонат кўринарди.(Пиримқул Қодиров, Эрк) Ҳовлини ярим-ёрти тозалаб улгурдик. (Мурод Мансур, Жудолик диёри) Ҳозирги ўзбек тилида ёрти сўзи мустақил қўлланишдан тўхтаган. Тилимизнинг аввалги даврларида эса ярим сўзининг синоними бўлиб ишлатилган ва “бирон-бир нарсанинг ярми”ни, “бут эмас, чала эканлиги”ни ифодалаган. Ёрти сўзининг “ярим, яримта” маъноси ушбу мақолларда аниқ акс топган: Икки ёрти бир бутун. Яхши ният – ёрти мол. Миртемир домла ёрти сўзини “чала, бут эмас” маъносида қўллаган: Ёрти эмас, тўкис – бут Ғазналар, дунёлар бор. (Миртемир)Йиғлаб-сиқтаб“Бир муддат йиғламоқ, йиғлаб юрмоқ” маъносини билдиради. Сиқтаб сўзи ҳозир қўлланмайди, аввал эса йиғламоқ сўзининг синоними бўлган. Алишер Навоий “Муҳокаматул-луғатайн” асарида бу сўзни йиғламоқ сўзига нисбатан муболағали эканлиги, йиғлашнинг кучли даражасини билдиришини айтади ва қуйидаги синонимлар қаторини келтиради: йиғламак – инчкирмак – инграмак – синграмак – йиғламсинмак – сиқтамак – ўкурмак – ҳой-ҳой йиғламак. Йиғламоқ ва сиқтамоқ сўзлари узоқ вақт синоним сўзлар сифатида ёнма-ён қўлланган. Шундан кейин жуфтлашиб қўлланадиган бўлган: Сиз жуда чидамли аёлсиз! Йиғлаб-сиқтаб ўтирганингиз билан ҳеч нарса битмайди, опа!(Ш.Холмирзаев, Сайланма)Демак, сиқтамоқ сўзи ҳозирги ўзбек тилида фақат йиғламоқ сўзи билан бирга қўлланади, йиғлаб-сиқтаб, йиғлади-сиқтади жуфт сўзлари таркибидагина сақланиб қолган.Бундан олдин енг шимариб, қўл учида, бел боғлаб, подадан олдин чанг чиқармоқ, бир пул, уч пуллик каби иборалар ҳақида мақола бергандик. Унда ўзбекча иборалар ҳақида қизиқарли маълумотлар билиб оласиз.“Ўзбекнинг ўз сўзлари” рукнимиз орқали ҳар ҳафтада ўзбек тилига оид жуда қизиқ маълумотларни билиб оласиз ва сўз бойлигингизни оширасиз. Аввалги материаллар:Алмисоқдан қолган, гўрига ўт қаламоқ: иборалар тарихини биласизми?Энг кўп хато ёзиладиган сўзлар — рўйхатБу қизиқ: ўзбек миллий болалар ўйинларини биласизми?“Хумпар, хўтик, қулун”: уй ҳайвонлари ўзбекча қандай тўғри аталади.Ёввойи ҳайвонлар ўзбекча қандай аталишини биласизми?Паррандалар ўзбекча қандай тўғри аталадиҚизиқарли тест: ушбу ҳайвонлар номини биласизми? Билимингизни синаб кўрингЯкшанба куни тест ўтказамиз, билимингизни синаб кўришингиз мумкин! Telegram-каналимизга обуна бўлиб, кузатиб боринг.
