Бир пул, қўл учида, етти ўлчаб: ўзбекона иборалар маъносини биласизми?

© Sputnik / Евгений Одиноков / Медиабанкка ўтишКитоб
Китоб - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 14.07.2023
Oбуна бўлиш
“Ўзбекнинг ўз сўзлари” рукнининг навбатдаги сони енг шимариб, қўл учида, бел боғлаб, подадан олдин чанг чиқармоқ, бир пул, уч пуллик каби ибораларга бағишланган.
Маданият — халқнинг энг катта нарсаси. У халқнинг баъзан ширин, баъзан аччиқ кечган турмуш тажрибалари, узоқ ва яқин тарихи, минг йиллик урф-одатлари замирида яралган. Халқ ва маданият шу тарзда баҳамжиҳат, бири иккинчисидан куч олиб яшайди. Табиийки, халқ ўзининг бу жараёнларда топганини сўзлар, иборалар, мақолу маталларга муҳрлайди. Ўзбекона ибораларда халқимизнинг ҳаётга, ҳаёт ҳодисаларига муносабати ҳайратланарли даражада аниқ, мантиқан расо акс этадики, бизнингча, бу – халқнинг ўз кўрган-кечирганлари асосида хулосага келгани – “етти ўлчаб бир кесгани”дан. Ўзбек тилидаги енг шимариб, қўл учида, бел боғлаб, подадан олдин чанг чиқармоқ, бир пул, уч пуллик иборалари ўзбек халқи синчилик салоҳиятининг ана шундай намуналаридир. Бу галги мақоламизда ўзбек халқининг турмуш тажрибаларини аниқ акс эттирадиган бир неча ибораларнинг пайдо бўлиши ва маъно нозикликларига тўхталамиз.

Енг шимариб

“Астойдил, жон-жаҳди билан” маъносини билдиради. Бу иборанинг юзага келиши халқимизнинг кийиниш маданияти билан боғлиқ.
Маълумки, аввал енги калта кийим кийиш урф бўлмаган, айниқса, ўзбек аёллари кийимларининг енги, шаръий қоидаларга кўра, қўл бармоқлари бошланадиган жойгача бўлган. Шу сабабли бирор юмуш бажаришдан олдин кир бўлмаслиги, халақит қилмаслиги учун кийим енги шимариб олинган. Масалан, “Нусратилла почча енг шимариб, ошга қўл узатди” (Мурод Мансур, Жудолик диёри), “Асқаралининг келини енг шимариб таппи ёпарди” (Тоҳир Малик, Девона) гапларида қаҳрамонлар, ҳақиқатан, кийим енгини шимариб ишга киришган. Аммо кейинчалик кийимлар енги қисқаргач, енгил-елпи ишларни бажариш учун, дейлик, кўйлак енгини шимариш шарт бўлмай қолган. Натижада енг шимариб бирикмаси кўчма маънода қўлланишни бошлаган ва шу кўчма маъноси билан бирга иборалашган. Масалан: Бугун, шанба куни, эрталабдан таҳририятга келиб, енг шимариб ишлаб ўтирсам, қўнғироқ бўлиб қолди. (А.Мелибоев, Қирқ бешинчи бекат) жумласида бирон-бир юмушни “астойдил, жон-жаҳди билан” қилмоқ маъносида келган.

