АЭС - ягона йўлми? Энергияга чанқоқ Марказий Осиё
22:19 03.03.2023 (янгиланди: 22:21 03.03.2023)
© Пресс-служба Госкорпорации "Росатом" Белорусская атомная электростанция
© Пресс-служба Госкорпорации "Росатом"
Oбуна бўлиш
Марказий Осиёда аҳоли сони ўсиши ва иқтисодий ривожланиш - катта қувватли энергия манбааларини талаб қилади. Минтақанинг энегетик келажаги ҳақида Sputnik мутахассислар фикрини жамлади.
ТОШКЕНТ, 2 мар - Sputnik. Сўнгги қиш Ўзбекистон электр энергияси ва газ таъминотидаги етишмоқвчиликларни яққол намойиш қилди.
Декабрь ойида об-ҳаво совий бошлаши билан бирга газ ва электр таъминотида узилишлар кузатила бошлади. Январь ойида эса ҳаво кескин совиганидан сўнг вазият фавқулодда тус олди. Аҳолини газ ва электр билан таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон раҳбарияти АЁҚШлар ва айрим саноат объектлари, иссиқхоналарга газ етказиб беришни таъқиқлашга мажбур бўлди.
Энергетика вазирлиги ушбу муаммо негизини ўрганиб чиққанидан сўнг, ўз хулосасини билдирди: сўнгги йилларда Ўзбекистонда саноат корхоналари илдам ривожланиши ва аҳоли сони ўсиши муносабати билан электр энергиясига бўлган талаб ортган, лекин ишлаб чиқариш қувватлари етарли даражада кўпаймаган. Натижада, ҳаво совиши ва талабнинг кескин ортишига тизим дош бера олмаган.
Энергияга чанқоқ Марказий Осиё
Айтиш жоизки бундай вазият нафақат Ўзбекистонда, балким Марказий Осиёнинг деярли барча давлатларида мавжуд. Келаётган бир неча ўн йилларда ҳудуд аҳолиси сони илдам ошиши ва иқтисодий ривожланиш билан бирга ушбу муаммо янада долзарб тус олиши кутилмоқда.
Иккинчидан минтақада сув танқислиги муаммоси ҳам йилдан йилга тобора сезиларли бўлиб бормоқда. Бу эса ўз навбатида янги ГЭСлар қуриш ва улардан тўлақонли фойдаланиш имкониятини чеклайди.
Ушбу вазиятда Марказий Осиё давлатлари биргаликда сув-энергетика тизимларини бирлаштириб (МО энерегетик ҳалқаси) Биргаликда йирик ГЭСлар қурилишиги сармоя киритиб (Қамбар-Ота ГЭСи) мавжуд энергия танқислигидан чиқиш йўлларини изламоқда.
Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон эса - атом электр станциялари қуриш имкониятларини ҳам ҳар томонлама, жидий ўрганиб чиқмоқда.
Ўзбекистон позицияси
Бугунги кунда МО давлатлари орасида фақат Ўзбекистон, АЭС қурилишини амалга оширишга энг яқин келди. Республика Россия билан 2017 йилда иккита ВВЭР-1200 энергоблокини қуриш бўйича шартнома имзолаган эди. Икки йилдан сўнг Жиззахда қурилиш учун майдон танланди ва сейсмологик, гидрологик, метеорологик ва экологик параметрлар бўйича маълумотлар йиғила бошланди.
"Ma'no" тадқиқот ташаббуслари маркази директори Бахтиёр Эргашев айтишига кўра, АЭС қурилиши “қандайдир бир гуруҳ одамларнинг хоҳиши” эмас.
“Ўзбекистон АЭС қуриш зарурияти ҳақида гапирадиган бўлсак - саноатнинг ўсиши, республиканинг иқтисодий ривожланиши ва ўсиб бораётган аҳоли фаровонлигини оширишни энергия таъминотисиз амалга ошириб бўлмаслигини мамлакат тушунмоқда. Энергия - сув ва ҳаводек зарур, Ўзбекистон эса энергия тақчил давлат”, - дейди Эргашев.
Агар ҳозир Ўзбекистонда 70 миллиард киловатт-соатдан ортиқ электр энергияси ишлаб чиқарилса ва фойдаланилса, 15 йилдан кейин талаб камида 110 миллиардга ошади ва уларни қаердадир ишлаб чиқариш керак, дейди эксперт.
