2022 йилда қабул қилинган энг муҳим 10 та қонун

© fotoliaСимволы закона и правосудия
Символы закона и правосудия - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 28.12.2022
Oбуна бўлиш
Sputnik мухбири йил давомида қабул қилинган энг муҳим 10 та қонун билан кучга кирган ўзгаришларни жамлади.
Якунига етаётган 2022 йил Ўзбекистон қонунчилигида қатор муҳим ҳуқуқий ҳужжатлар билан ёдда қолмоқда. Янги меҳнат кодекси, инсон аъзолари трансплантацияси, ер участкаларини компенсация эвазига олиб қўйиш тўғрисидаги қонунлар шулар жумласидан.
Sputnik йил давомида қабул қилинган энг муҳим 10 та қонун ҳақида ҳикоя қилади.

1. Тергов жараёнида шахс қадр-қиммати камситилса, унга етказилган зарарни давлат тўлаб беради

2022 йилнинг 29 мартида “Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига қийноққа солишдан жабрланганларга етказилган зарарни қоплаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Мазкур қонун билан Фуқаролик кодексига киритилган қўшимчага кўра, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суд томонидан шахсга нисбатан ҳар қандай қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш натижасида етказилган зарар давлат томонидан тўла ҳажмда қоплаб берилиши белгилаб қўйилди.

2. “Киберхавфсизлик тўғрисида”ги қонун

Қонунда қуйидаги тушунчалар фойдаланилади: кибержиноятчилик, кибермакон, кибертаҳдид, киберхавфсизлик, киберҳимоя, киберҳужум. Қонун 8-боб ва 40-моддадан иборат.
Шунингдек, киберхавфсизликни таъминлашнинг қуйидаги асосий принциплари белгиланган:
қонунийлик;
кибермаконда шахс, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишнинг устуворлиги;
киберхавфсизлик соҳасини тартибга солишга нисбатан ягона ёндашув;
киберхавфсизлик тизимини яратишда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирокининг устуворлиги;
Ўзбекистон Республикасининг киберхавфсизликни таъминлашда халқаро ҳамкорлик учун очиқлиги.
Киберхавфсизлик соҳасидаги ягона давлат сиёсатини Ўзбекистон президенти белгилайди. Ўз навбатида, Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати киберхавфсизлик соҳасидаги ваколатли давлат органидир.
Киберхавфсизлик субъектлари томонидан киберхавфсизлик ҳодисаларига нисбатан чоралар кўриш қуйидаги шаклларда амалга оширилиши мумкин:
дастурий таъминотдаги ва қурилмалардаги заифликларни ҳамда хатоликларни бартараф этиш;
зарарли дастурларни йўқ қилиш, уларнинг тарқалишини чеклаш, киберҳужумлар манбаини техник жиҳатдан чеклаш;
ахборотлаштириш объектларини мавжуд кибертаҳдидлардан ажратиб қўйиш;
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга киберхавфсизлик ҳодисалари тўғрисида маълумотлар тақдим этиш.
Сенат отклонил закон, подготовленный МВД - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 27.12.2022
Жиддий қайта кўришга муҳтож – Сенат ИИВ тайёрлаган қонунни рад этди

3. “Реклама тўғрисида”ги қонун

Қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган қонун билан қуйидагилар тақиқланди:
она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотларни реклама қилиш;
нархларни (тарифларни) чет эл валютасида кўрсатиш;
болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда ахборот маҳсулотини ёш таснифини кўрсатмасдан реклама қилиш;
миллий ва оилавий анъаналарга, шунингдек ахлоқ ва маънавиятнинг умум қабул қилинган нормаларига зид бўлган шакллар, иборалар ва образлардан фойдаланиш;
энергетик ичимликларнинг рекламасини соат 7:00 дан соат 22:00 гача телевидение ва радио орқали реклама қилиш;
тамаки маҳсулотларини ҳамда тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламаларини реклама қилиш.
Янгиланган “Реклама тили” моддасига кўра, аввалгидек, рўйхатдан ўтган товар белгилари ва хизмат кўрсатиш белгилари ҳамда логотиплар асл тилда кўрсатилиши мумкин. Рекламанинг ўзи давлат тилида тарқатилиши шарт.
Телеканаллар эфирида, теле-, видео-, кинохроникали дастурларда тарқатилаётган рекламанинг умумий давомийлиги кўрсатув вақтининг 1 соати давомида 20 фоиздан, бироқ бир суткада кўрсатув вақтининг 15 фоизидан ошиши мумкин эмас. Ушбу талаб фақат реклама теледастурларига ихтисослаштирилган телеканалларга нисбатан татбиқ этилмайди. Давомийлиги 10 дақиқадан кам бўлган телекўрсатувларни реклама билан узиб қўйиш ва реклама билан бирга намойиш этиш тақиқланди.