Қўл учида

1) “астойдил эмас, истар-истамас; шунчаки, юзаки”; 2) “ночор аҳволда, камбағалчилик билан” маъноларини билдиради.
Бу иборанинг юзага келиши ҳам халқимизнинг кийиниш маданияти билан боғлиқ. Енги калта кийим кийиш урф бўлмай қолган, айниқса, ўзбек аёллари кийимларининг енги, шаръий қоидаларга кўра, қўл бармоқлари бошланадиган жойгача бўлган вақтларда енгил-елпи юмушлар кийим енгини шимармай, қўл учида ҳам қилинган. Ҳозир ҳам қўл учида иш қилиш мумкин. Масалан, “Уста Оқилбекка ҳам бир-икки юмуш буюрди. Оқилбек мой тегмасин, деган мақсадда қўл учида бажарса ҳам танбеҳ бермади” жумласида қўл учида бирикмаси кўчма маънода қўлланмаган, ҳақиқатан, қўлнинг учида қилинган иш-ҳаракатни билдирмоқда. Аммо ҳозирги кунда фақат қўлнинг уч қисми билан қилинадиган жисмоний меҳнатни эмас, ҳар қандай хатти-ҳаракатни “номига, истаб-истамай, шунчаки, юзаки” бажариш ҳолатига нисбатан қўлучида ибораси қўлланади. Масалан: Ўзбекларда салом-аликдан кейин “ҳорманглар”, деб қўйиш фазилати борлигини унутган Кесакполвон у билан қўл учида, менсимаган тарзда кўришиб: – Ҳа, ишлар кетяптими? – деб сўради. (Тоҳир Малик, Шайтанат)
Қўл учида бирикмаси иборалашиб бўлгандан маълум вақт ўтгач, яна бир кўчма маъно пайдо бўлган. Қуйидаги жумлада қўл учида ибораси ана шундай кўчма маънода – “ночор аҳволда, камбағалчилик билан” ифодасида келган: Қўл учида амал-тақал кун кўраётган хонадон учун сарф-харажати каттагина бир тўйдан ҳам ошиб кетгувчи “қиз мажлиси”ни ўтказиш осон эмас... (Абдуқаюм Йўлдошев, Тўй)
Шундай бўлса-да, енг шимариб ва қўл учида ибораларида халқимизнинг аввалги турмуш тарзи билан боғлиқ семантика сақланиб қолган.

Бел боғлаб

“Бирор ишни қилишга астойдил киришмоқ” маъносини билдиради. Азалдан ўзбек эркаклари тўн ёки яктак устидан белбоғ боғлаган, шунинг учунми мард ва лафзиҳалол йигитлар белида белбоғи бор деб сифатланган: Очиғини айтсам, қизларга ҳам ана шундай довюрак, “белида белбоғи бор” йигитлар ёқади (Газетадан). Табиийки, алоҳида эътибор ва жисмоний куч талаб қиладиган юмушни бажаришдан аввал кишилар уст-бошини ишга мослаб олган. Албатта, бунда белбоғ ҳам маҳкам боғланган. Шундай хатти-ҳаракатни ифодалашда белни боғламоқ бирикмаси қўлланган. Масалан: Йўлчи ўрнидан туриб елкасига эски юпқа пахталик чопонни ташлади, пошнаси қийшиқ этикни кийди, белини боғлади, отхонага чиқиб, гўнгни тўплади, охурларни тозалади (Ойбек, Қутлуғ қон).
Кейинчалик ушбу бирикмада маъно кенгайиши юз бериб, таъзия маросимларида бел боғлаб туришга нисбатан қўлланишга ўтган: Лекин супада худди катталардай белини боғлаб, ёлғиз мунғайиб ўтирган укасини кўриб юрагидаги бир мурвати чўрт сингандай бўлди-да, овозининг борича ўкириб юборди... (Одил Ёқубов, Биллур қандиллар) Ҳозирги вақтда белини боғлаб бирикмаси бу маънода кўчмалашиш жараёнида, яъни тўлиқ кўчма маъноли фразеологизмга айланиб улгурмаган, чунки таъзия ва фотиҳахонлик маросимларида чопон устидан белбоғ боғлаб туриш одати сақланиб турибди. Аммо бундай маросимларда азадор кишилар тўн устидан белбоғ боғлаб турмаган ҳолатга нисбатан ҳам бел боғлаб ифодаси ишлатиладики, бу маъно кўчиш жараёнига ишора қилади.
Халқимиз бел боғлаб бирикмасидаги “астойдиллик” маъно қиррасини фаоллаштириб, ҳар қандай ишга жон-жаҳди билан киришишга нисбатан бел боғлаб иборасини қўллай бошлаган. Бора-бора эркин бирикмаликдан узоқлашган ва “бирор ишни қилишга астойдил киришмоқ” маъносини ифодалашга ўтган. Бел боғламоқ бирикмасидан англашиладиган хатти-ҳаракатнинг фақат эркакларга хос бўлгани (белбоғ боғлаб юриш) кейинчалик айни иборанинг фақат эркаклар бажарадиган юмушга нисбатан қўлланишига сабаб бўлган. Масалан: Баракалло, ука, баракалло.Ақлли бола экансан, ука, ота қарзини узишга бел боғлабсан. Бир томондан дадангнинг арвоҳи хушнуд бўлади, иккинчи томондан, ўзинг жўраларинг орасида бошингни кўтариб, хўроздай юрасан. (Ойбек, Қутлуғ қон) Кўп яхши ишга бел боғлабсиз (Одил Ёқубов, Бир кошона сирлари).

