Саратонни даволовчи препарат дорихоналарда сотилмайди — Фанлар академияси

© Sputnik / Александр Кряжев / Медиабанкка ўтишРабота аптеки в Новосибирске
Работа аптеки в Новосибирске - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 25.03.2023
Oбуна бўлиш
Фанлар академияси ўзбекистонлик олимлар томонидан ишлаб чиқилган онкологик касалликларни даволайдиган янги дори ҳақида қўшимча маълумот берди.
ТОШКЕНТ, 25 мар — Sputnik. Ядро физика институтида ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган лютеций-177 ПСМА-617 радиофармацевтик дори воситаси радиоактив модда бўлиб у дорихоналарда сотилмайди. Бу ҳақда Ўзбекистон фанлар академияси маълум қилди.
Қайд этилишича, дори лютеций-177 радиоизотопи ва ПСМА-617 простата специфик менбранали антигендан ташкил топган. Яъни бу дори воситаси асосан катта ёшдаги эркаклардаги простата бези ракини даволашда самарали ҳисобланади. Шу билан бирга тўртинчи ва бешинчи дозаларида тананинг бошқа қисмларидаги метастазаларга ҳам терапевтик таъсир кўрсатиши кузатилган.
“Бу дори воситаси радиоактив модда бўлиб у дорихоналарда сотилмайди. Бу фақат шифохона ва клиникаларга етказиб берилади. Клиникаларда беморлар текширувдан ўтказилиб, PET (позитрон-эмиссион томография) ёрдамида ташхис қўйилади. Бемордаги касалликни лютеций-177, ПСМА-617 ёрдамида даволаш мумкинлиги аниқланса клиника бизнинг корхонага шу дорининг керакли дозасига буюртма беради”, дейилади хабарда.
Даволаш фақатгина касалхона шароитида, махсус гамма камералар билан кузатув остида олиб борилади. Беморлар бу дори воситасини ўзларича дорихонадан сотиб олиб ўзлари даволана олмайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ дори воситаси “Радиопрепарат” давлат корхонаси ва Радиокимё илмий лабораторияси олимлари томонидан олиб борилган тадқиқотлар маҳсули эканлиги маълум қилинганди. Ушбу дорининг бир дозаси ҳозирда АҚШда 70 000 долларга, Европада эса тахминан 25 000 долларга сотилмоқда. Ўзбекистонда ушбу дорини республиканинг 3 та онкология клиникасига 1,5 минг доллардан етказиб бериш бошланган.
Янгиликлар лентаси
0