4. “Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида”ги қонун

Қонунга мувофиқ, инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини реципиентларга трансплантация қилиш инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг трансплантацияси зарурлиги тўғрисидаги тиббий хулоса асосида амалга оширилади.
Қонунга кўра, инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини унинг мурдасидан олишга унинг тириклик чоғидаги нотариал тартибда тасдиқланган ёзма розилиги мавжуд бўлса, йўл қўйилади. Тирик донорни ундан аъзосини ва (ёки) тўқималарини олиш учун розилик беришга мажбурлаш тақиқланади.
Шунингдек, Ўзбекистон фуқароси чет давлат фуқароси бўлган реципиент учун донор бўлиши мумкин эмас. Трансплантация қилинадиган инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқиш тақиқланади.
Қуйидагиларга нисбатан инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини олишга йўл қўйилмайди:
18 ёшга тўлмаган шахсларга (бундан суяк илигини трансплантация қилиш ҳоллари мустасно);
белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсларга, шунингдек руҳий ҳолатнинг бузилишларига (руҳий касалликларга) чалинган шахсларга;
қамоқда ёки озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларга;
I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга;
ҳомиладор аёлларга;
шахси аниқланмаган шахсларга;
муайян яшаш жойи бўлмаган шахсларга;
“Меҳрибонлик”, “Саховат” ва “Мурувват” уйларида яшовчи шахсларга;
аъзоси ва (ёки) тўқималари илгари трансплантация учун олинган шахсларга.

5. “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун

Қонунда жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган ер участкаси ёки унинг бир қисми жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши ҳамда ушбу ер участкаси, унда жойлашган кўчмас мулк объектлари учун компенсация бериш тартиб-таомиллари белгиланди.
Қонунда ер участкаларининг компенсация эвазига олиб қўйилишига асос бўладиган ҳолатларнинг рўйхати аниқ қилиб кўрсатилган. Ер участкаларининг ҳар қандай бошқа мақсадларда олиб қўйилишини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш сифатида талқин этиш қатъиян таъқиқланди.
Шунингдек, бузилишга тушган ҳудудда жойлашган ерга бўлган ҳуқуқ мавжуд бўлмай туриб, 15 йил давомида кўчмас мулкка ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилиб келган шахсларга ҳам ушбу кўчмас мулк объекти учун солиқлар тўлаб келингани тасдиқланган тақдирда, мазкур кўчмас мулк объекти қийматининг ўрни қопланиши қонунийлаштирилди.
Ер участкаси олиб қўйилганлиги муносабати билан ҳуқуқ эгасига ноқулайликлар келтириб чиқарилганлиги учун компенсация сифатида ер участкасида жойлашган кўчмас мулк бозор қийматининг 5 фоизи миқдорида бир мартали тўлов амалга оширилади.

6. “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун

Қонун билан давлат органларида фуқаролик хизматини ўташ тартиби, ушбу соҳадаги давлат бошқаруви, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми белгиланди.
Давлат хизматчиси тадбиркорлик билан шуғулланиши, уларнинг муассиси бўлиши, Ўзбекистондан ташқарида ҳисобварақлар очиши, чет элда кўчмас мулк олиши тақиқланди. Давлат хизматчиси даромадлари ва мол-мулки тўғрисида декларация бериши керак.
Шу билан бирга давлат хизматчисига ўз раҳбарининг ноқонуний топшириқ ва талабларини бажаришдан бош тортиш, коррупция ҳақида хабар берганда давлат ҳимоясида бўлиш ҳуқуқи берилди.
Давлат хизматига давлат тилини биладиган, тегишли малака талабларига жавоб берадиган Ўзбекистон фуқаролари қабул қилинади. Давлат хизматчилари учун 5 кунлик иш ҳафтаси ва ҳафтасига 40 соатдан ошмайдиган иш давомийлиги ҳамда 27 кундан кам бўлмаган йиллик асосий таътил белгиланди.
Давлат хизматчиларига ҳайфсан, жарима, ишдан бўшатиш билан бир қаторда малака даражасини пасайтириш ва лавозимини пасайтириш тарзидаги интизомий жазолар ҳам қўлланилади.

