ТОШКЕНТ, 26 дек - Sputnik. Республика махсус комиссиясининг қарори билан жорий йил 21 - декабр санасидан 2021 йил 10 - январга қадар Буюк Британия, Италия, Германия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва Жанубий Африка Республикаси давлатлари билан халқаро авиарейслар (кириш, чиқиш ва транзит рейслар орқали республикага кириш) тўхтатилади.
Ушбу чора дунёдаги эпидемиологик вазиятнинг тезкор кескинлашуви шароитида мамлакатда эпидемиологик барқарорликни сақлаб қолиш, коронавирус инфекцияси тарқалишининг янги ўчоқлари пайдо бўлишига йўл қўймаслик мақсадида қабул қилинган.
Шу билан бирга, Буюк Британия, Италия, Германия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва Жанубий Африка Республикаси давлатлари фуқаролари, ушбу давлатларда доимий истиқомат қилувчи фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда сўнгги 14 кун давомида мазкур давлатларда бўлган учинчи давлат фуқаролари юқоридаги чеклов амал қилган давр мобайнида Ўзбекистон Республикасига киритилмаслиги белгиланди.
Шунингдек, сўнгги 14 кун давомида Буюк Британия, Италия, Германия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия мамлакатлари ва Жанубий Африка Республикасида бўлган ва учинчи давлатлар орқали Ўзбекистонга кириб келаётган Ўзбекистон фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар 14 кун давомида вақтинчалик карантинда сақлаш мажмуасида ёки ўз ҳисобидан тегишли меҳмонхонада карантинга олинади.
Мазкур жорий этилаётган чекловлар ушбу давлатлардаги эпидемиологик вазият барқарорлашгани сари босқичма-босқич бекор қилиб борилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк Британияда SARS-CoV-2 коронавирусининг янги мутацияси аниқлангани ҳақида маълум бўлган эди.
Британиянинг янги ва юзага келаётган респираторли вирус хавфлари бўйича маслаҳатлашув кенгаши мамлакатда аниқланган коронавируснинг янги тури катта тезликда тарқалаётгани ва аҳолидан янада кўпроқ эҳтиёткорликни талаб этишини маълум қилган эди. Айни вақтда олимлар вируснинг бу тури қанчалик ҳалокатлилигини аниқлаш учун тезкор тадқиқотларни ўтказишмоқда. Бу ҳақда Британия бош врачи Крис Уитти маълум қилган.