ўзбекистон
Sputnik Ўзбекистон
info@sputniknews-uz.com
+74956456601
MIA „Rossiya Segodnya“
2023
Ёрқинжон Одилов
https://cdn1.img.sputniknews.uz/img/07e7/05/04/34607116_91:0:561:470_100x100_80_0_0_a0b8fac45f45356729de0d50f3a274a7.jpg
Ёрқинжон Одилов
https://cdn1.img.sputniknews.uz/img/07e7/05/04/34607116_91:0:561:470_100x100_80_0_0_a0b8fac45f45356729de0d50f3a274a7.jpg
Янгиликлар
uz_UZ
Sputnik Ўзбекистон
info@sputniknews-uz.com
+74956456601
MIA „Rossiya Segodnya“
https://cdn1.img.sputniknews.uz/img/491/76/4917686_179:0:1243:798_1920x0_80_0_0_2cf23260fad9a4434c75798b704bd612.pngSputnik Ўзбекистон
info@sputniknews-uz.com
+74956456601
MIA „Rossiya Segodnya“
Ёрқинжон Одилов
https://cdn1.img.sputniknews.uz/img/07e7/05/04/34607116_91:0:561:470_100x100_80_0_0_a0b8fac45f45356729de0d50f3a274a7.jpg
мамот, заққум, бақра, чақа, анда, ёрти, сиқтаб сўзларининг маъносини биласизми?
мамот, заққум, бақра, чақа, анда, ёрти, сиқтаб сўзларининг маъносини биласизми?
Мамот, заққум, бақра, чақа, анда, ёрти, сиқтаб сўзларининг маъносини биласизми?
Ёрқинжон Одилов
Филология фанлари доктори, профессор
“Ўзбекнинг ўз сўзлари” рукнининг навбатдаги сони ҳаёт-мамот, заҳар-заққум, бола-чақа, бола-бақра, қуда-анда, ярим-ёрти, йиғлаб-сиқтаб жуфт сўзларга бағишланган.
Тилда иккита сўзнинг жуфтлашишидан жуфт сўзлар ҳосил бўлади: ота-она, ўғил-қиз, тоғ-тош, баланд-паст, яхши-ёмон, секин-аста, келди-кетди, кирди-чиқди, сўраб-суриштирди кабилар. Ушбу жуфт сўзларнинг таркибидаги ҳар бир сўзнинг маъносини яхши биламиз. Ўзбек тилида ҳаёт-мамот, заҳар-заққум, бола-бақра, бола-чақа, қуда-анда, ярим-ёрти, йиғлаб-сиқтаб сингари жуфт сўзлар ҳам бор, лекин уларнинг иккинчи қисми, масалан, мамот, заққум, бақра, чақа, анда, ёрти, сиқтаб каби сўзларнинг маъноларини ё билмаймиз, ё ёддан чиқарганмиз. Чунки бу сўзлар бугун тилимизда алоҳида ҳолатда қўлланмайди. Шунинг учун уларнинг маъноларини илғаш қийинлашган. Бу галги мақоламизда ана шундай сўзларнинг маънолари ҳақида сўз боради.
Ўзбек тилида арабча сўзлар катта миқдорни ташкил этади. Уларнинг бир гуруҳи алоҳида сўзлар ҳисобланса‚ бир қисми турли фразеологизмлар таркибида қўлланади. Ана шундай сўзлардан бири – ҳаёт-мамотдир. Бу сўз таркибидаги мамот сўзинииг маъноси кўпчиликка нотаниш бўлиб‚ у “ўлим ёки охират” маъносини англатади. Масалан‚ Қуръони каримда мамот сўзи қатнашган қуйидаги оят бор ׃Эй Муҳаммад алайҳиссалом... Агар Биз Сизни (ҳақ йўлда) собитқадам қилмаганимизда, шак-шубҳасиз‚ Сиз ҳам уларга – мушрикларга бироз ён беришга яқин бўлар эдингиз. У ҳолда‚ албатта‚ Биз Сизга ҳаёт (азоби)ни ҳам‚ мамот – охират (азоби)ни ҳам икки ҳисса қилиб торттирган бўлур эдик‚ сўнгра ўзимиз учун Бизга қарши бирорта мададкор топа олмаган бўлур эдингиз. (Қуръони азим мухтасар тафсири. Муфассир: Шайх Алоуддин Мансур. 457-бет)
Бундан кўринадики‚ ҳаёт-мамот сўзи “ё ўлим‚ ё қолиш” маъносини билдиради.
