Мактаб битирувчилари электрон шаҳодатномани 20 июндан юклаб олиши мумкин

© Sputnik / Александр КряжевСтудент
Студент - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 19.06.2023
Oбуна бўлиш
e-shahodatnoma.uz электрон платформасига битирувчиларнинг шаҳодатнома маълумотлари киритилган.
ТОШКЕНТ, 19 июн — Sputnik. Мактаб битирувчилари шаҳодатномани 20 июндан e-shahodatnoma.uz ахборот тизими орқали онлайн тарзда юклаб олиши мумкин. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хабар берди.
11-синф мактаб битирувчиларининг шаҳодатнома маълумотлари Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг олий таълим муассасаларига қабул бўйича электрон платформасига интеграция қилинган.
Шу боис олий таълим муассасаларига электрон ҳужжат топшириш жараёнида битирувчининг шаҳодатнома маълумотлари автоматик тарзда тақдим этилади. Битирувчилар шаҳодатномани шахсан тақдим этишига эҳтиёж йўқ.
e-shahodatnoma.uz электрон платформасига қуйидаги умумий ўрта таълим мактаблари 11-синф битирувчиларининг шаҳодатнома маълумотлари киритилган:
- Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим мактаблари;
- Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тасарруфидаги Президент мактаблари, ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар;
- Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги тасарруфидаги олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари;
- Нодавлат таълим ташкилотларининг 11-синф битирувчилари.
Академик лицей ва касб-ҳунар мактаблари битирувчиларининг диплом маълумотлари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг электрон тизимига киритилади.
Электрон шаҳодатномани юклаб олишга оид қўлланма билан қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин.
Маълумот ўрнида, жорий ўқув йилида умумтаълим мактабларини 390 мингдан ортиқ битирувчи тамомлайди.
Янгиликлар лентаси
0