Онкология - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 21.01.2022
Бу қизиқ
Ушбу рукнимизда илм-фан, инсон соғлиги, фойдали ва зарарли озиқ-овқатлар, парҳез таомлар, шифокорлар маслаҳати ва бошқа барча учун қизиқарли маълумотлар бор.

“Қаъда, садр, оқкияр”: қандай дафн маросимлари ва марҳумни хотирлаш урф-одатлари бор

© Sputnik / Искандар АминовЎзбекча дафн маросимлари ва марҳумни хотирлаш урф-одатлари
Ўзбекча дафн маросимлари ва марҳумни хотирлаш урф-одатлари - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 25.05.2023
Oбуна бўлиш
"Ўзбекнинг ўз сўзлари" навбатдаги сони ўзбекча дафн маросимлари ва марҳумни хотирлаш урф-одатларига бағишланган.
Дунё халқларида асрлар давомида одат бўлиб келган ҳар хил урф-одатлар бор. Ўзбек этнографиясида марҳумни дафн қилиш ва уч ҳайит ичида ўтказиладиган хотирлаш маросимлари юзага келган. Бу маросимларнинг номлари ҳам ўзига хос. Бу галги мақоламизда дафн ва ундан кейинги марҳумни хотирлашга бағишланган урф-одатлар номлари ҳақида суҳбатлашамиз.

Давра

Марҳумнинг гуноҳларини ювиш учун, жанозадан илгари тўпланиб ўтказиладиган мотам маросими номи. Бу маросимда садақага ажратилган нарсалар марҳумнинг ёшига мувофиқ қўлдан-қўлга ўтказиб айлантирилгани учун давра дейилган.

Жаноза

Марҳумни дафн қилишдан олдинги мотам маросими номи. Ислом динида марҳум жаноза намози ўқилгандан кейин дафн қилинганлиги учун жаноза дейилган. Собиқ иттифоқ даврида партия аъзоси бўлган кишиларга жаноза ўқилиши тақиқланган эди. Халқ орасида “бежаноза кетди” деб жаноза ўқилмай кўмилганларга айтилади. Яхши кишиларнинг жанозасига одам кўп йиғилган, ёмон кишиларнинг жанозасида саноқли одамлар бўлган, шунинг учунми “Ёмоннинг жанозасидан яхшининг ҳикояси фойдали” тарзидаги мақолмонанд нақл пайдо бўлган.

Таъзия

Марҳум дафн қилингандан кейин уч кунгача жаноза ўқилган хонадонда марҳум ҳақига дуо-фотиҳа қилиш маросими номи. Таъзия маросими ўтаётган уй таъзияхона, мотамхона дейилади. Марҳумни дафн қилишда қатнашганлар, таъзияда турганлар ва марҳумнинг яқинлари таъзиячи деб аталади. Азадор, мотамдор деб марҳумнинг яқинларига айтилади. Марҳумнинг яхши одатларини айтиб йиғловчи аёллар гўянда, йиғичи дейилган. Тобутни қабрга олиб боришда олдинда ҳасса тутиб борувчи эркаклар ҳассакаш бўлади. Кишининг вафоти муносабати билан газета-журнал ёки бошқада эълон қилинган ёзма хабар таъзиянома дейилади.

Аза

Майит чиққан уйда аёллар тўпланиб, йиғи-сиғи қилиб ўтказадиган мотам маросими номи. Қадимий миллий одатларга кўра, киши ўлганда қариндош-уруғ, қўни-қўшни хотинлар азага келади. Шунда азадор хотинлардан бири бош йиғичи дейилган ва у марҳумнинг таърифини айтиб йиғлаган, бошқа аёллар унга қўшилиб ув тортиб йиғлаганлар. Бундай йиғилар йўқлов дейилади, тўрт қаторли шеърга ўхшайди. Бу мотам маросими асосан аёллар иштирокида ўтишини қуйидаги мақолдан ҳам билса бўлади: Азага борган хотин ўз дардини айтиб йиғлар.

Фотиҳа

Дафн маросимидан кейин уч кунгача, бундан ташқари, арафа ва ҳайит кунлари ўлик чиққан уйда марҳумга атаб ўтказиладиган мотам маросими номи. Бу маросимга маҳалладаги катта ёшли кишилар, имом-домлалар бош бўлади. Фотиҳага келганлар фотиҳахон ёки фотиҳачи дейилади. Фотиҳачилар Қуръони каримдан суралар ўқиб, марҳумни дуо қилгани учун фотиҳа деб аталади. Халқимиз бундай маросимда дуо қилиб ўтириш одатини фотиҳахонлик дейди.

Кирювди/Уч

Дафн маросимидан уч кун ўтгач, азали уйда ўтказиладиган биринчи мотам маросими номи. Бу маросимда марҳумнинг кийимлари ювилиб, ювғучи (халқ тилида марҳумни ювиб-тозалаб кафанлаган одам покчи, ғассол, мурдашўй деб, ўлик ювиладиган тўрт оёқли пастак стол сартахта деб айтилади)га берилгани учун кирювди дейилади. Кирювди одати дафннинг учинчи кунида ўтказилгани сабабли уч деб аталади.

Етти

Киши вафотининг тўртинчи кунидан еттинчи кунигача бўлган муддатда ўтказиладиган мотам маросими номи. Бу маросимни маърака ҳам дейишади. Масалан: Кеча, одатга мувофиқ, нари-бери етти қилинди. Ойбек, Танланган асарлар.