Подадан олдин чанг чиқармоқ

“Рўёбга чиқиши аниқ бўлмаган бирор иш, воқеа ҳақида вақтидан илгари гапириб юриш” маъносини билдиради. Ушбу ибора бизга ўзбекларнинг олис тарихдаги чорвадорлик ҳаётидан ҳикоя қилади. Подадан олдин чанг чиқармоқ ибораси узоқ йиллик тарихга эгалиги сабабли биз икки тахминни илгари сурамиз.
1. Бизнингча, подадан олдин чанг чиқармоқ иборасидаги чанг сўзи “товуш” маъносида қўлланган. Чунки одатда подани олдинда бошлаб борадиган серка – эркак эчки бўйнига қўнғироқ тақиб қўйилади ва қўнғироқ жиринглаб, подани овоз ортидан эргаштиради. Ушбу иборанинг пайдо бўлишига ана шу жараён асос бўлган бўлиши мумкин. Аммо мавжуд эски ўзбек тилига доир луғатларда чанг сўзининг “товуш, овоз” маъноси қайд қилинмаган. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да ҳам ушбу ибора қатнашган жумла “гард” маъносидаги чанг сўзи изоҳида берилган. Бироқ “Ёлғиз отнинг чанги чиқмас, чанги чиқса ҳам донғи чиқмас” мақолидаги чанг сўзи “овоз” маъносида келган, “гард, тўзон” маъносида эмас.
2. Физикага доир билимлардан маълумки, чанг енгил бўлгани сабабли ҳавода тез кўтарилади ва тарқалади. Пода ўтаётганда ҳам юзлаб туёқлар остидаги чанг зарралари атрофга тутундек тарқалади, пода кўринмаса ҳам чанг-тўзони узоқдан кўзга ташланади. Одамлар пода келаётганини осмонга ўрлаган ана шу чанг-тўзондан билиб олган. Бу жараённи доим кўриб-кузатиб юрган зийрак кишилар “рўёбга чиқиши аниқ бўлмаган бирор иш, воқеа ҳақида вақтидан илгари гапириб юриш”ни подадан олдинги чанг-тўзон кўтарилишига қиёсан атаб қўя қолган.
Хуллас, подадан олдин чанг чиқармоқ иборасига қайси ҳаётий жараён асос бўлган бўлмасин, ушбу иборада қишлоқ аҳли турмушига хос жиҳат ўз изини қолдирган.

