Тошкентда Миллий чолғуларни ишлаб чиқариш созгарлар шаҳарчаси ташкил этилади

© © Sputnik / Амир ИсаевРемесленная ярмарка в Исмаилитском центре в Душанбе
Ремесленная ярмарка в Исмаилитском центре в Душанбе - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 06.09.2022
Oбуна бўлиш
Созгарлар шаҳарчасини барпо этиш учун республика бюджетидан 65 млрд сўм маблағ ажратилади.
ТОШКЕНТ, 6 сен — Sputnik. Тошкентда 2023 йилга қадар Миллий чолғуларни ишлаб чиқариш созгарлар шаҳарчаси ташкил этилади. Шаҳарчани ташкил этишга оид президент қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.
Қарор лойиҳаси моддий ва номоддий маданий мерос дурдоналарини сақлаш, миллий мусиқа чолғуларини оммалаштириш ва ишлаб чиқариш соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида ишлаб чиқилди.
Мазкур ҳужжат лойиҳасига кўра, созгарлар шаҳарчаси 2 гектар ер майдонида жойлашади.
Созгарлар шаҳарчасини барпо этиш учун республика бюджетидан 65 млрд сўм маблағ ажратилади.
Шаҳарчадан қуйидагилар жой олади:
Миллий чолғулар музейи;
Мусиқа чолғуларини ишлаб чиқариш цехлари, қуритиш хоналари, омбор хоналари ҳамда тайёр маҳсулотларни сотиш учун дўконлар;
“Ҳунарманд” уюшмасида рўйхатдан ўтган уста-ҳунармандлар учун яшаш хонадонлари.
Ҳужжат қабул қилинса созгарлар шаҳарчасида ўз фаолиятини олиб борувчи уста-ҳунармандларга ишлаб чиқарилган мусиқа чолғуларини тўғридан-тўғри шартнома асосида сотиш имконияти берилади.
Уста-ҳунармандлар учун мусиқа чолғуларини ишлаб чиқариш учун зарур бўладиган хом-ашёларни етиштириш мақсадида плантация ташкил этилади. Бунда “мусиқа боғидан – мусиқа чолғусигача” тамойили асосида кластер тизимини жорий қилинади.
Миллий мусиқа чолғуларини ишлаб чиқаришда хом-ашё сифатида ишлатиладиган ноёб дарахтлар турларини етиштириш учун Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидан 10 гектар ер майдони ажратилади.
Қолаверса, Ўзбекистон товар-хом ашё биржаси ҳамда миллий чолғулар ишлаб чиқарувчи созгар уста-ҳунармандлар иштирокида ҳар чоракда бир мартадан кооперацион савдолари ташкил этилади.
Маълумот учун, мазкур ҳужжатни ишлаб чиқишда таълим муассасалари ва ижодий жамоаларни сифатли мусиқа чолғулари билан таъминлашда етарлича имкониятлар мавжуд эмаслиги ҳам асос қилиб олинган.
Қайд этилишича, ҳунармандчилик маҳсулотлари учун янги бозорларни топиш борасида қўшимча чоралар кўриш ҳам талаб этилмоқда.
Янгиликлар лентаси
0