“Оғу каби аччиқ, киши ҳаётини заҳарлайдиган” маъносини билдиради. Масалан: Унинг бир оғиз сўзи шундай заҳар-заққум аралаш эдики, ҳушим учиб, калаванинг учини йўқотиб ҳам қўйдим. (Мурод Мансур, Жудолик диёри) Заҳар-заққум жуфт сўзидаги заққум сўзи Қуръони каримда лаънатланган дарахт номидан олинган. Бу дарахт номи бир неча сурада тилга олинган. Масалан, “Саффот” сурасида: “62. Мана шу яхшироқ зиёфатми ёки заққум дарахтими? 63. Ҳақиқатан, Биз уни (Заққум дарахтини) золим кимсалар учун фитна-алдов қилиб қўйдик. 64. Дарҳақиқат, у дўзах қаърида ўсадиган бир дарахтдир. 65. Унинг бутоқлари(даги мевалари хунукликда) худди шайтонларнинг бошларига ўхшар. 66. Бас, улар (дўзахилар), албатта, ундан еб, қоринларини тўйдиргувчилардир. 67. Сўнгра, албатта, улар учун унинг (Заққум меваларининг) устига қайноқ сувдан аралаштирилур (яъни уларга мажбуран қайнаётган сув ичирилур), дейилган. (Қуръони азим мухтасар тафсири. Муфассир: Шайх Алоуддин Мансур. 695–696-бетлар)
Энциклопедик маълумотга кўра ҳам, заққум (анчар (Antiaris) тутдошлар оиласига мансуб ўсимликлар туркуми. Гули майда, кўримсиз, чангчилари каллаксимон тўпгул, уруғчиси шохларда биттадан жойлашган. Осиё, Африка тропикларида ва Мадагаскар оролида 5–6 тури бор. Осиёнинг тропикларида ўсадиган Antiaris toxicaria деган йирик дарахт Заққумнинг бир тури бўлиб, заҳарли сут шираси таркибида антиарин ва антиозидин гликозиди бор. Заққумнинг шираси заҳарли бўлганидан маҳаллий халқ камалак ўқларини заҳарлашда қадимдан фойдаланиб келади.
Демак, заҳар-заққум сўзидаги заққум сўзи дарахт номидан олинган экан.
“Катта-кичик ёшдаги болалар”, “оила аъзолари, хотин ва болалар” маъноларини билдиради. “Бола-чақалар яхши юрибдими?” деганда шу маъно назарда тутилади. Ёки: Кеча колхозда кетмон чопиб, бири икки бўлмаган деҳқон бугун ер олиб, бола-чақаси билан гуллатиб қўйса-ю, қаддини кериб юрса, қувонаман. (Ўткир Ҳошимов, Дафтар ҳошиясидаги битиклар) Мазкур жуфт сўз таркибидаги чақа сўзи асли аввал “гўдак” маъносини билдирган. Туркман тилида ёки айрим ўғуз шеваларида ҳозир ҳам чақа сўзи “гўдак, бола” маъносида ишлатилади. Чақа сўзининг бу маъноси чақалоқ сўзида сақланиб қолган. Маълумки, -лоқ қўшимчаси от туркумидаги сўзлардан янги сўзлар ясайди. Чақалоқ сўзи ҳам чақа сўзига -лоқ қўшимчасини қўшиб ясалган.
“Катта-кичик болалар” маъносини билдиради. Масалан: Нима қилай, уй тўла бола-бақра, ейман-ичаман деб турибди! (Эркин Аъзам, Жаннат ўзи қайдадир) Ш.Раҳматуллаевнинг фикрича, бақра сўзи бақир- феълига -а қўшимчасини қўшиб ясалган. Қадимги туркий тилда бақир феълининг бир неча маъноси бўлган, шу маъноларидан бири “йиғламоқ” эди. Бақир феълининг ана шу “йиғламоқ” маъноси асосида бақра сўзи ясалган: бақир+а = бақира > бақра. Кейинчалик и товуши талаффуз қилинмай қўйган ва бақра ҳолига келиб қолган. Демак, бола-бақра сўзида дастлаб “йиғлайдиган ёшдаги бола” маъноси очиқ ифодаланган, кейинчалик бу маъно хиралашиб, “катта-кичик болалар”, “ҳар хил ёшдаги болалар” маъноси устуворлашган.
