Ўзбекистонда Ҳамширалар академияси ташкил этилади
10:26 21.06.2023 (янгиланди: 14:48 21.06.2023)
© Министерства здравоохранения Медсестры. Архивное фото
© Министерства здравоохранения
Oбуна бўлиш
Тиббиёт ОТМда ўқиш муддати 4 йиллик “олий малакали ҳамшира” бакалавриат таълим йўналиши бўйича мутахассисларни тайёрлаш йўлга қўйилади.
ТОШКЕНТ, 21 июн — Sputnik. Ўзбекистонда Ҳамширалар академияси ташкил этилади. Бу ҳақда президент томонидан имзоланган ПҚ–197-сонли қарорда назарда тутилган.
Қарорга кўра, тиббиётнинг бирламчи бўғинида тиббий-санитария ёрдамини кўрсатишни назарда тутувчи такомиллаштирилган тизими жорий этилади.
Унга кўра:
туман (шаҳар) даражасида амбулатор ва стационар шароитда аҳолининг энг кўп мурожаатларига сабаб бўлаётган касалликлар ва ҳолатларни инобатга олган ҳолда, Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари рўйхати шакллантирилади;
бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари шифокорлари тегишли ҳудудда энг кўп тарқалган касалликлар ва ҳолатлар бўйича қисқа муддатли курсларда ўқитилади.
2024 йилдан йиллик тиббий кўриклар доирасида нуронийларни мақсадли скринингдан ўтказиш дастурлари жорий этилади.
2023/2024 ўқув йилидан қуйидагилар ташкил этилади:
Чилонзор Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникуми негизида Ҳамширалар академияси;
тиббиёт коллежлари негизида Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари.
Шунингдек, тиббиёт ОТМда ўқиш муддати 4 йиллик “олий малакали ҳамшира” бакалавриат таълим йўналиши бўйича мутахассисларни тайёрлаш йўлга қўйилади.
Қуйидагилар жорий этилади:
Техникумларнинг таклифлари асосида қабул параметрлари ҳамда қўшимча равишда табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш тартиби;
тиббиёт йўналишидаги давлат ОТМ талабаларининг билимларини 2 босқичли (фундаментал ва клиник-амалий кўникмалар) баҳолаш ва уларнинг малакасини тасдиқлаш миллий тизими;
тиббиёт ходимларининг малакасини оширишга қаратилган узлуксиз касбий таълим портали.
Давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотларига малака ошириш курсларини жорий этиш ҳуқуқи берилади.
Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш, уларнинг малакасини ошириш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилади.
2023 йил якунигача:
барча нодавлат тиббиёт ташкилотлари Соғлиқни сақлаш вазирлигининг махсус ахборот тизимига уланади;
нодавлат тиббиёт ташкилотининг ходимлари, тиббий техникаси, хизмат турлари, тиббий статистика ва бошқа ҳисоботлари мониторинги юритилади;
тиббий фаолиятни назорат қилишда “хавфни таҳлил қилиш” тизими йўлга қўйилади.
Шунингдек, Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги, Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш ва Тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш ва аккредитациялаш марказлари ташкил этилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш мақсадида Туркиянинг Соғлик билимлари университети билан ҳамкорликда Тошкентда Ҳамширалар академияси ташкил этилиши маълум қилинган эди.
Академия ўз фаолиятини янги ўқув йилидан бошлайди. Ҳамшираларни тайёрлаш 4 йиллик ўқув дастури асосида Соғлик билимлари университети профессор-ўқитувчилари томонидан халқаро таълим стандартлари асосида амалга оширилади. Унга кўра, таълимнинг икки йили Ўзбекистонда ва икки йили Туркияда олиб борилади.