“Шунингдек, Ўзбекистонда электр энергиясининг қарийб 85 фоизи табиий газ ёқиладиган иссиқлик электр станциялари ёрдамида ишлаб чиқарилади. Аммо бу ердам ҳам муаммолар бор – газ захиралари чексиз эмас ва аллақачон пасайишни бошлаган.”
Эргашев Ўзбекистон учун ягона йўл муқобил ва “яшил” энергетикани ривожлантириш эканлигини таъкидлади ва бундай энергия турига расмий равишда атом энергетикаси ҳам киришини таъкидлади.
“Албатта, муқобил энергия манбаларидан – шамол ва қуёш электр станцияларидан фойдаланиш мумкин, аммо уларнинг барча афзалликларига қарамай, қайта тикланадиган энергия манбалари табиат, иқлим шароитига ва ҳатто куннинг вақтига ҳам жуда боғлиқ. Бежизга уларни "тақсимланган генерация" деб аташмайди – қуёш электр станциялари фақат қуёш бўлганда ишлайди. Шамол электр станциялари билан ҳам шундай: шамол йўқ – энергия йўқ”.
Шу ўринда албатта гидроэнерегетикага алоҳида эътибор бериш керак. Ўзбекистонда ГЭСлар қуриш имконияти чекланган бўлса-да, қўшни Қирғизистон ва Тожикистонда фойдаланилмаётган улкан қувватлар мавжуд, - дейди Эргашев.
“Минтақадаги барча давлатлар электр энергияси ишлаб чиқаришни кўпайтиришдан манфаатдор ва бу борада турли лойиҳаларни изламоқда. Шу ўринда савол туғилади: нега биргаликда умумий фаровонлик йўлида ишлайдиган ва тоза энергия билан таъминлайдиган ГЭСларни қурмаймиз? Ҳақиқатан ҳам ўсиш бор – Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон қудратли Қамбар-Ота гидроэлектр станциясини қуришни режалаштиришмоқда. Шунингдек, айни пайтда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида Заравшон дарёси худудида ГЭС қуриш масаласи ишлаб чиқилмоқда”.
Қирғизистон позицияси
Ўтган йилнинг январь ойида Қирғизистон ва Россия РИТМ-200Н атом реактори негизида кам қувватли АЭС қуришга келишиб олган эди. Қирғизистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва "Росатом" ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди.
Қирғизистон энергетика вазири ўринбосари Сабирбек Султонбековнинг айтишича, узоқ вақт сув бўлгани туфайли Қирғизистонда ўтган йилда энергия танқислиги юзага келган ва Қирғизистон электр энергиясини импорт қилишга мажбур бўлган. Келажакда республикага табиий шароитга боғлиқ бўлмаган – атом энергияси бўлиши керак.
Ҳозирда "Росатом" билан кам қувватли атом электр станциясини қуриш имкониятларини ўрганиш бўйича меморандум имзоланган: гап 50 мегаватт қувватга эга иккита станция ҳақида бормоқда. Аммо ҳозир биз 50 мегаватт қувватга эга иккита АЭС ҳеч нарсани ҳал қилмайди деб ўйлаймиз. Менимча, қурадиган бўлсак, қуввати камида 300 мегаватт бўлиши керак. Бу масала аҳоли билан муҳокама қилиниши керак”, — деди Султонбеков.
Иқтисодчи Қубат Раҳимов айтишига кўра, Марказий Осиё давлатлари энергетикани ривожлантиришда келажакда минтақада аҳоли сони тез суръатда ўсишини ва сув ресурсларининг аҳамияти ошишини ҳисобга олиши зарур.
“Бу кўпчиликка маъқул келмаслиги мумкин, лекин фақат АЭС сув муаммосини энергия масаласидан “ажратиши” мумкин. Масалан, Қирғизистонга электр энергия, Ўзбекистонга ҳам сув, ҳам электр энергия керак. Қишда электр энергияси ишлаб чиқариш учун сувдан фойдаланиш ва ёзда уни тўплаш зарур бўлган шароитда сув-энергетика балансини сақлаш жуда қийин бўлади, – дея тушунтирди эксперт.
Унинг фикрича, бу масала Марказий Осиёда АЭС лойиҳаларни амалга ошириш тенденциясини кучайтиради. Шу тариқа, Ўзбекистон "Росатом" билан ҳамкорликда ўз станциясини қурмоқда, Қозоғистон ҳам, Қирғизистон ҳам худди шундай қурилиш режаларига эга.