Қариндошлик муносабатлари билан боғлиқ суҳбатларда қуда-анда сўзи кўп ишлатилади. Қуда сўзининг-ку маъносини биламиз. Хўш, анда дегани нима, шуниси қизиқ. Анда деганда биз “қуданинг қудаси”ни назарда тутган бўламиз. Бу сўз қудачилик “борди-келди”лари икки қудалар билангина эмас, қудаларнинг қудалари билан ҳам бўлганлиги сабабли юзага келган. Яъни кишилар бири қиз бериб, иккинчиси келин қилиб қариндош бўлар эканлар, уларнинг қудачилик “борди-келди”ларида бошқа фарзандларининг қайната-қайнаналари ҳам муҳим ўрин тутади. Айниқса, ҳозирги кунда тўй-тантаналарга қуданинг қудасини ҳам чақириш урфга кирган. Ўзбек тилидаги “Шерикчилик – бир йилчилик, Қудачилик – минг йилчилик” мақолида қудалашиш “борди-келди”лари аниқ ифода топган.
“Чала, чала-чулпа, охирига етказилмаган” маъносини билдиради. Одатда, бу маъноларни кучлироқ ифодалаш мақсад қилинганда ярим-ёрти жуфт сўзи қўлланади: Сатторнинг кўнглидаги умид ҳам мана шу дарахтларга ўхшаб гоҳ ярим-ёрти, гоҳ омонат кўринарди.(Пиримқул Қодиров, Эрк) Ҳовлини ярим-ёрти тозалаб улгурдик. (Мурод Мансур, Жудолик диёри) Ҳозирги ўзбек тилида ёрти сўзи мустақил қўлланишдан тўхтаган. Тилимизнинг аввалги даврларида эса ярим сўзининг синоними бўлиб ишлатилган ва “бирон-бир нарсанинг ярми”ни, “бут эмас, чала эканлиги”ни ифодалаган. Ёрти сўзининг “ярим, яримта” маъноси ушбу мақолларда аниқ акс топган: Икки ёрти бир бутун. Яхши ният – ёрти мол. Миртемир домла ёрти сўзини “чала, бут эмас” маъносида қўллаган: Ёрти эмас, тўкис – бут Ғазналар, дунёлар бор. (Миртемир)
“Бир муддат йиғламоқ, йиғлаб юрмоқ” маъносини билдиради. Сиқтаб сўзи ҳозир қўлланмайди, аввал эса йиғламоқ сўзининг синоними бўлган. Алишер Навоий “Муҳокаматул-луғатайн” асарида бу сўзни йиғламоқ сўзига нисбатан муболағали эканлиги, йиғлашнинг кучли даражасини билдиришини айтади ва қуйидаги синонимлар қаторини келтиради: йиғламак – инчкирмак – инграмак – синграмак – йиғламсинмак – сиқтамак – ўкурмак – ҳой-ҳой йиғламак. Йиғламоқ ва сиқтамоқ сўзлари узоқ вақт синоним сўзлар сифатида ёнма-ён қўлланган. Шундан кейин жуфтлашиб қўлланадиган бўлган: Сиз жуда чидамли аёлсиз! Йиғлаб-сиқтаб ўтирганингиз билан ҳеч нарса битмайди, опа!(Ш.Холмирзаев, Сайланма)
Демак, сиқтамоқ сўзи ҳозирги ўзбек тилида фақат йиғламоқ сўзи билан бирга қўлланади, йиғлаб-сиқтаб, йиғлади-сиқтади жуфт сўзлари таркибидагина сақланиб қолган.
“Ўзбекнинг ўз сўзлари” рукнимиз орқали ҳар ҳафтада ўзбек тилига оид жуда қизиқ маълумотларни билиб оласиз ва сўз бойлигингизни оширасиз.