7. “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги қонун

Қонун билан кўчмас мулкнинг қандай турларига бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилиши белгилаб қўйилди. Ҳужжатга мувофиқ, ер участкалари, бинолар, иншоотлар, шу жумладан қурилиши тугалланмаган объектлар, кўп йиллик дов-дарахтлар, мулкий мажмуа сифатидаги корхонага нисбатан ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилади.
Кўчмас мулкка бўлган мулк, доимий эгалик қилиш, доимий фойдаланиш, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш, ижара, иккиламчи ижара, хўжалик юритиш, оператив бошқарув, кўчмас мулкни ишончли бошқариш, бепул фойдаланиш ҳуқуқлари, рента, ипотека, сервитут ҳамда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларга қўйилган чекловлар давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.
Кўчмас мулкнинг кадастр йиғмажилдини шакллантириш учун қуйидагилар асос бўлади:
ер участкаларининг белгиланганлиги (реализация қилинганлиги);
бинонинг, иншоотнинг қурилганлиги ва фойдаланишга топширилганлиги;
белгиланган тартибда ажратилган ер участкасида қурилиши тугалланмаган объектнинг мавжудлиги;
кўчмас мулкнинг бўлинганлиги;
кўчмас мулкнинг бирлаштирилганлиги.
Налоги - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 27.12.2022
Бир қатор туманларда ҳуқуқий эксперимент тариқасида “Маҳалла бюджети” тизими жорий этилади

8. “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси билан меҳнатга оид муносабатлар тартибга солинди, унга замон талабидан келиб чиққан ҳолда янги нормалар ҳам киритилди.
Кодексга кўра, меҳнат ҳуқуқларининг тенглиги, меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишни тақиқлаш, меҳнат эркинлиги ва мажбурий меҳнатни тақиқлаш, меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик, меҳнат ҳуқуқлари таъминланишининг ва меҳнат мажбуриятлари бажарилишининг кафолатланганлиги, ходимнинг ҳуқуқий ҳолати ёмонлашишига йўл қўйилмаслиги якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар ва улар билан бевосита боғлиқ ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг асосий принциплари этиб белгиланди.
Ҳужжатга мувофиқ, давлат аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатларни таъминлайди.
Кодексда меҳнат шартномасига айрим нормаларни киритиш тақиқланди, айрим тоифадаги аҳоли ишга киришда синов муддатидан озод қилинди, ишдан бўшатиш нафақаси ходимнинг стажига боғлаб қўйилди.
Шунингдек, ҳомиладор аёлларга қўшимча бўш кунлар берилиши, қонунийлашган масофадан ишлаш тартиби, оммавий ишдан бўшатиш мезонлари аниқлаштирилди.

9-10. Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара ҳамда Андижон сув омбори бўйича келишиб олди

30 ноябрь куни “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўртасида Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги Битимни (Бишкек, 2022 йил 3 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги Шартномани (Бишкек, 2022 йил 3 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонунлар тасдиқланди.
Чегара тўғрисидаги битимда ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг 35 та участкадаги умумий узунлиги 302,29 км бўлган чизиғи белгиланди. Келишувга кўра, Ўзбекистон 4485 гектар, Қирғизистон 19699 гектар ҳудудни олди.
Сув омбори тўғрисидаги битим билан чегарадаги узоқ йиллик низо ечимини топди. Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битим 11 та моддадан иборат. Унда Андижон сув омбори сув ресурсларини биргаликда бошқариш бўйича Қўшма комиссия (Ўзбекистондан – сув хўжалиги вазири) тузилди ва унинг фаолияти тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Битимга мувофиқ Ўзбекистон сув сатҳини 900 горизонталдан юқори бўлмаган сатҳда ушлаб туриш, Қирғизистон фуқароларининг сув омбори сувига эркин кириши ва ундан фойдаланишини таъминлаш, атрофида муҳандислик-техник иншоотларни ўрнатмаслик мажбуриятларини олди. Қирғизистон томони сувни муҳофаза қилиш зоналари ўрнатилиши, ундан фойдаланиш режимига риоя этилишини таъминлаш мажбуриятларини олди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон сув омборининг хавфсизлигини таъминлайди, эксплуатация қилади, техник хизмат кўрсатади, Қирғизистон томони билан келишилган лимитлар доирасида сув чиқаради.
Янгиликлар лентаси
0