Йигирма

Киши вафотидан сўнг ўн еттинчи ёки ўн тўққизинчи куни ўтказиладиган мотам маросими номи. Масалан: Йўлдош мотамсаро. Онасининг жанозаси, йигирмаси, қирқи, хатми қуръон деб, анча чиқимдор бўлганга ўхшайди. С.Анорбоев, Меҳр.

Садр

Бўйга етган йигит-қиз ёки келинчак вафот этганда марҳумнинг “қирқ”игача аёллар иштирокида ўтказиладиган мотам маросими номи. Бу маросимда марҳумнинг яқинларидан бир ёки бир неча киши даврага тушиб, олд-орқага ёки икки томонга солланиб, йиғи билан таъсирчан сўзларни айтиб марҳумни эслаганлар, қолганлар уларга жўр бўлганлар. Масалан, садр маросимида қуйидаги сўзлар айтилиши мумкин: “Қуш эдим, қанотимдан айрилдим, Ёр эдим йўлдошимдан айрилдим...”.

Қирқ

Киши вафотидан сўнг ўттиз еттинчи ёки ўттиз тўққизинчи куни ўтказиладиган мотам маросими номи.

Қаъда

Марҳум вафотидан кейинги маросимлардан бирини, масалан, “йигирма”си ёки “қирқ”ини бирор яқин қариндошиникида ўтказишдан иборат маросим номи. Баъзан бу маросимни ўтказиш муддати ўзгариши мумкин. Шунинг учун халқ тилида “Олтин чиримас, қаъда қаримас” деган мақол юради.

Гул

Марҳум хотирасига бағишлаб баҳор келиб, гуллар очилган пайтда ўтказиладиган мотам маросими номи. Одатда, бу маросим марҳумнинг йили бўлгунча ўтказилган. Ҳозирги кунда жуда кам ҳолатда бу маросим ўтказилади. Ёзувчи Миркарим Осимнинг “Тилсиз гувоҳ” асаридаги ушбу мисолда дафн маросимларининг кўплаб номлари бор: Чолнинг ёстиғи тагидан топилган пул уни кўмиб келишгагина етди. Ҳали бу ёқда учи, еттиси, йигирмаси, фотиҳахонлиги, шаклиги, ифторлиги, икки ҳайити, гули, қовоқ оши, қовун-узуми, йилошиси, оқсолар ва ҳоказолар бор.

Қорёғди

Марҳумнинг вафотидан кейин биринчи қор ёққанда ўтказиладиган мотам маросими номи.

Йилоши

Киши вафотидан кейин, одатда, тўққизинчи ёки ўн биринчи ойда қариндош-уруғ, қўни-қўшни ва маҳалла-кўйга ош бериб ўтказиладиган маросим номи. Бу маросим Ўзбекистонннинг барча вилоят ва шаҳарларида кенг тарқалган. Қуйида берилган мисоллар унинг Бухоро ва Тошкентда ўтказилганлигини тасдиқлайди. Масалан: У вазифа: ота-онамиз учун йилоши бериш ва икки укамизни тўй қилиш эди. С.Айний, Эсдаликлар. Азизанинг йилошисидан кейин ўртоқлари уни уйланишга мажбур қила бошладилар. Ҳ. Ғулом, Тошкентликлар.

Оқкияр/Оқсолар

Киши вафотидан бир йил ўтиб, уч ҳайити ўтиши муносабати билан азали уйда ўтказиладиган маросим номи. Бу маросимда марҳумнинг яқин кишилари қатнашади. Оқсолар маросимида бир-бирларига оқ кийимлик тарқатадилар. Шундан кейин марҳумнинг яқинлари эгниларидаги мотам либосларини ташлайдилар. Қора ёки кўк рангли кийимларни киймай қўядилар.
Шуниси қизиқки, баъзи жойларда оқ кийиш таъзия муддати тугаганини, қора кийимни оқ кийим билан алмаштиришни билдирса, баъзи жойларда, масалан, Бухоро томонларда азали муддат бошланганлигини билдиради. Масалан, қуйидаги мисолда оқ кийиш азали ҳолатнинг бошланганлигини билдириб келган: Рўзимуроднинг онаси аза очди. Қариндошлар оқ кийиб, овоз чиқардилар. Ш.Ашурова, Янга.
Хуллас, халқимиз ўлимнинг ҳақлигини, ўлим қош билан қовоқнинг ўртасидалигини азалдан англаган. Шунинг учун “ўлдинг – унутилдинг” қабилида иш тутмаган. Марҳум вафотидан кейин ҳам бир йил давомида уни хотирлаб турли маросимларни ўтказиб келган. Юқорида биз айтган урф-одатлар бугунги кунда ҳам бироз қисқарган, айримлари унутилган бўлиши мумкин. Улар ўзбек халқининг одатлари сифатида ўз даврига мослашиб, яшашда давом этмоқда.
“Ўзбекнинг ўз сўзлари” рукнини бошлангандик. Биринчи мавзу -“Хумпар, хўтик, қулун”: уй ҳайвонлари ўзбекча қандай тўғри аталади.
Ёввойи ҳайвонлар ўзбекча қандай аталишини биласизми?
Паррандалар ўзбекча қандай тўғри аталади
Қизиқарли тест: ушбу ҳайвонлар номини биласизми? Билимингизни синаб кўринг
Якшанба куни тест ўтказамиз, билимингизни синаб кўришингиз мумкин! Telegram-каналимизга обуна бўлиб, кузатиб боринг.
Янгиликлар лентаси
0