Ўзбекистонда ҳафта давомида нисбатан паст ҳаво ҳарорати сақланиб туради

© SputnikҒелон қишлоғи, архив сурат
Ғелон қишлоғи, архив сурат - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 03.07.2023
Oбуна бўлиш
Маълум қилинишича, республикада кундузи ҳаво ҳарорати +33-36 даражагача, жанубда +40 даражагача пасаяди.
ТОШКЕНТ, 3 июл — Sputnik. Якшанба куни Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудларига Қозоғистон ҳудудларидан нисбатан салқин ҳаво массаси кириб келди. Бугун салқин ҳаво республиканинг барча ҳудудларига тарқала бошлади, деб ёзмоқда Ўзгидромет.
Маълум қилинишича, республикада кундузи ҳаво ҳарорати +33-36 даражагача, жанубда +40 даражагача пасаяди. Меъёрий қийматларга яқин бўлган бундай ҳарорат фони иш ҳафтасининг охиригача сақланиб туради.
3-7 июль кунлари айрим тоғолди ва тоғли ҳудудларда, шунингдек, 4 июлда кечга томон Фарғона водийси вилоятлари бўйича баъзи жойларда момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.
Республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 13-18 м/с гача кучайиши кутилмоқда, 3-4 июль кунлари энг чекка жанубда 20-22 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши мумкин.
Пойтахтда ҳаво бироз булутли бўлади, вақти-вақти билан ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шарқий йўналишдаги шамол 3-8 м/с тезликда эсади, вақти-вақти билан 10-12 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳарорат асосан +34-36 даража бўлади.
Янгиликлар лентаси
0