Футболни ривожлантириш учун қатор солиқ имтиёзлари берилади

© pexels.com/Kampus ProductionФутбол
Футбол - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 02.06.2023
Oбуна бўлиш
Мамлакат ҳудудига олиб кириладиган спорт асбоб-ускуналари ва инвентари ҳамда соҳани қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ қатор товарлар учун қўшилган қиймат солиғини тўлашдан озод этилмоқда.
ТОШКЕНТ, 2 июн — Sputnik. Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатнинг қирқ биринчи ялпи мажлисида “Солиқ кодексининг 483-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун маъқулланди.
Сенаторларнинг таъкидлашича, бу қонун билан Солиқ кодексига 2023 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар Ўзбекистон футбол ассоциацияси, унинг ҳудудий бўлинмалари, “Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси” жамоат бирлашмаси, Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази ва профессионал футбол клубларига барча турдаги солиқларни (бундан ижтимоий солиқ мустасно) тўлашдан озод этишни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.
Шунингдек, ўзи жалб қилган чет эл мутахассислари ва футболчиларининг даромадларидан тўланадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёз берилмоқда.

"Бундан ташқари, мамлакат ҳудудига олиб кириладиган, мамлакатда ўхшаши ишлаб чиқарилмайдиган спорт асбоб-ускуналари ва инвентари ҳамда соҳани қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ қатор товарлар учун қўшилган қиймат солиғини тўлашдан озод этилмоқда", - дейилган хабарда.

Мажлисда “Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси” жамоат бирлашмаси ва профессионал футбол клубларининг молиявий аҳволини яхшилаш, хорижий етук мутахассисларни жалб қилиш орқали соҳадаги мутахассислар малакасини ошириб бориш, шунингдек, хусусий профессионал футбол клубларини кўпайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Сенаторларнинг фикрича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши футбол клублари фаолиятини ривожлантиришга, терма жамоалар учун ўқув-машқ жараёнини самарали ташкил этишга, мамлакатимизда футбол бўйича йирик халқаро мусобақаларни, шу жумладан ўсмирлар, ёшлар ва хотин-қизлар жамоалари ўртасида жаҳон ҳамда қитъа биринчиликларини юқори даражада ташкил этишни таъминлашга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, 7 апрель куни мамлакатда футболнинг оммавийлигини янада ошириш, истиқболли ва иқтидорли футболчиларни танлаш ҳамда профессионал даражада тайёрлашнинг янги тизимини йўлга қўйишга қаратилган президент қарори қабул қилинган эди.

Мавзуга оид:

Энди ҳар йили футболни ривожлантириш учун 25 млрд сўм ажратилади — ҳомийлар ким?
Ўзбекистонда 14 та футбол мактаби очилади — президентга таклиф
ОФК президенти Ўзбекистонда футбол ривожланаётганини айтди
Ўзбекистон U20 Осиё Кубоги ғолиби бўлди — фото, видео
Янгиликлар лентаси
0