Қозоғистон фикри
“Қозоғистон атом электр станциялари” акциядорлик жамияти бош директори Тимур Жантикин айтишига кўра, Қозоғистонга ҳам узоқ муддатли ишончли энергия манбаи керак.
Қозоғистонда кўмир заҳиралари жуда кўп бўлишига қарамасдан, республика БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конвенциясини имзолаган. Унга мувофиқ Қозоғистон 2060 йилгача углерод нейтраллигига эришишни ваъда берган.
Шу сабабли ҳам, Қозоғистон иккита АЭС қуриш ҳақида ўйламоқда.
"Ҳозирча биз ҳар бири 1200-1400 мегаватт қувватга эга иккита блокли битта станция қуришни кўриб чиқяпмиз, гарчи Энергетика вазирлиги иккинчи станция қурилиши лозимлиги ҳақида аллақачон гапирмоқда. Яъни, бизга атом энергетикасини ривожлантириш дастури керак бўлиб, у мамлакат электроэнергетикасини ривожлантиришнинг умумий дастури билан уйғунлаштирилади. Ҳаммасини кўриб чиқиш, аниқлаш керак”, - деди Жантикин.
Статистик маълумотларга кўра Қозоғистон аҳолиси 2023 йилнинг январ ҳолатида 19,7 миллионга етган.
Бугунги кунда Қозоғистонда ҳам ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 90% - иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқарилади.
Қозоғистон уран қазиб олиш бўйида дунёда бириничи, уран заҳиралари бўйича дунёда иккинчи ўринда туради. Ундан ташқари Қозоғистонда уран хом-ашёсидан АЭСлар учун ёқилғи тайёрлаш корхонаси ҳам бор.
"Қозоғистон ва Ўзбекистон жуда кўп уран қазиб олади, Қирғизистонда ҳам уран қазиб олишади. Қозоғистонда шунингдек, ядровий тайёрлаш корхоналари ҳам бор. Ўтган йили Уст-Каменогорскда Хитой бозори учун ядро ёқилғиси ишлаб чиқаришни бошлаган эдик", - дейди Жантикин.
Мутахассис фикрига кўра, юқоридаги ҳолатларни ҳисобга олиб, Марказий Осиёда атом электр станцияларини ёқилғи билан таъминлашга истиқболи мавжуд. Лекин шу билан бирга атом энерегетикаси жуда мураккаб технология бўлиб, у жиддий молиявий ресурсларни ҳам талаб қилади. Хатога йўл қуймаслик учун МО давлатлари АЭСларни ривожлантиришни ўзаро муҳокама қилиши керак.
Россиядан назар
Постсовет изланишлар марказининг катта илмий ходими Станислаб Причтин айтишига кўра, Марказий Осиё давлатлари энергетик инқироздан чиқиши учун барча турдаги энергия манбааларидан самарали фойдаланувчи комплекс чора керак.
"Умуман олганда, инқироздан чиқиш учун минтақа бўйича комплекс тизим дастури ишлаб чиқилиши керак, барча ресурслардан фойдаланиш керак. Қамбар-Ота ГЭСини биргаликда қуриш режалари мисолида гидротехника салоҳиятини амалга ошириш, "Марказий Осиё - Центр" газ қувури орқали Россиядан газ етказиб бериш.
Шунингдек узоқ муддатли энергия манбаалари - Марказий Осиёда камида иккита катта қувватли ва бир неча кичик АЭС қуриш керак. "Яшил энергетика" имкониятларидан ҳам тўлақонли фойдаланиш керак", - дейди Притчин.
Россиялик мутахассис фикрига кўра, республикалардаги уран заҳиралари ва "Росатом" билан ҳамкорлик келгусида АЭС соҳасида муваффақиятли ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини яратади.
"Атом қўрқуви" ҳақида
Марказий осиёнинг барча республикалар аҳолиси орасида атом энергетикасидан фойдаланишда маълум даражада хавотир ҳам бор.
Хусусан, Қирғизистонда 2019 йилда “уран, торий конларини қидириш ва уларни геологик ўрганиш билан боғлиқ фаолиятни тақиқлаш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Уран қазиб олиш ва қазиб олишни тақиқлаш фуқаролик фаоллари ва жамоатчиликнинг Қизил-Омпол (Иссиқкўл вилояти) уран конида иш олиб борилаётганидан норозилигидан кейин қабул қилинди.