Бир пул/уч пул

1) “бир ёки икки, уч тийин”; 2) “ҳеч нарсага арзимайдиган, бир тийинга ҳам қиммат” маъноларини билдиради. Маълумки, ўтмишда пул бугунги кундагидек “олди-сотди ёки тўлов муносабатида нарх, қиймат ўлчови бўлган металл ёки қоғоз белги”ни, яъни “50 минг пул бердим” дегандаги қоғоз пулни билдирмаган. Балки “баъзи ерларда ярим тийинга, баъзи ерларда бир тийинга тенг ўлчов бирлиги” (Ўзбек тилининг изоҳли луғати. 3-жилд. 319-бет)ни – “Ҳандалакни бир пулга, қовунни уч пулга олдим” дегандек қиймат миқдорини ифодалаган. Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романида ҳам пул сўзи қиймат миқдорини билдирган: Ўзингиз ип йигириб, кун кўриб турган бўлсангиз, сизга уч танга эмас, уч пул бериш ҳам оғир экан... Вақт ўтиши билан бир пул ёки уч пулнинг қиймат даражаси ўта пастлаб кетган: бир ёки уч пулга арзигулик маҳсулот сотиб олишнинг имкони камайган. Бу ҳолатни кўриб-кузатиб юрган кишилар “ҳеч нарсага арзимайдиган, аҳамиятсиз, қадр-қимматсиз” деган тушунчани ифодалаш учун бир пул, уч пул бирликларни қўллай бошлаган. Масалан: Ҳамдамов индамади. Билдики, айтса баттар калака қилади. Кичик илмий ходимлигию академияда ишлаши буларга бир пул. (Аҳмад Аъзам, Соясини йўқотган одам) Қаерга борсалар, уларнинг сўзи маъқул, камбағалнинг арзи доди уч пул! (Ойбек, Қутлуғ қон)
Орадан вақтлар ўтиб, юқоридаги бир пул, уч пул ибораларининг “ҳеч нарсага арзимайдиган, аҳамиятсиз, қадр-қимматсиз” маъноси асосида бу маънони янада кучли ифодалайдиган бир пуллик, уч пуллик, бир пул қилмоқ, уч пул бўлмоқ каби иборалар ҳосил қилинган. Ҳозирги кунда бу иборалар ҳам мазкур маъноларда қўлланиб келмоқда. Қиёслаб кўринг:
1. Ўлтурганимдан сизга бир пуллик фойда йўқ, совчингизга ўзингиз билган жавобни бераверинг! – деди Кумуш. (Абдулла Қодирий, Ўтган кунлар)
2. Кимгадир бу – уч пуллик нарса, бор-йўғи ҳуснбузар, кимгадир –фожиа. (Чингиз Айтматов, Охирзамон нишоналари)
3. Уч ойлик меҳнатим бир пул бўлди. (Эркин Воҳидов, Шеър дунёси)
4. Лекин райком мени тумонатнинг ичида тепкилаб, яна қандай “Буларни чизиғингга сол”, дейди? Шуни ўз кўзи билан кўриб турганлар мени уч пулга оладими? (Аҳмад Аъзам, Соясини йўқотган одам)
5. “Lucid Air” электромобили “Tesla”нинг барча рекордларини бир пул қилди! (Ижтимоий тармоқдан)
Мисоллардан кўриниб турибдики, мазкур ибораларнинг маъносида ўзбекка хос этномаданий ишоралар мавжуд, бундай ишораларсиз эса ибораларнинг семантикаси қуруқ ва ғариб кўриниш олади. Ўзбекона иборалар ана шу этномаданий хусусиятлари, образлилиги билан сўзлардан фарқ қилади. “Сўздан сўзнинг фарқи бор, ўттиз икки нархи бор” деб ана шунга айтилади.
Ўзбекнинг ўз сўзлари рукнимиз орқали ҳар ҳафтада ўзбек тилига оид жуда қизиқ маълумотлар билиб оласиз ва сўз бойлигингизни оширасиз.
Аввалги материаллар:
Алмисоқдан қолган, гўрига ўт қаламоқ: иборалар тарихини биласизми?
Энг кўп хато ёзиладиган сўзлар — рўйхат
Бу қизиқ: ўзбек миллий болалар ўйинларини биласизми?
“Хумпар, хўтик, қулун”: уй ҳайвонлари ўзбекча қандай тўғри аталади.
Ёввойи ҳайвонлар ўзбекча қандай аталишини биласизми?
Паррандалар ўзбекча қандай тўғри аталади
Қизиқарли тест: ушбу ҳайвонлар номини биласизми? Билимингизни синаб кўринг
Якшанба куни тест ўтказамиз, билимингизни синаб кўришингиз мумкин! Telegram-каналимизга обуна бўлиб, кузатиб боринг.
Янгиликлар лентаси
0