Қозоғистонда аҳолининг маълум бир қисми ҳам атом мавзусига салбий муносабатда - Совет даврида мамлакатда Семипалатинскдаги ядро полигони узоқ вақт ишлаган, у ерда атом бомбалари синовдан ўтказилган. 1991 йил августидан бери у бутунлай ёпилган.
Ўзбекистонда АЭС қурилишига кучли қаршилик кўрсатаётганлар йўқ ва аҳоли ҳукуматнинг атом энергетикасини ривожлантириш йўналишини қўллаб-қувватламоқда. Аммо Тошкент АЭС қуриш ниятини энди эълон қилганида, қўшни Қозоғистон экологлари бунга қарши чиқди. Ўзбекистон Республикаси ҳукумати қурилиш барча хавфсизлик талабларига риоя қилган ҳолда ва Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) назорати остида амалга оширилишини таъкидлаб келмоқда.
"Ma'no" тадқиқот ташаббуслари маркази директори Бахтиёр Эргашев АЭС хавфсизлиги масалалари доимо долзарб бўлиб келганини таъкидлади.
"Одамларда нима учун радиофобия борлиги ва нима учун улар хавфсизлик ҳақида сўраши тушунарли. Ҳар бир инсоннинг кўз ўнгида атом электр станцияларидаги авария мисоли бор. Биз ҳаммамиз Чернобил фожиаси ҳақида биламиз, ўтган асрнинг 70 йилларида содир бўлган жуда жиддий авариялар ҳақида биламиз. Америка Қўшма Штатларида, Японияда ... Лекин шуни айтмоқчиманки, бундай фалокатларнинг ҳар бири энг яхши мутахассислар томонидан "лупа остида" ўрганилади, сўнгра заифликларни бартараф этиш бўйича ечимлар ишлаб чиқилади ва булажак АЭСларда қўлланилади", - деди эксперт.
Шундай қилиб, унинг таъкидлашича, Чернобил фожиасидан сўнг барча ишлайдиган ва режалаштирилаётган атом электр станцияларининг хавфсизлик тизимига жуда жиддий ўзгаришлар киритилди. 2011 йилги Фукусима фожиаси эса МАГАТЭни "Фукусимадан кейинги хавфсизлик талаблари"ни ишлаб чиқишга олиб келди.
“Шу сабабли ҳам, менимча, бу сабоқлардан сўнг атом электр станциялари ҳар сафар аҳоли ва атроф-муҳит учун хавфсизроқ тизимга айланиб бормоқда”, — дея хулоса қилди Эргашев.
Хулоса ўрнида
Бугунги кунда электр энергияси - бу иқтисод ва саноатни ҳаракатлантирувчи энг асосий энергия манбаи десак ҳато бўлмайди. Жаҳонда ишончли энергия манбаига эга бўлмасдан туриб, саноат ва иқтисодни ривожлантира олган бирорта ҳам давлатни кўрмаймиз.
Хусусан, энг ривожланган ва энг тез ривожланиб бораётган давлатлар бир вақтнинг ўзида энг кўп электр энерегияси генерация қилувчи давлатлар ҳамдир:
Хитой - 7779 ТВт/с (Террават соат), АҚШ - 4284 ТВт/с, Ҳиндистон 1563 ТВт/с, Россия - 1085 ТВт/с, Япония - 997 ТВт/с, Канада - 649 ТВт/с, Бразилия - 621 ТВт/с, Жанубий Корея - 575 ТВт/с, Германи - 573 ТВт/с, Франция - 523 ТВт/с.
Ушбу давлатлар энергия генерациясида АЭСлар салмоқли ўринга эга:
АҚШ - 99та реактор йилига 805, млрд.кВт (умумий генерациядан~20%)
Франция - 58 та реактор йилига 395 млрд.кВт (~72%)
Хитой - 46та реактор йилига 277 млрд.кВт (~4,2%)
Россия - 37та реактор йилига 191 млрд.кВт (~18%)
Япония - 33та реактор
Жанубий Корея - 24 та реактор йилига 127 млрд.кВт (24%)
Канада - 19та реактор йилига 94 млрд.кВт (~15%)
Германия - 7та реактор йилига 71 млрд.кВт (~12%)
Sputnik Қирғизистон муаллифи Таалайбек Ороскулов мақоласи асосида тайёрланди.